Суббота, 12.07.2025, 11:05
МАРҲАБО! Гость | RSS

Каталог статей

Главная » Статьи » Мои статьи

САЙИЛМИСАН-САЙИЛ БЎЛДИ(давоми)
 
САЙИЛМИСАН-САЙИЛ БЎЛДИ
(давоми)

-Наврўзни бежизга миллий байрам дейишмайди, - дейди қаршилик Соҳиба Каримова. - Биз бугун боғда халқимизнинг минг бир удумини, тарихини, санъатини кўрдик. Бу, айниқса, ёшларимизда катта таассурот қолдирганлиги аниқ. Ана шундай тадбирлар туфайли улар унутилаёзган баъзи қадриятларимизга яна қизиқа бошлайдилар-да.

Кўк сомса, юпқа, ғилминди, ёрма, қатлама каби таомлар ҳам шу куни нишонликлар дастурхонига кўрк бахш этди.

-Қуртовани оқош деб ҳам атайдилар, - деди Бозорой Шотўраева. - Чўпон-чўлиқлар дала-даштда ўзлари билан олиб юрган қурутларни сувда қайнатиб, пиёз билан истеъмол қилишади. Жуда ширин овқат бўлади-да ўзиям. Наврўз сайлида ана шу анъаналаримиз яна тилга тушди.

Ҳа, шу куни халқ сайлида нишонликларнинг ҳудудга хос неча минг йиллик удумлари, анъаналари, қадриятлари яна бир бор бўй кўрсатди. Дилларга ғурур улашди. Ана шу шукуҳ қалбларни бир-бирига боғлайди, одамларга эзгулик улашади, меҳр-оқибат ришталарини яна ҳам мустаҳкамлайди. Бор бўл, Наврўзим!

"Одамлару одамлар, эшитмадим деманглар, эшитганлар қолманглар, доғда қолиб юрманглар. Ҳайиткўлда Наврўз шодиёнаси, кўпкари сайли бўлади-и-и!.."

Шоҳиста БОЗОРОВА.

Чироқчида бу ҳайқириқни эшитган ёшу қари эрта тонгдан байрамга ошиқади. Карнай-сурнай садолари остида байрам шодиёнаси бошланади. Дошқозонда сумалак, ҳалим осилади. Ош дамланади. Қишлоқ аёллари қуруқ қўл билан бормасдан, ўзлари тайёрлаган баҳор таомларини дастурхонга ёйишади. Эрта тонгдан бошланган байрам то кечгача давом этади. Турли спорт мусобақалари ўтказилади. Ғолиблар "синфдошлар жамғармаси"дан тақдирлаб борилади.

- Бир неча йиллардан буён Чиялда бошланган синфдошлар ҳиммати бугунги кунда бутун туман бўйича анъанага айланди, - дейди чувуллоқлик ўқитувчи Бегмат Бобораҳматов. - Қумдарё қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудидаги Чувуллоқ қишлоғида бундан 10 йил олдин 10-синфни битирган собиқ синфдош йигитлар Қумдарё кўпригини қуриш ташаббуси билан чиқдилар. Қишлоқ аҳолиси ҳам бу хайрли ишдан четда турмасдан ўз ҳимматларини аямадилар. Ушбу ташаббусдан руҳланган бир гуруҳ ёшлар Жалолобод манзилида ҳам қўшимча кўприк қуришни бошлаб юбордилар. Байрам тантаналари тумандаги 63 та қишлоқ ва маҳалла фуқаролар йиғинида мана шундай ташаббуслар билан кўтаринки кайфиятда бошланади.

