Суббота, 12.07.2025, 10:18
МАРҲАБО! Гость | RSS

Главная » 2024 » Февраль » 21 » “ТИЛ ҲАМ БИР ДАРАХТ...”
12:26
“ТИЛ ҲАМ БИР ДАРАХТ...”

“ТИЛ ҲАМ БИР ДАРАХТ...”
Аҳмад Аъзамнинг “Тил номуси” (Тошкент,
“Академнашр”, 2013) китобини ўқиб...

Таниқли адиб ва мунаққид Аҳмад Аъзам умрининг сўнгги палласида, ўзи эътироф этганидек, “дардда ётиб, дард билан” талай асарлар яратди. Ундан мерос қолган бадиий ва илмий бисотнинг тенг ярми ҳам ана шу 10 йил миёнасида қоғозга тушди, десак муболаға эмас. Аҳмад Аъзам ижодининг чўққиси бўлган “Рўё ёхуд Ғулистонга саёҳат” романи ҳам айни шу матонатли давр маҳсулидир. Қаламкаш “Ёшлик” журналида чоп этилган бир суҳбатида ҳаёт йўлининг сўнгги бекатидаги аҳвол-руҳиясини ифодалаб, “...ёзишнинг ўзидан катта гап йўқ мен учун”, деган эди. Бу сўзлар кўнглимдаги барча гапни тўкиб солиш учун вақтим ва кучим етармикан, деган ҳадикдаги ижодкорнинг изтиробли нидоси эди.
Ўша кезлари Аҳмад Аъзамнинг тилимизнинг бугунги аҳволи ҳақида куйинчаклик билан ёзилган мақолалари пайдар-пай матбуот юзини кўрди. Муаллифнинг гоҳ у, гоҳ бу газета-журналда босилган суҳбатларида гап бот-бот шу муаммо теграсида айлангани ҳам ёдимизда. Одамни бир савол безовта қилади: ажаб, тилни қурол этган саф-саф ёзувчию мунаққид ичида айнан Аҳмад Аъзам унинг соф¬лиги ва бойлиги учун бу қадар ёниб-куйганига сабаб нима? Эҳтимол, тақдир тақозосига кўра, тил бирмунча кўпроқ бузилган соҳалар — кино ва телевидениеда кўп йиллар хизмат қилгани сабабли бу таҳдидни бошқалардан аниқроқ ва теранроқ ҳис этгандир...
Мен Аҳмад Аъзамнинг тилимизга доир мақолаларини ўша кезлардаёқ газета-журналлардан битта қўймай ўқиб борганман. Бироқ улар китоб ҳолида жамланганда яна мутолаага эҳтиёж сездим. Чунки аввал мақолаларни танаффуслар билан ўқиган бўлсам, энди бирваракайига ўқиш имконияти туғилди. Зеро, бирваракайига ўқиганда қаламга олинган муаммо юзасидан янада аниқ ва изчил тушунча ҳосил бўлади кишида...
Аҳмад Аъзамнинг тил мавзуига бағишланган мақолаларида ҳам адиб, ҳам олим нигоҳи баб-баравар сезилиб туради. Муаллиф бугун тил тасарруфида ҳукм сураётган аҳволни рўйирост кўрсатиш, глобаллашув жараёни бу жаб¬ҳага солаётган таҳдидлардан огоҳлантириш, тилга азалий софлигию бойлигини қайтариш йўлларини таклиф этиш билангина кифояланиб қолмайди. Гарчи ўқувчи ақлига шу йўсин таъсир кўрсатиш унинг учун жуда муҳим бўлса-да, аммо сира етарли эмас. Муаллиф айни чоғда ўқувчи қалбига ҳам таъсир кўрсатишни кўзлайдики, бунга, асосан, самимияти эвазига эришади.
Хўш, Аҳмад Аъзамни тилимизнинг ҳозирги аҳволи юзасидан ташвишга солаётган муаммолар нима ўзи? Унинг фикрича, бу борадаги энг жиддий муаммо тилимизга уни ўз «она тили» деб ҳисоблагувчиларнинг шахсий, ички масъулияти, куюнчаклиги етишмаётганидир. Яъни, тилдан ҳар ким ўз хоҳишича истифода этаяпти ва бунда ҳеч қандай тўсиққа учраётгани йўқ. Бошқача айтганда, бирёқлама тил «демократия»си ҳукм сураяпти — эркинлик бор-у, аммо мажбурият йўқ. Ваҳоланки, тилнинг ҳам ижодкори, ҳам истеъмолчиси бўлган халқ ўз лисонини асло беэътибор қолдирмаслиги лозим. Зеро: “Тил ҳам мудом ўсадиган дарахт, уни парваришлаш керак, қарамаса¬нгиз, қийшиқ ўсади, ғовлаб кетади, бачки новдалари кўпаяди”.
