 |
Негадир, бугун Бойтўра ака эрталаб хабар олишга келмади. Кеча оқшом чап билагим оғрияпти деганди. Мазаси қочмадимикин, ишқилиб, деб кун бўйи ўйланиб ўтирдим. Оқшом қўнаётган кезлардагина кимгадир баланд-баланд овозда гапиргани эшитилиб, бироздан сўнг ўзи ҳам кириб келди. Икки юзи, айниқса, ёноқлари қип-қизил эди. Худди иссиғи баланд одамга ўхшарди.
-Ҳа, тинчликми, ака?
-Бир-икки жойда ишим бориди, ўшани саранжомладим. Сўнгра асаларичиларга учраб, қўлимни арига чақдириб келаяпман.
-Юзингизга қараб, мазангиз қочдими деб ўйлабман.
-Арига чақтирганда ўзи шундай бўлади. Эртагача оғриқ ҳам қолади, қизиллик ҳам йўқолади...
Шу гап баҳона, Бойтўра ака билан табиат ва табиий даволаниш тўғрисида гурунглашиб кетдик. Гап орасида у ҳовли четидаги пастаккина майда баргли ўсимликни кўрсатиб, сўради:
-Ҳов, анави ўсимликни кўраяпсизми?
-Кўримсизгина экан.
-Шундай бўлгани билан унинг давоси зўр. Маҳаллий тилда "Мушша", илмийчасига "Учқат" дейдилар, бу ўсимликни. Унинг баргидан тайёрланган дамлама кучли шамоллашда ўта фойдали бўлади. Ана энди новда ва бутоқларини олинг. То қиём бўлиб, елим ҳолига келгунча обдан қайнатиб, баданга суртсангиз, тамом. Жуда тез фурсатда бадандаги заҳарларни суғуриб олади. Бирор нарсадан заҳарланганда, айниқса, илон чаққанда жуда фойдали.
-Доривор ўсимлик ва гиёҳлардан тўғри фойдаланишда қайси жиҳатларига эътибор бериш керак?
-Бу ҳақда гапираверсам, тонг отиб кетади. Ундан кейин сиз қайси гиёҳ нимага фойдалигини билмайсиз. Яхшиси, бир нарсани тушунтириб қўяй. Сариқ гуллайдиган ўсимликлар иссиқлик, оқ гуллайдиганлари совуқлик бўлади.
-Бир ўсимлик ҳақида кимдан сўрашни билмай юргандим. Балки, сиз биларсиз?
-Қандай ўсимлик экан, у?
-Ўзидан қандайдир ёруғлик чиқарар экан-ку?
-Э, ҳа. "Ўлмас ўт" денг. Биламан.
-Демак, шундай ўсимлик бор экан-да?
-Бор. Томири худди одам шаклига ўхшаб кетади. Қисқаси, женшень-да.
-Шу ўсимликни ҳеч кўрганмисиз?
-Бу ҳақда кексалардан кўп эшитганман. Ўзим эса гуллаганини кўрганман.
-Айтишларича, шу ўсимликни юлган одам ўлармиш?
-Мен ҳам эшитганман. Бир юзу беш ёшга кириб "ёшгина кетган" Маматқул бобом билан узоқ йиллар чўпонлик қилган Нурмат бобо бу тўғрида кўп гурунглашарди...
Бойтўра ака чойнакдаги хушбўй гиёҳлар солинган чойдан қуйиб узатди. Мазаси ва ҳиди жуда ёқимли чойни ҳузур қилиб ҳўплай-ҳўплай гурунгнинг давомини эшита бошладим.
-Бир гал денг, ўша ўрмон қўриқчиси бўлиб ишлаб юрган пайтимда "Ўлимаҳмадсой"да мол боқиб юрган чўпонларнинг қўналғасида ётиб қолдим. Алламаҳалда чўпонлардан бири ваҳима кўтариб қолди. Ўрнимиздан туриб қарасак, "Ўлимаҳмадсой" дарасининг ичкарисида иккита "ёниқ кўз" турибди. Чўпонлар "ўлдик, илоннинг каттаси-аждар кўзи ёниб келаяпти!" деб қўрқа бошлашди. Дарров "карабин"ни шайладим. Ҳаммамиз узала тушиб ётиб олдик. Бир маҳал қарасам, "олов кўз"лар кўпайиб бораяпти. Жойлашиши ҳам турлича. Биноклга ёпишдим. Шунча синчиклаб қарамайин, на илону, на аждардан дарак бор. Нур паст ўсаётган ўт-ўланлар орасидан таралаяпти. Ҳадемай, ўн битта жойда шундай нур кўрина бошлади. Дарров ёдимга тушди. Бу ерда "Ўлмас ўт" гуллаяпти. Агар шу тахминим рост бўлса, икки соатда бу нурлар сўниши керак. Фонарни ёқиб соатга термулиб ўтирдик, айтганимдай, тахминан икки соатларда нурлар бирин-кетин сўнди.-Ҳақиқатан ҳам бу ўсимлик икки соат гуллар экан ва шу давр мобайнида ўзидан фосфорга ўхшаб нур чиқараркан.