- Қарияларимиз айтади: "Улим, Наврўз сайлидан четда қолманг. Наврўз мағзи тўқ байрам. Қут-барака ҳам шунда, инсоф-иймон ҳам шунда. Наврўзга бораётганда қуруқ қўл билан борманг. Қўйни-қўнжингиз тўлиб боринг. Элга беринг юрагингизни, кўнглингизни меҳрга тўлдириб келинг қайтаётганда...", - дейди "Маҳалла" хайрия жамоат фонди Чироқчи туман бўлинмаси раиси Бердимурод Жўраев. - Яна айтадилар: "Наврўзда одам ўзини ўзи танийди..." Шунда "Нима одам ўзини ўзи танимайдими?" деб сўрасак. "Наврўзда таниган бошқа... "Қайтиб" ўзини танийди?! Эл билан бўлади, элини билади. Бўлмаса, экин-тикинини қилиб юраверади. Сўнг оғайни-биродарини кўради. Мен кимман, қаерданман, кимларданман, қариндошиму қондошимнинг аҳволи қандай?.. Ўйлайди-да... Кўри-иб... Қара-аб... Етти пуштини юрагидан ўтказади... Яшаётган жуфтини юрагидан ўтказади... Яна... чиллак ўйнаб ўтказган болалигини эслайди. Эй, улим-ей... ана шуйтиб-шуйтиб... Наврўзда одам ўзини танийди, ўзини билади..." дейишарди. Бугунги сайилга қараб туриб, бобом нечоғли ҳақ гапни айтганига гувоҳ бўлиб турибман.

Бердимурод аканинг сўзларини тинглаб туриб, қалбимда Наврўз сафоси, сабоси, навоси жўш ураверади.

- Бу йилги Наврўз янгича анъана билан ўзгача кутиб олинмоқда, - дейди Б.Жўраев. - Бугунги айёмда туманимиз вакиллари томонидан қадимий анъаналар сақланган ҳолда Чироқчининг суннат тўйи удуми кўрсатиб берилади.

Туман учун белгиланган жойда кўшк ва қора уй қадимий кийим-кечаклар, тақинчоқлар, кашталар, қуроқ кўрпачалар, турли хилдаги гиламларнинг 30 га яқин тури билан безатилган. Момоларимиз урчуқ йигириб, гилам тўқимоқда. "Чироқчи чироқлари" фольклор- этнографик ансамбли ва Ўзбекистон Халқ бахшиси Шомурод бахши Тоғаев ўз санъатларини намойиш этишмоқда.

- Жулхурс гилам тўқияпмиз, - дейди Санам Бойқувватова. - 9-10 ёшимда онамдан ўрганганман. Қишлоғимиз хотин-қизларининг барчаси шу касб билан шуғулланади. Қизларимизнинг сепларида ўзлари тўқиган гиламларидан, албатта бўлади.

Чироқчиликларнинг сайилга келтирган таомларига разм соламан. Сумалак, ялпиздан тайёрланган сомса, чучвара, манти, юпқа, исмалоқли печак, гўжа, ҳалим, Чиял яхнаси, Умакай жизи... Санаб адоғига етолмайсиз.

Нафақат Ўзбекистонда, балки дунёга машҳур Чиял яхнасидан бир чимдим олиб татиб кўраман. Жуда мазали, таъми оғзингизда қолади.

- Бу ота-боболарим касби, - дейди яхнасини кўз-кўз қилаётган Тўлқин Бойназаров. - Чиял бозорида яхна пишириб, сотаман. У ерга яхна ейиш учун барча вилоятлардан, ҳаттоки Қорақалпоғистондан ҳам одамлар ташриф буюришади.

Чироқчиликлар кўшкида бир нарсани англадим:

Наврўз оддийгина байрам эмас. Унинг моҳиятини охиригача билмоқ ғоят душвор, анча қийин. Чунки у коиноту табиат билан боғлиқ. Уларнинг сиру синоати чегарасиздир.

Наврўз сайлида "қўли ширин" ўн тўрт нафар ошпаз эл хизматида бўлди. Туманлар ва Қарши шаҳридан келган ошпазлар ўн тўртта қозонда бир-биридан ширин палов дамлаб, элга тарқатдилар. Яккабоғлик Баҳриддин Бердиев ҳам ош базмида қатнашди.

Моҳигул ҚОСИМОВА.

- Ош пишириш унчалик қийин эмас, - дейди у. - Муҳими, меъёрни топа билиш. Ҳатто сабзини тўғраш ҳам эътиборни талаб этади. У катта-катта ёки жуда кичик қилиб тўғралмаслиги керак. Кўп ош дамланса, тўғралган сабзиларнинг қирқими одатдагидан бироз каттароқ бўлмаса, масаллиқлар орасида билинмай кетиши мумкин. "Катта" ош асосан зиғир ва думба ёғида пиширилади.

