Четверг, 28.08.2025, 04:47
МАРҲАБО! Гость | RSS

Блог

Главная » 2014 » Апрель » 28 » Буюрмаган бойлик
21:01
Буюрмаган бойлик

Буюрмаган бойлик

 

(Ҳикоя)

Эва-Лис Варио

Икки нарса аниқ эди. Безил амаки — бой, Безил амаки — қашшоқ.

Бутун оиладагиларнинг фикри шундай. Улар пулга муҳтож бўлган пайтларда у ҳақда дунёдаги барча ҳақоратли сўзларни ишлатишарди. Ювош Клотилда ҳам бўйнидаги дури эскириб қолгани учун янгисини сотиб олишни истаган куни уни оддийгина қилиб «қурумсоқ Безил»­ деб ата-ди. Насияга келган «Астон Мартини»ни уриб олган Персивал Безил амакини қоқсуяк, қашшоқ, зиқна, ярамас ва шу каби бир қатор «безакдор» сўзлар билан таърифлади. Қолганлар ҳам у ҳақда луғатда бор-йўқ сўзларни ишлатиб бўлишганди.

«Шунча пули бор одам бунчалик зиқна бўлмаслиги керак», — деди Персивалнинг онаси. — Лекин у ҳақда ёмон сўз айтма. Қулоғига етиб бориши мумкин». «У бойлигини қабрига олиб кетолмайди, — деди Персивалнинг опаси соч­ларини тараркан. — «Мен янги мўйна пальто сотиб олиш учун пул сўрагандим, у «Пальтони нима қиласан? Ҳозир ёз-ку?», деди. У — хасис.

«У бойлигини қабрига олиб кетолмайди» деган сўзлар Безил амакининг олдида ҳам тез-тез айтиладиган бўлиб қолганди.

«Бунча бойликни қабрингизга олиб кетарми­дингиз, Безил амаки?», дейишарди улар. «Нега шаҳар четидан кенг ҳовли олиб яшамайсиз? Биз меҳмон бўлиб борардик. Қандай зўр бўларди?! Бойлигингизни нариги дунёга олиб кетолмаслигингизни ўзингиз ҳам биласиз-ку».

Безил амаки ўзини қулоғи оғир одамдек тутса-да, уларнинг барча сўзларини эшитарди. У ўзининг қизғанчиқ, хасис, зиқна, ярамас, бир чақа устида тик турадиган, бойликка ўч, емай тўп-лайдиган одам эканини билиб олганди. У бундан ҳам баттарроқ сўзларни эшитганди. Барибир, парвойи фалак эди. Фақат «У бойлигини қабрига олиб кетолмайди» деган сўзлар унинг асабини бузарди.

У Трансваалда олтин топилган пайтда ўша ерга бориб бойиб кетганди. Одамлар унинг роҳатда яшаш учун анча қариб қолганлигини айтишарди. Улар нимани ҳам билишарди? У ҳаммага «йўқ» деб роҳат қиларди. «Одамлар цирк­даги ҳайвонларга ўхшашади, — ўйлаб қоларди у кўпинча. — Уларнинг минглаб талаб-истаклари олдида бош­қа нарсаларнинг қадри йўқ».

У фақат бир марта «хўп» деганди. Ўшанда, синглиси ундан ақли ноқисроқ ўғли Вернерни ўз ёнига олишни сўраганди. «У сенинг ёрдамчинг бўлади», деганди синглиси Мауд. Вернер унга барча ишларда ёрдам бермаса-да, ҳар қалай Безил амакининг дастё­ри сифатида унинг ёнида юрганидан хурсанд эди.

Безил амаки бойлигига номутаносиб одмигина уйда яшарди. Вернер ҳовлидаги дарахтларга қарар, тамаки дўконидан қоғоз олиб келар, бўш пайтларида эса тирноқларини текислаб ўтирарди. У Безил амакига «Сиз бойлигингизни нариги дунёга олиб кетолмайсиз», демасди, чунки унга бойликнинг қизиғи йўқ эди.

Безил амаки Вернердан ҳамкорлари, банк ва шу каби ишларга хат ташувчи сифатида ҳам фойдаланар, зеро, у почтага ҳам, телефонга ҳам ишонмасди. Вернер қалин хатжилдларни у ёқдан-бу ёққа ташиб ўрганиб қолган, уларнинг ичида нима борлигига қизиқиб ҳам кўрмасди. Безил амакининг адвокати, ҳисобчилари ва банк ходимлари ҳам бу кишининг антиқа иш усулига кўникиб қолишганди. Бойлар ўзлари истаганларидек иш қилиш-лари мумкин.

Безил амакининг яна бир антиқа иши шу бўлдики, у соппа-соғ юрган пайтидаёқ Вернер билан дурадгорлик дўконига борди ва

 ўзи учун тобут ясашга буюртма берди.

 У тобутнинг каттароқ бўлишини айтди. Ёши Безил амаки билан тенг бўлган дурадгор унга нархи арзонроқ, рандаланмаган тобут ясаб берадиган бўлди. Рандалангани икки баробар қиммат эди-да.