Аҳмад Аъзам наздида, тилимиз дарахтини ғовлатаётган омиллардан бири — глобаллашув жараёнида тилимизга четки таъсир ортаётгани бўлиб, буни ҳатто рўйирост босқин дейиш ҳам мумкин. Табиийки, дарвозани ўйламай-нетмай катта очиб қўйсак, бегона сўзлар ҳам бемалол остона ҳатлаб, уй тўридан жой олаверади, ҳозиргиларни ўтирган ўрнидан суриб чиқараверади. Муаллиф чет тиллардан асло сўз қабул қилмаслик лозим, деган даъводан мутлақо йироқ, албатта. Бироқ у муайян нарса, ҳаракат ёки белгини ифодаловчи туб сўзлар бўла туриб, улар ўрнига чет сўзларни қўллашга қарши, холос! “Яқинда ов ҳақида яхши бир кўрсатув берилди, — дея телевидениедан мисол келтиради муаллиф. — Бир балиқчи йигит нуқул “сазан-сазан”лаб гапиради, денг. Ўзбекча “зоғорабалиқ”, “тангабалиқ” деган номлари эса ҳеч хаёлига келмайди. Бу, аслида, тил бузилиши, аммо шу қадар одатлашганки, гўё меъёрдек туюлади”.
Шу ўринда муаллиф ўқувчига бундай мурожаат этади: “Ўзингиз тилингизда қанча чет сўз борлигини бир чамалаб кўринг, бошингиз айланиб кетмаса мен тан. Чет атамаларни истифода қилсак, жуда маданиятли кўринамиз, шекилли-да. Аслида она тилига бунақа муносабатнинг ўзи катта маданиятсизлик!”. Муаллиф, ўз фикрига далил ўлароқ, шахсий автомобили бор одам унинг ойнадан ўзга барча узвларини чет сўзлар билан аташини шу қадар аниқ кўрсатадики, унга эътироз билдиролмай қоласиз. Ҳа-да, лоақал автомобил эшиги “ручка”сини “даста” десак нима қилади?!
Юқорида зикр этганимиз умумхалқ тили миқёсидаги бир фожеамиз бўлса, оммавий ахборот воситалари тилини ҳар ким ўз туману вилояти шевасига тортаётгани эса адабий тил миқёсидаги бошқа фожеамиздир. “Албатта, шевада гапирсинлар, тўйиб гаплашсинлар, зеро, шевалар тилнинг илдизлари, тўғрироғи, булоқлари, — дейди муаллиф бу борада ҳам мўътадилликка интилиб. — Лекин... ОАВ минбарига чиққан, кўпчиликка юзланган одам, агар ўзини ҳурмат қилса, марҳамат қилиб адабий тилда гапирсин!”.
Тилимизнинг бугунги аҳволига доир яна бир муаммо шуки, шўро ҳокимияти фақат ягона туркий миллатни эмас, ягона туркий тилни ҳам бўлаклаб юборди. “Умумтуркий дарё ариқларга бўлиб ташлангани етмагандай, чиғатой тилини адабий тилга айлантиришда лексик бой имкониятлар яна ҳам торайтирилган, бугунги ўзбек адабий тилига асос қилиб қарлуқ-чигил шеваларигина олинган... Жуда катта ареал — қипчоқ лаҳжаси шеваларининг аксар бойликлари адабий тилга киритилмаган...”. Фақат шугина эмас, ўғиз лаҳжасининг шева бойликларидан ҳам жуда оз истифода этилган. Шу ўринда муаллиф Т.Нафасов, Б.Тўйчибоев, Қ.Қашқирли каби олимлар яратган “Қаш¬қадарё ўзбек халқ сўзлари”, “Зоминнинг тил қомуси” китобларига таяниб, биргина қипчоқ лаҳжаси адабий тилимизни лексик жиҳатдан бойитишда нақадар катта захирага эгалигини исботлаб беради. Чунончи, мазкур лаҳжа шеваларида тоғнинг баланд чўққиси аниқ ва лўнда қилиб “нурама” дейилади. “Нурама”нинг ўзи ҳам ўрни ва шаклига қараб, “қироқ”, “хорра”, “ҳуччи”, “сала” каби бир неча маънодошига эга. Қаранг, ростдан ҳам, нақадар ёмби ва дилга яқин сўзлар! Хўш, нега энди бу каби сўз¬ларни адабий тилга киритмаслик керак?!