Баҳриддин ошпаз базмда зиғир ёғидан, оддий гуручдан ош дамлади. Унинг айтишича, зиғир ёғи ошқозонда тез ҳазм бўлар экан.

Шунингдек, Қарши шаҳри, Касби, Қамаши, Косон туманларидан келган ошпазлар тайёрлаган таомлар ҳам кўпчиликка манзур бўлди. Мусобақа беллашуви иштирокчилари пиширган паловнинг ҳар бири мазалилиги жиҳатидан бир-биридан қолишмади.

Суннатилла Рўзиев "Ош базми"нинг энг ёши улуғ иштирокчиси бўлди. "Паловхонтўра"ни боплапти, ўзиям. Кўп йиллик тажрибасига таяниб пиширган ошининг мазаси йиғилганларнинг оғзида узоқ вақт сақланиб қолиши аниқ. Таомни истеъмол қилар экансиз, гуруч орасидан тишланиши нўхатга ўхшаш, аммо ўзгача таъмни учратасиз. Кейин билсам, у бодомнинг мағзи экан. Бундан ташқари ошпаз бобомиз таомга товуқ, бедана тухуми, ёнғоқ ва писта сингари ҳудудга мос маҳсулотларни ҳам солганки, гўё ўзингизни Китоб тоғларида, дов-дарахтлар тагида, шаршара ёнида ўтиргандек ҳис қиласиз.

- Очиғи, ғолибларни аниқлаш жараёни бироз қийин кечди, - дейди ҳакамлар ҳайъати раиси Норбой Жўраев. - Негаки, ҳар бир ошпазнинг таоми мазали чиққан.

Хулосаларга кўра, Қарши шаҳрилик ошпаз Нодир Қудратов биринчи, китоблик Суннатилла Рўзиев иккинчи ва касбилик Бегали Омонов учинчи ўринни қўлга киритди. Ғолибларга ташкилотчиларнинг эсдалик совғалари топширилди.

Курашсиз, миллий ўйинларсиз байрам ўзбекка татирмиди. Истироҳат боғининг бир бурчида қўчқор уруштириш беллашувлари, иккинчи бурчида эса ёшларнинг баҳслари қизигандан-қизийди. Кимдир курашда, бошқалари арқон тортишу шахмат, шашкада ўз кучи, иқтидорини кўрсатишга интилади. Ахир сайилнинг гашти ҳам шунда-да.

А.ДАВРОН.

-Шахмат бўйича яккалик баҳсларида ғузорлик, 15-мактаб ўқувчиси Фаррух Облабердиев ғолиб бўлди!

Ҳакамнинг бу эътирофидан кейин болалар совға олиш учун ўртага чиққан ёш шахматчини ҳавас билан қутлашди.

Шу куни Алишер Навоий номли маданият ва истироҳат боғида Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси вилоят филиали ташаббуси билан болалар, ўсмирлар ва ёшлар ўртасида спортнинг армрестлинг, стол тенниси, шахмат, шашка турлари бўйича мусобақалар ўтказилди.

Бу тадбирларнинг ташкил этилиши кўплаб болаларнинг қалбида спортга бўлган меҳрни янада жўштирди, ўз кучи, маҳорати, иқтидорини намоён эта олишга ишонтирди.

-Биз асосан миллий ўйинларимиз бўйича баҳсларни ўтказдик, - дейди "Камолот" ёшлар ижтимоий ҳаракати вилоят кенгаши раиси Фурқат Норматов. - Ишонасизми, шаҳарликларнинг жуда кўпчилиги чиллак ўйини қандай бўлишини, унинг завқини шу куни кўришди, билишди. Тадбирларимизда 400 га яқин иштирокчи қатнашди. Улар чиллакдан ташқари арқон тортиш, арғимчоқда сакраш, беш тош, кураш, соч ўриш, "Тақлид" ва "Синов доираси" ўйинлари, тош кўтариш, "Хўрозлар жанги" бўйича куч синашдилар.

Нимасини айтасиз, сайил сайилдай бўлди. Бир ёқда билаклар кучи синалди, бир ёқда қўчқорлар жанги ўтказилди. Дорбозлар ўз маҳоратини намойиш қилмоқда. Булардан катта-ю кичик бирдай завқланди, қалби қувончга тўлди. Бу кайфият, кўтаринкилик йил бўйи кишиларга куч бағишлайди, муваффақиятга йўллайди.