«Ўзим рандалаб оламан», деди, — Безил амаки. — «Қолаверса, ҳали вақтим кўп. Мен эртага ўлмоқчи эмасман. Унда уйдагилар хурсанд бўлиб кетишади. Мен роҳатланишни ёқтираман».

Бир куни эрталаб у Вернерни адвокати олдига жўнатди. Буни эшитиши билан бутун оиладагилар Безил амаки пулини кимга васият қилиб қолдириши тўғрисида можаро бошлашди. У бу ҳақда кейинроқ айтишини билдирди. «Бу ҳақда бошқа сўз очманглар», деди у.

Бу воқеа уй бекаси эрталаб чой келтираётиб, Безил амакининг абадий уйқуга кетганини кўришидан ўн йил илгари бўлганди. Ўтган ўн йил давомида у роҳатланиб яшади. Оиладагилар уни безовта қилишмади, унинг сармояси тўхтовсиз ўсиб борди.

Фақатгина доим пулга ўч Персивал унинг чойига заҳар солиб қўйишни ўйлаб юрар, фақатгина Безил амакининг ўлими унинг бу режасини тўхтатиб қолди. «Бахтли ўлим», дейишди бутун оиладагилар. «Қийналмасдан жон берибди».

Улар амакиларига қандай меҳрибон бўлишганини эслай бошлашди ва унинг меросига кўпроқ ким ҳақли экани ҳақида баҳс бошлаб юборишди. Ҳар бири ўзининг қандай меҳрибонликлар кўр-сатгани ва фақат ўзи меросга ҳақли эканини пеш қилишарди.

Улар адвокат билан маслаҳатлашишди. У Безил амакининг васиятини айтди. Дафн маросими зудлик билан ўтказилди. Тобут уй ор­қасидаги боғда. Вернер унинг қаердалигини биларди.

«Бошқа ҳеч нарса демаганми?»

«Хўш, — деди адвокат, — у кўмиш маросимига шаҳардаги энг яхши дўкондан энг яхши маҳсулотларни сотиб олишларингни айтган. ўоз ва курка, мол ва қўй гўшти, вино ва вискилар олий сифатли бўлиши керак». Адвокат хонасида яна бир хатжилд борлигини, унда нима ёзилганини билмаслигини, дафн маросими тугагандан сўнг, уни очиб ўқиб беришини айтди.

Ҳамма қимматбаҳо қора кўйлак сотиб олди ва маросимга тайёргарлик қизиб кетди.

Фақатгина Вернер: «Безил амакига бошқа тобут сотиб олмайсизларми?» деди. Боғдаги тобут ёмғирда қолиб, бузилиб кетганди. Лекин унга ҳеч ким қулоқ солмади. Барибир ер остида қолиб кетадиган нарса, янги тобутнинг нима кераги бор?

Шундай қилиб, йиғи-сиғи билан Безил амакини кўмишди. Оиладагилар уй эгаси тарк этаётган кичкина уйга йиғилишди. Безил амаки Вернерга анчагина нақд пул берган ва уни қандай қилиб кўпайтириш мумкинлигини ўргатиб кетганди.

Улар Вернердан уй энди унинг номида эканини эшитиб ажабланишди, лекин ғазабланишмади. Безил амаки унга ҳам озроқ пул берган ва уни қандай ишлатишни ўргатганди. Оиладагилар Вернер шу пулга рози эканини эшитиб, енгил тортишди. Вернер кўп пул ушлаб ўрганмаган, кўп пулга муҳтож ҳам эмасди. Ниҳоят, адвокат хатжилдни очганида уйга жимжитлик чўкди. Унинг ичида Безил амаки ўз қўли билан битган атиги бир сатр гап ёзилган қоғоз бор эди: «Пулларимни ўзим билан олиб кетдим».

Бу қанақаси бўлди? Унинг миллион-миллион пули бор эди-ку?! Ҳа, дейишди, ҳисобчилар, банк ходимлари. Безил амаки ўтган ўн йил давомида бор бойлигини нақд пулга айлантириб кетганди. Лекин уларни нима қилган, буни ҳеч ким билмасди.

Бу ҳақда Вернердан сўраб кўриш ҳеч кимнинг хаёлига келмади. Вернер ўн йил давомида банкдан олиб келган ҳамма хатжилдларни Безил амакининг тобутига ёпиштириб чиққанди. Аввал у хатжилдларни тобутнинг ҳамма тарафига ва остига ёпиштирганди. Сўнгра эса Безил амаки буюрганидек, тобутга қалин матони майда мих билан қоқиб ташлаганди. Вернернинг мияси яхши ишламаса-да, қўл-оёғи чаққон эди.

У буюрилган ишни аъло даражада бажарганди.

 

Инглиз тилидан

Дилмурод АСҚАРОВ таржимаси

Просмотров: 772 | Добавил: яргаллык | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Имя *:
Email *:
Код *:
Вход на сайт
Поиск
Календарь
«  Апрель 2014  »
Пн Вт Ср Чт Пт Сб Вс
 123456
78910111213
14151617181920
21222324252627
282930
Наш опрос
Оцените мой сайт
Всего ответов: 17
Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0