Тилимиз истиқболи қандай бўлиши, шак-шубҳасиз, тил тарбиясига боғлиқдир. Бугуннинг боласи, асосан, телевизорга термулиб ёки компьютерни титкилаб вақт ўтказади. Ваҳоланки, муаллиф ҳаққоний таъкидлаганидек, ТВнинг тил “ҳаво”си жуда бузуқ. Чунки унинг тили, асл табиатига кўра, сунъий тилдир. Бу ҳақда Аҳмад Аъзам “Тил жозибаси телевидениеда йўқ”, деб ёзади қатъий оҳангда. Интернетдаги, унинг ижтимоий тармоқларидаги айрим матнлар тилини эса ҳатто ёввойи дейиш мумкин. Ушбу валдирашларга кўз югуртирган киши, ахир, оғзаки ва ёзма нутқ бошқа-бошқа ҳодисалар-ку, уларнинг ҳар бири ўз қонуниятларига эга-ку, бу икковидан “мошкичири” ясашга не ҳожат, деб юборади фиғони кўкка чиқиб.
Тилнинг бойлиги ва софлигига азал-азалдан халқ шоирлари-ю ёзувчилар посбон бўлиб келган. Шу боисдан тилнинг жозибаси, асосан, бадиий адабиётда, бадиий асарларда. Лекин бу ўринда гап китоб дўконларини тобора эгаллаб бораётган, “адабиётни эмас, бизнесни кўзлаган олди-қочди бежамалар” ҳақида кетаётгани йўқ. Гап том маънодаги сўз санъати маҳсуллари ҳақида бораётирки, улар гарчи озроқ бўлса-да, бугун ҳам яратилаяпти, аввал яратилгани-ку таг-туби йўқ хазина! Демак, ёшлар она тилимизни бекам-кўст эгаллашида асосий восита — ана шу китоблар, бадиий асарлардир. Қолоқликка йўйманг-у, ўғил-қизларимиз ўз вақтини, барибир, компьютердан кўра кўпроқ китобга сарфлагани маъқул. Қолаверса, луғатлар ҳам уларнинг жонига ора кириши шубҳасиз. Аҳмад Аъзам шу муносабат билан “Девони луғотит-турк” босилганига қанча бўлди, дея савол қўяди. “1960 йили экан, эллик йил бўлибди”, дея таассуф билдиради сўнг. “Санглоҳ”, “Абушқа”, “Ғиёс ул-луғот”, “Луғати чиғатойи” каби тилимиз хазинаю сафиналари нимага нашр этилмайди?” дея баттар куюнади у. Ортидан ўз фикрини бундай давом эттириб, қуйидаги хулосага келади: “Ҳали-ҳануз халқ оғзаки ижоди, достонларимиз луғати йўқ. Шева, шевалараро луғатлар яратилмаяпти, яратилаётган бўлса-да, дунё юзини кўрганича йўқ. Туркий тилларнинг қиёсий, солиштирма, аралаш луғатлари йўқ. Буларсиз она тилимизга қандай яқинлашамиз?.. Албатта, олма пиш — оғзимга туш эмас, уларни излаш, устида ишлаш керак”. Бу оғир юкка, энг аввало, тилшунослар елка тутмоғи даркор, албатта.
Китобни мутолаа қилар эканмиз, Аҳмад Аъзамнинг ушбу хитобига қалбан хайрхоҳлик туямиз: “Агар тилни қўриқлаш, унинг обрўсини жойига қўйиш, янги мартабаларга кўтариш эҳтиёжи бўлмаганда, вазири аъзамликнинг мингта, шеъриятнинг юз минг¬та ишидан вақт ажратиб, форсу арабий тилларни сув қилиб ичган ҳазрат Навоий бобомиз туркий тил шаън-шавкати борасида “Муҳокамат ул-луғатайн”ни ёзмаган бўлар эдилар. Керак экан, она тилини қўриқлаш, босқинлардан ҳи¬моялаш ва ўстириш учун фидойиликлар қилинган”. Бунга ҳар биримиз ибрат назари билан боқсак, қандай соз иш бўларди. Зеро, тил номусини асраш ориятли элга ҳам қарз, ҳам фарздир.

Матлубахон РАҲИМОВА,
Тошкент маданият
коллежи ўқитувчиси

Просмотров: 148 | Добавил: яргаллык | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Имя *:
Email *:
Код *:
Поиск
Вход на сайт
Календарь
«  Февраль 2024  »
Пн Вт Ср Чт Пт Сб Вс
   1234
567891011
12131415161718
19202122232425
26272829
Наш опрос
Оцените мой сайт
Всего ответов: 17
Статистика

Онлайн всего: 13
Гостей: 13
Пользователей: 0