Шаҳрисабз – азалий ва гўзал қадриятлар манзили. Наврўз билан уйғун удумлари ўзига хос. Қуюқ-қуюқ сумалаклари таъми ўзгача. Ўланлари, лапарлари авжи бўлакча. Каштаю дўппиларининг жилолари бетакрор. Одамларининг самимияти, шижоати, ғайрати беқиёс. Ҳиммат ва ғурурлари Оқсаройдек улуғвор. Боғда Шаҳрисабз учун ажратилган кўшкда кўҳна Кешнинг мана шундай серқирра жилвалари кўз ўнгимда намоён бўлди.

Моҳигул ҚОСИМОВА.

Қадимги шарқ халқлари тақвимига кўра бугун олтинчи мучал, яъни илон йили кириб келди. У кучли ирода ва донишмандлик рамзи ҳисобланади. Ва яна илон бойлик ва фаровонлик тимсолидир.

Воҳамиз аҳлига хушнудлик улашиш мақсадида сайилгоҳга келган вилоят халқ ижодиёти ва маданий-маърифий ишлар илмий-методик маркази қошидаги "Оқсарой минори" дорбозлар гуруҳи аъзолари ўйнатаётган илонларни кўриб, юқоридаги фикрлар хаёлимдан ўтди. Етти ёшли Азизбекнинг илон билан тиллашаётгани, ҳайвонни ўз йўриғига юргизаётгани ва у иштирокида турли хатти-ҳаракатларни бажараётгани жуда ҳайратланарли. У кўплаб акробатик ҳаракатларни бажаради. Шиша бўлаклари устида ётади, пичоқ тиғида юради. Ундан бу қалтис ҳаракатларни қандай бажара олишини сўрасак, болаларча беғуборлик ва соддалик билан "Мен буларни қила оламан, устозларимдан ўрганганман", дея жавоб берди.

Шаҳрисабзлик Ўзбекистон Халқ дорбози Саъдулла Мамадалиевни кўпчилик танийди. "Оқсарой минори" дорбозлар гуруҳи аъзолари ҳам айнан ўша инсоннинг шогирдлари саналади. Улардан бири - Ҳусан Олимов – полвон. Тиши билан енгил автомашиналарни жойидан қимирлатиш унга чўт эмас.

Иккита баланд устунга ўрнатилган дор устида Жавлон Авазов пайдо бўлади. Гулдурос қарсаклар остида ингичка арқон устида текис ерда юргандек ҳаракатланиши унинг маҳоратидан дарак.

Шаҳрисабз туманидан келган бадиий жамоалар учун ажратилган жойда ҳалинчак ва гуллар билан безатилган кўшк ёнида товус қанотларини ёйганча ўзига ром этади. Сўриларга ёйилган турли хил миллий кашта, сўзана ва жойнамозлар шаҳри Кеш каштадўзлари томонидан тикилганини билиш қийин эмас. Туманнинг ўзига хос каштачилик ва попурчилик санъати борки, улар нафақат республикамиз, балки хорижликлар эътиборини ҳам тортиб келади. Қўл меҳнати билан яратилган бу кашталарда қалб кечинмалари, табиат манзаралари тасвирланади.

Бир ёнда фольклор жамоаси аъзолари куйламоқда. Халқона оҳангда айтилаётган ушбу лапарларда қизларнинг орзу-ўйлари куйланади.

Шоирлар "кўклам сеп ёйди", дея бежизга баҳорни келинчакларга ўхшатишмайди.

