1
Худоёр муаллим уйғонганида отаси аллақачон қўрадан бир қўзини ушлаб, машина юкхонасига солиб қўйганди. Муаллим юз-қўлини ювиб, машинани юргизди. Ота-бола маъракага етиб боришганда, одамлар гавжум, мулла қироат билан оят ўқир эди.
Йигитлардан бири қўзини етаклаб олиб кетди. Ота-бола дастурхон устида фотиҳага қўл очишди. Маърака эгаси эса ажабланиб Жонқувват бобога қаради. Буни сезган бобо кулимсиради:
— Ҳайрон бўлманг, Холбозоров. Сиз билмайсиз, раҳматли қайнотангиз Маматқобил бобо билан отам дўст бўлишган экан.
Афсуски, бобога элга тўй бериш насиб этмади. У киши қатағон йилларининг бегуноҳ қурбони бўлиб кетди. Отам ўлими олдидан менга шу қарзни бажаришни тайинлаганди. Ниҳоят, отамнинг васиятини бажариб, елкамдан тоғ ағдарилгандай бўлди. Қўзи сизга ҳалол, Ёқуб ака!
2
— Дунёда яхшилар кўп, — дейди Хайрулла муаллим гурунгда. — Ўтган йили тунда машинада пойтахтдан қайтаётган эдим. Бинойидек келаётган машина Жиззахга яқинлашганда бехосдан ўчиб қолди. Машинада онам, сингилларим бор эди. Орқадан келаётган «Тико»ни тўхтатиб, яқин қишлоқдаги устахонага бордим. Уста тезда ўғиллари Ҳасан ва Ҳусанни машинани тортиб келишга жўнатиб, мени бир пиёла чойга таклиф қилди. Кўп ўтмай, йигитлар машинани олиб келиб, таъмирлашга киришиб кетишди.
Онам ва сингилларимни уй бекаси худди эгачилардай кутиб олди. Орадан икки соат ўтиб машина тайёр бўлди. Мен чўнтагимдан бор пулимни чиқариб дастурхон четига қўйдим.
Уста пулни кўриб бошини сарак-сарак қилди.
— Ай, меҳмон-а, ахир мен сиздай мижозни кўпдан бери кутаётган эдим, мана ўз оёғингиз билан келдингиз. Бир пайтлар мен ҳам шофёр бўлганман. ўалла ўримида даштда бир воқеа бўлувди. Машинамнинг ғилдираги ёрилиб, иложсиз қолганимда, бир юртдошингиз беминнат кўмак берганди. Шошилганимдан ўша шофёрнинг исмини сўрашни ҳам унутибман. Баъзан шуни ўйлаб, безовта бўламан, ўзимни койийман. Мана бугун юртдошингизнинг қарзини сизга қайтардим.
Оқ йўл сизга, домла!
3
Тўйга келган кўкдалалик кекса чол уй эгасини чақириб айтди:
— Санчиқуллик Султоннинг ўғилларидан бирини чақириб келсангиз, бир оғиз қарз гапим бор эди.
Бироз фурсат ўтиб чолнинг қаршисига салом бериб, Тўра фермер ўтирди. Чол ҳол-аҳвол сўрашгач, оҳиста деди:
— Болам, мен отангиз билан узангидош жўра эдим. Падарингиз қўли очиқ, оқибатли одам эди. Қаҳатчилик йилларида ночорлик сабаб мендан бир қоп буғдой олган эди. Сўғин сизлар кўчиб кетдингиз, тақдирни қарангки, отангиз билан қайта дийдор кўришмоқ насиб этмади. Мана, ёшим саксондан ошди. Яна қанча куним бор — билмайман. Эрта Султонбой билан қиёматда юзкўришсак, «Нега ўғилларимдан қарзингни сўрамадинг?» деб домонгир бўлмасин. Сизга фалон минг беринг, демайман. Кўнгилдан чиқариб, мингми, икки мингми берсангиз, токи қарз отангизнинг елкасидан ариса...
Тўра фермер чолнинг сўзларидан ўйга толди. Чўнтагида йўқ эмас, эллик минг пули бор, керак бўлса, бу эзма чолга бир қоп ўрнига бир тонна буғдой беришга қурби етади. Аммо чолнинг дабдурустдан айтганлари унинг ҳамиятига тегди.
— Энди, бова, хафа бўлмайсиз. Мен отамнинг сиздан қарз олганини кўрган ҳам, эшитган ҳам эмасман. Энди кимга қарз берган бўлсангиз, ўшандан олаверасиз-да...
Чол фотиҳага қўл очди.
4
Бекатда йиғлаб турган аёлни кўриб, Содиқ дўхтирнинг кўнгли бузилди. Охири бўлмади, бориб аҳвол сўради.
— Қизимникидан қайтаётган эдим, йўлда алаҳсираб пулимни тушириб қўйибман. Анави «Форд»чига айтсам, ишонмади, «боринг» деб айтди.
— Синглим, қаерга бормоқчисиз?
— Муборакка…
Содиқ дўхтир чўнтагидан беш минг олиб, аёлга узатди. Аёлнинг юзлари қизарди.
— Вой, сизни танимасам, қандай оламан?
— Олаверинг, синглим, мен розиман.
Орадан икки йил ўтиб, Содиқ дўхтир Муборакдаги газ заводида ишлаётган ўғлини кўргани борди. Ижара уйда турадиган ўғил суҳбат орасида уй бекасининг ажойиб аёл эканини айтиб қолди.
Бироз фурсат ўтиб, чойнак кўтариб хонага кириб келган аёл Содиқ дўхтирни кўриб ҳайрон қолди.
— Вой, сиз ўша кишимисиз? — деди жилмайиб.
— Ҳа, — деди Содиқ дўхтир. — Қойил, сиз эса аллақачон ўғлимга қарзни қайтарибсиз, — деди кулиб.
5
Тоҳир бизнеснинг вафот этганини эшитган Эшқобилнинг юраги тўхтаб қолаёзди. Энди нима бўлади, уч миллионни кимдан сўрайди, тан олишмаса нима бўлади?
У шошилиб кийинди ва машинасини миниб жанозага етиб борди.
Марҳумни чиқариш арафасида мулла тўпланганлар орасидан унинг тўнғич ўғлини чақириб сўради:
— Отангизнинг бировлардан қарзи бўлса, зиммангизга оласизми?
— Ҳа, — деб бош ирғади ўғли.
Эшқобилнинг кўнгли бироз таскин топгандай бўлди. Тўғри, Тоҳир яқин жўраси эди. Ўрни келганда, Эшқобил ҳам ундан кўп бора қарз оларди. Аммо унинг туйқусдан ўлиб қолиши кимнинг тушига кирибди, дейсиз?
Бир куни эрталаб кимдир Эшқобилнинг уйи эшигини қоқди. Мижозлардан бири бўлса керак, деган ўй билан эшикни очган Эшқобилнинг қаршисида қўлида тугун билан Тоҳирнинг ўғли турарди.
— Эшқобил ака, сизга раҳмат, отам-га қарз берган экансиз, отам раҳматли ўлими олдидан онамга айтган экан. Мана, омонатингиз, — деб тугунни унга тутқазди.
Эшқобил йигитни ичкарига таклиф қилди, аммо у зарур юмуши борлигини айтиб, киришга унамади.
Эшқобил ич-этини кемирган хавотир ва ишончсизлик учун ўзидан уялиб кетди.
Ўролбой ҚОБИЛ,