-Дарров ўша ёққа югуриб, ўсимлик жойини аниқлаб олмадингизми?
-Биринчидан, масофа сиз ўйлаганчалик яқин эмасди. Етиб боролмасдим. Иккинчидан, бунинг айнан "Ўлмас ўт" эканлигини тушунгунча ҳам анча вақт йўқотганимизни унутманг.Учинчидан, бу ўтни узган ўлади, деган гапни мен ҳам эшитгандим, ҳали узиш усулини билмасдим.
-Хўш, кейинчалик аниқладингизми?
-Ҳа, кексаларни кўп гурунгга солдим. Аста-секин усулини ҳам билиб олдим. Биласизми, қадимда бу ўсимликни топганлар нима қилишган?
-Йўқ, билмайман.
- Агар биров-ярим "Ўлмас ўт"нинг гуллаётган пайтини кўриб қолса, дарров эҳтиётлик билан бориб, атрофини тош билан ўраб, жойни аниқ қилиб қўйган. Эртасига эса кўпайлашиб ўша ёққа така олиб боришган. Ўсимликка зарар етказмай, ўта эҳтиёткорлик билан ингичкагина чизимчанинг бир учини ўсимликка боғлашган. Ипнинг иккинчи учини эса такага боғлаб, такани ҳайдаб, сакратишган. Така ўсимликни томири билан юлиб олган-у, ўзи ўлиб қолган экан. Шундан сўнггина одамлар бу нодир ўсимлик томирларини олишган.
- Сиз ўзингиз шунга ишонасизми?
- Энди-и-и... ҳар қандай ривоят тагида озгина бўлса-да, ҳақиқат ётади. Қолаверса, мен бу ўсимликнинг гуллаганини кўрдим. Ундан ташқари, билмасдан "Ўлмас ўт"ни еб қўйган отнинг жойида тил тортмай ўлганини ўз кўзим билан кўрганман.
-Йўғ-е, отни ўлдирадиган даражада кучлими,бу ўсимлик?
-Ҳамма гап ундан бирор заҳарли ҳид таралиб туришида ёки баргида заҳарли модда бўлишида бўлса керак-да. Ахир, илоннинг ҳам заҳри бош қисмидагина бўлади-ку! Сиз билмайсиз, кузатмагансиз. Барча ҳайвонлар ўзига керакли ўтларнигина териб ейди. От жонивор эса ундай қилмайди. Баравар еб етаверади. Ҳалиги мен айтган от шу феъли билан "Ўлмас ўт"ни чимдиб, еган бўлса керак. Акс ҳолда бирдан гурсиллаб йиқилиб, жон бермасди...
Танишганимиздан буён Бойтўра ака биринчи бор жиддий хаёлга чўмиб қолди. Анчагача индамай хўриллатиб чой ҳўплаб ўтирди. Сўнгра, худди ўзига-ўзи гапираётгандай, паст оҳангда деди:
-Табиат аслида сирлар сандиғи. Унда ҳеч нарса ўз-ўзича содир бўлмайди. Буни тушунган, асл табиат билан ёнма-ён яшайдиганлар асло ёлғон сўзламайди. Бўлар-бўлмас ривоятлар тўқимайди. Бир умр ўрмону тоғ-тош кезиб, жонзоту гиёҳлар билан тиллашиб юриб, бир улуғ ҳикматни англагандай бўлдим. Аслида инсонни ҳам, табиатни ҳам Аллоҳнинг ўзи чеварлик билан яратиб қўйибди. Ҳар бирининг ризқини бериб, тақсимлаб қўйган ҳам шу, Яратганнинг ўзи. Шундай экан, табиатга зарар келтириш, уни топташ, бойлик орттириш ёки кўнгилхушлик манбаига айлантириш-Аллоҳга шак келтириш билан баравар. Бу, энди, қодир Эгамнинг ишларига аралашиш билан тенг. Бу эса катта гуноҳ, кечириб бўлмайдиган гуноҳ...