"Келинсалом". Ушбу удум воҳамизнинг барча ҳудудларида мавжуд. Шаҳрисабзлик келинлар бошқа туманликларга ўхшамаган ўзига хос тарзда ўнг қўлларига рўмолча ушлаб, юзини яширган кўйи ўнг ёнбошга бироз қия бўлган ҳолда таъзим ташлайди. Либосларига попур урилган ёки кашта солинган бўлади. Бошларидаги дўппи турли хил тош ва тақинчоқлар билан безатилади. Ана энди "юз очди" маросимини бошласак ҳам бўлаверади. Келин янга тили билан айтганда: "келинг-чи, қайнонаси келинингизни кўринг, ойдеккина-а? Кўрманага нима берасиз?" Шунда қайнона бошига қайнота ёки куёвнинг чопонини ёпиниб, оғзига қант солиб, ярмини келинга тишлатади. Бу келиним ширин тилли бўлсин дегани. Чопонни келин бошига ёпиш оғир-босиқ бўлсин, дегани экан. Қўлтиғига қистирилган супрани келинга тутқазишда нима мазмун бор экан-а?

- Бу рўзғорни сизга топширдим дегани бўлади, - дейди чоштепалик момо Дилором Турдиева.

Шаҳрисабзда ана шундай кўплаб миллий қадриятларимиз - авлоддан-авлодга ўтиб келаётган анъаналар яшайди. Сайилдан бу бетакрор хазинанинг бир ҳовуч дурини қалбимга жойлаб қайтдим гўё…

Бир томони виқорли тоғларга, бир томони бепоён боғларга уланиб кетган Яккабоғ томонларда Наврўзи олам тантаналари ўзига хос тарзда нишонланади. Ушбу кунда ҳар бир қишлоқ аҳли алоҳида-алоҳида жамоа бўлиб дала-даштга чиқади. Ўша куни турли халқ сайиллари бўлади. Энг асосийси, Яккабоғда Наврўз кўпкари ва курашсиз ўтмайди.

Сарвар ОЧИЛОВ.

- Чавандозни фақатгина телевизор орқали кўргандим, - дейди тантанага келган Қарши шаҳрилик Элёр Турдимуродов. – Бугун унинг кийимларини кийиб, мен ҳам чавандозга ўхшаб қолдим. Энди менда кўпкарига бориш иштиёқи туғилди. Айнан Яккабоғдаги кўпкарига.

Ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари бор. Жумладан, Яккабоғда ҳам.

- Эсимни танибманки, ҳунармандчилик билан шуғулланиб келаман, - дейди яккабоғлик 63 ёшли Санобар момо Раҳимова. – Бу ерга ўзим тиккан юз хилдан ортиқ маҳсулотларни олиб келдим.

Санобар момонинг айтишича, тумандаги ҳунармандларнинг иши бир-бириникини айнан такрорламас экан. Яъни улар кўриниши ва тайёрланишидаги баъзи жиҳатлари билан фарқланади.

- Мана бу дўмбиранинг ясалганига етмиш йил бўлди-ёв, - дейди Мевазор маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Рўзибой бобо Пардаев. – Уни саккиз ёшга кирганимда отам раҳматли совға қилганди. Ўшандан бери қўлимдан тушмайди.

Турли халқ сайилларида Рўзибой бобо рафиқаси Мисқол момо Пардаева билан чиқиш қилишади. Момонинг қўлида қайнонасидан қолган чанқовуз, чолининг қўлида эса дўмбира. Иккаласи йиғилганларга шодлик улашишади. Байрам сайлига ҳам улар шу мақсадда келишган.

Яккабоғдан келтирилган миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари орасида темирчи Баҳодир Шерназаров ясаган буюмлар кўпчиликнинг эътиборини тортди. Болта, теша, тақа, косов, ўроқдан тортиб, қадимий қилич ва ханжарлар ҳам устанинг кўргазмасидан ўрин олган.

- Темирчиларнинг бешинчи авлодиман, - дейди уста. – Бу ҳунарни оилада беш ака-ука отамиздан ўрганганмиз. Олдинига темирчиликка оддий қизиқиш сифатида қараганман. Кейинчалик бу ҳаётим мазмунига айланди. Ҳозирда юзга яқин маҳсулотларни ясаб, халқимизга хизмат кўрсатиб келаяпмиз.

Баҳор келиши билан темирчининг қўли-қўлига тегмай қолади. Сабаби бу пайтда кунлар илиб, далада иш қизғин паллага киради. Ана ўшанда деҳқон ва боғбон темирчининг ёнига бориб, эскирган меҳнат қуролини таъмирлатади, янгиларига буюртма беради. Хуллас, темирчи устахонасининг "тақир-туқур"и тинмайди. Демак баҳор, Наврўз келди.

Қамаши тумани қишлоқ ва маҳаллаларининг ўзига хос удумлари Наврўз кунлари яққол кўзга ташланади. Сайил кунларида қизларнинг соч ўриш маросимига ҳамоҳанг балоғатга етган йигитлар от эгарлайди. Улар намат гиламлар тўқишни ҳам Наврўздан бошлайдилар. Кўпкари ва чавгон ўйинлари сайил файзига файз қўшади.

Гулруҳ ЖЎРАЕВА.

Истироҳат боғидаги қамашиликлар кўшкида бешик тўйи удуми намойиш этилди. Елкасига бешик кўтариб олган тоғани ва унинг ортидан эргашиб келаётган аммаю холаларни тўйхонадан чиққан ёш-яланг, бола-бақра ўраб олди. Қўй етаклаган бобонинг қўлидан кимдир арқонини олди. Ҳовли бир зумда карнай-сурнай садосига тўлди. Момолар бешикнинг анжомларини бир сидра кўздан кечиргач, чақалоқни олиб келишни айтишди. Кайвони момо чақалоқнинг "ит кўйлаги" қани деб, амма-холалардан сўради. Улар кўз тегмасин деб, кўзли қуроқли, этаклари кенг кўйлакчани олиб келишди. Ўйнаб юрган болакайлардан "баба"си қани, деб сўради. Ҳамма кучук боласи етаклаган болакайга йўл берди. Момо кучукчани бешикдан айлантирди-да, "итдек қўрқмас" бўлсин, полвон бола, деди.

Бисмиллоҳир раҳмонир роҳийм, деб чақалоқни бешикка ётқизар экан, момо "ўнгми-чап, ўнгми- чап", деб ҳаммага мурожаат қилди. "Ўнг, ўнг" деб чуғурлашди меҳмонлар. Шундан сўнг, "эгаси келди "баба"си қочсин", деб бешик атрофидан итни айлантириб олишди. Кайвони момо ёстиқчанинг тагига ойна қўяр экан, "ойна қўйдим юзинг ёруғ бўлсин. Сўзинг ўткир бўлсин шу пичоқдек, кўзу суқдан, инс-жинсдан асрасин пиёзу - қалампир", деб уларни ёстиқча остига қўйди. Сўнг чақалоққа кўз тегмасин деб, кўзли қуроқдан тикилган кўйлак, бошига шапуч (бош кийим) кийдирди. Болани бешикка ётқизар экан:

Худо берди суйсин деб,

Олтин бешикка кирсин деб.

Эгаси келди "баба"си қочсин деб,

Хўжаи Хизр бобоси қўйнини очсин деб.

оёғи ва қўлини оёқли ва қўлбоғ билан боғлади. Чақалоқнинг устига қўй пўстинни ёпиб, "қўйдек ювош бўлиб ўс" деди-да бешикнинг ёпқиларини ёпди. Қўлига ипни олиб, "чақалоқнинг момоси, уйқунгиздан берасизми", деди. Момо, "ҳа, бераман" дегач, ипни бир тугди. "Ҳой аммаси, уйқунгиздан берасизми", деб аммадан сўради. "Ҳа, бераман, бераман" деди у ҳам. Момо ипни яна тугди. Келинчакларга қараб, "тонг отгунча ухламай, ҳовлиларни супурай деб, уйқунгиздан берасизми", деди ҳазил аралаш. Келинлар: "берамиз, берамиз" дейишди. Момо шу тахлит хола ва янгалардан ҳам сўраб чиқди ва ҳар бирининг жавобидан сўнг ипни бир мартадан тугаверди. Уйқу ипини тугиб бўлгач, бешикнинг бошига илиб қўйиб, болага алла айта бошлади:

Кўзларингни юмақол, аллаё-алла,

Ухлаб-ухлаб ором ол, аллаё-алла.

Белимга қувват ўзинг,

Полвон болам, аллаё-алла.

Наврўзларга улашган бешик тўйинг муборак,

Қутлуғ айём - янги кунинг муборак.