Афсус, Бойтўра ака билан ҳали кўп гурунглар қилишимиз, мароқли ҳикоялар тинглашимиз мумкин эди. Лекин бир тасодиф /тоғликлар учун бу одатий ҳол/ туфайли сафарим эрта "қариди".
Ўша куни тушга яқин оёғимнинг чигилини ёзай, муздек булоқ сувидан ичай деб, жийдалар қатори оралаб юриб кетдим. Кутилмаганда йўғонлиги билакдай келадиган эчкиэмар дарахтдан шундоққина оёғим тагига ўзини "таппа" ташлади. Қўрққанимдан юрагим товонимга уриб кетди. Тилим танглайимга ёпишиб қолди. Бақиришни-да, эплай олмадим. Ёмон қўрққан эканман. Қичқирай десам, овозим чиқмайди. Оғзимни "каппа-каппа" очганча, нуқул иккала қўлимни қанот мисол салтанглатаман, холос. Менга бир гап бўлганини сезди, шекилли, Бойтўра аканинг катта ўғли бел ушлаганча ёнимга югуриб келди. Эчкиэмар бу пайтда аллақачон жуфтакни ростлаб бўлганди. Фақат мен турган жойимдан қимирлай олмаётган эдим. Хуллас, ёмон қўрққан эканман, ҳаллослаб етиб келган Бойтўра ака қанча тинчлантириб, тушунтирмасин, барибир, жўнаш тараддудига тушиб қолдим.
... Тонг эндигина оқариб келаётган пайтда "Хўжанқо-Термиз" йўналишида қатнайдиган эскигина автобусда қунишиб ўтирганча йўлга тушдим. Автобус қишлоқдан йироқлаша бошлагач, ортга бурилиб қарадим. Кўкиш ғуборга чўлғанган чўққи ва қоялар мағрур эди. Атроф-олам ажиб бир сокинлик оғушида. Бу жимликни фақатгина автобуснинг ғашга тегар даражада ёқимсиз "қар-қар"лашигина бузиб турибди.
Ҳа, шу тоғ пойида, аниқроғи, тоғ тўшида неча-неча замонлардан буён одамлар яшайди. Тирикчилик илинжида куйманади. Назаримда, уларнинг тақдири, борлиғи, ўзлиги, ҳатто кайфият ва ўй-хаёллари ҳам табиат билан уйғунлашиб кетгандай. Эрта тонгданоқ автобусни тирбанд қилиб, шаҳар сари ошиқаётган одамлар руҳиятидаги тетиклик, кайфиятидаги кўтаринкилик, шодон-шўх ҳазиллар, баъзан қочиримларга мойил гурунглар ана шундан далолат бериб турибди. Чунки ҳаётидан, турмуш шароитларидан, ўзи яшаётган гўша қулайликларидан мамнунларгина мана шундай қувноқ ва дилкаш бўла оладилар.
Шуларни хаёлдан ўтказар эканман, табиат деса жонини беришга тайёр, оқ-қизғиш юзлари таранг ва тиниқ, қош-кўзларидан ҳали йигитликнинг таровати йўқолмаган, чиройли кузалган мўйлови ярашиқли, ҳаракатлари чаққон, ўктам-ўктам сўзловчи бағри кенг инсон-Бойтўра аканинг кулиб турган чеҳраси кўз ўнгимда яна бир бор намоён бўлди. Ажаб, мен-атиги бир бор нотаниш жонзотга дуч келиб, юраги така-пука бўлган "шаҳарлик олифта" бутун умри тоғу тошларни, боягидай жониворларни қўриқлаб, авайлаб-асраб ўтаётган бу инсонни унута олармикинман? Умуман, бу масканларни макон тутган, тоғу тошлар орасида ҳам азиз умрини эъзозлашаётган, ҳар қадамда табиат мўъжизаларига дуч келаётган инсонларни-шундоққина тоғ тўшида яшаётган одамларни унутиб бўлармикин...
Тўра ҚОБИЛОВ,
журналист
|