-Мана бугун Қамаши тумани Қизилтепа қишлоғининг бешик тўйи удумини томоша қилдингиз, - дейди шу қишлоқ фуқаролар йиғини диний - маърифат, маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси Норхол Файзиева. -Қамашидаги ҳар бир қишлоқ ва маҳалла бешик тўйлари мана шундай ўзига хос тарзда ўтказилади. Улар миллий анъаналар, замонавий урф-одатлар билан бойитилиб келинаяпти.

"Қизилтепа парилари", "Омонёр" фольклор- этнографик жамоалари томонидан намойиш этилган бу каби бир қатор удумлар, ижро этилган халқ қўшиқлари сайил иштирокчиларида катта таассурот қолдирди.

Қарши шаҳри: ТЎЙГА УЛАНГАН ТЎЙЛАР

Қарши шаҳри вакиллари Алишер Навоий номидаги маданият ва истироҳат боғига сайилга ошиққанларнинг том маънода мезбони бўлишди. Қозонларни тўлдириб паловхонтўралар тайёрланди.

Т.ТЕМИРОВ.

Яшариш айёми Гулшан ва Шайхали-1 маҳаллалари учун ажратилган кўшкда рамзий маънодаги никоҳ тўйига уланди. Келин янгалар "Синалмаган йигитга синглим тушди ёр-ёр"ни айтиб, чимилдиқ тортилган хонадонга келиннинг сепини илдилар, исириқ тутатдилар. Оила аталмиш муқаддас қўрғонни бунёд этаётган ёшларнинг ёнига супра ёзилди. Келин уч марта унга, уч марта мойга қўлини ботирди. Маҳаллаларнинг кайвонилари келин-куёвнинг ризқи мўл, дастурхони тўкин бўлишини тилаб, қўлларини дуога очдилар. Биринчи фарзанди ўғил ёки қиз бўлишини билиш мақсадида келинга чўп қошиқни оттириб кўришди. Нозик момо уйидан чиққунча борар жойида тошдек қотсин, камгап, серҳаракат бўлсин, деган ниятда қудаси оғзига тош тиқиб жўнатган келини Азизага тили ширин, ҳаёти тотли бўлсин деган ниятда қанд тишлатди.

Қавали ва Беклар маҳаллалари аъзолари келинсаломни дўндирдилар. Кайвони момо келин бўлмиш Фахринисо номидан "Дарвозани кенг очган, топган-тутганин сочган" қайнотасига, "Атласни кенг тахтлаган, келинга деб асраган" қайнонасига салом йўлларкан, кўрмана ундиришни ҳам эсдан чиқармади. Келин салом шунчалик самимий, шунчалик ҳаётий чиқдики, ўзингизни кўргазма ёки намойишда эмас, балки росмана тўйда деб тасаввур этасиз.

Нариги томондаги Боғишамол маҳалласи ва Шайхали қўрғони аъзолари учун ажратилган кўшкда чарлар қизигандан-қизиган. Қаршиликлар шевасида чаллади деб аталадиган бу урумда қудаларнинг бир-бири билан яқиндан танишиб олиши, қудачиликнинг минг йилчиликка айланиши йўлида жонбозлик кўрсатаётган куёвнинг аммаси бўлди. "Қуда бобо, куёв ош емаяпти, атаганингизни айтинг", дея қистовга олади у. Қуда бобо "Булар менинг фарзандларим, топганим шуларники", деб ҳам қутулмайди. Бу ёғи иссиқ кунда чопон кийиб олган, бу ёғи минг бир хижолат билан ўтирган куёвнинг пешонаси терлайди. Аммо бечора не қилсин. Аммаси шундай тайинлаган. Ўзим айтмагунча овқатга қўл узатма, уят бўлади, деган.

Амманинг чеҳраси янада ёришади. Қизи тушган қўрғоннинг фаровон бўлишини истаб бузоғи билан соғин сигир атаган қудасига сарупо беришга шошади.

Худойзод ва Ровоқ маҳаллалари вакиллари жойлашган кўшкда ақиқа тўйи давом этмоқда. Бу тўй ҳали чилласи чиқмаган чақалоқнинг она қорнидаги сочини олиш маросими. Айтишларича, бу маросим чақалоқ 7, 14, 21 кунлик чоғида ўтказилиб, боланинг яхши ривожланиши учун замин яратармиш. Тадбирда фақат қариндошлар иштирок этиб, улар учун сўйилган қўй бўлакларга бўлинмасдан, шундайлигича қозонга солинди. Иштирокчилар лапарлар айтиб, овқатни пиширишди ва дастлаб нуроний отахону онахонларга, кейин ёш-ялангларга улашдилар. Йиғилганлар чақалоққа мазмунли ва узоқ умр тиладилар.

Маҳаллот ва Алишер Навоий маҳаллалари жойлашган кўшкда бешик тўйи ўтмоқда. Кайвони аёллар болани бешикка белаш билан овора. Тўйдаги болажонларни эса тарқатиладиган қанд-қурс, бўғирсоқ, нишолда қизиқтиради. Етти отанинг ўрнини босувчи тоғасининг елкасига бешик кўтариб келгани учун тўн ёпдилар. Кайвони момо чақалоқни онасининг қўлидан олиб, азалий одатларга кўра ишга киришди.

Турсунтош ҳожи момо бешикдаги болани, унга қўшиб барча-барчани дуо қилди:

"Тўйбола олгани дуо, топгани олтин бўлсин, ҳаммамизни ўт балоси, сув балосидан, ноҳақ туҳмат, бемаҳал ўлимдан асрасин. Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлсин. Омийн".

Каманди ва Истиқлол маҳаллалари вакиллари фақат Қарши шаҳри учун хос бўлган суннат тўйини намойиш этмоқда. Улар бу тўйни суннат тўйи эмас, чипрон деб атайдилар.

Ёппа жамоат айтдим, чипронга кел, чипронга,

Айтиб орқамга қайтдим, чипронга кел, чипронга,

Ариқчалардан сакраб, чипронга кел, чипронга,

Етти қатлама қатлаб, чипронга кел, чипронга.

Тўй бола, эндигина оёғи чиқиб, той-той қилаётган Давронбек иззатда. Иштирокчилар эркалатишни ҳам ўзларига хос тарзда ифодалашади:

Суннат тўйинг муборак, дой болам, дой-дой,

Тўйга келсин теварак, дой болам, дой-дой,

Сенга атаб болажон, дой болам, дой-дой,

Экиб қўйдик юз терак, дой болам, дой-дой.

Қадим-қадимдан туғилган болага атаб дарахт ўтқазиш халқимизнинг одатига айланган. Бу одат ҳар бир маросиму тадбирда ўзига хос тарзда намоён бўлади. Лапардаги "юз терак" шунга ишора бўлганди.

Ўйин кулгини авжига чиқарган қариндош уруғу меҳмонлар маросимнинг авж нуқтасига етиб келишади. Камандилик Сожида опа барчани тадбирнинг асосий қисмига бошлайди:

Дингил дингил дингила, устанинг қўли енгила,

Михга дўппи осайлик, қозонкуя босайлик.

Нахшаб ва Чўлқувар маҳаллалари мучал тўйини намойиш этиб беришди. 12 ёшга тўлган ўспириннинг тенгдошлари бугун иззатда. Катталар эса хизматда. 12 бола ўн икки мучални акс эттирувчи кийимларда намоён бўлишади. Иштирокчилар тўйни ажойиб тарзда ифода этиб беришади.

Эски анҳор ва Кат маҳаллалари эса Тойир бобонинг пайғамбар ёшини нишонламоқда. Акаси Наъмат бобо ва янгаси Саломат момо хурсандчилигининг чегараси йўқ. Улар шу куни ўйнамаганни ҳоли-жонига қўймайди. Ўз хурсандчиликларига барча-барча шерик бўлишини исташади. Маҳалланинг хушовоз хонандалари Зойир Соҳибов, Неъмат Жумаев, Элбек Бердиев тўйни қизигандан қизитадилар.

Бу каби маросимлар халқимизнинг орзу-истакларини, эзгу интилишларини, қадим қадриятлари қатида яширинган тилакларини кўрсатиб беради. Элимиз дунёда болам деб яшашини, тинчлик барқарор, яхши кунлар кўп бўлиши тарафдори эканини намоён этади. Бу тўйларнинг Наврўз билан уйғунлашуви эса уларга янада ажиблик бағишлади.

Шаҳарнинг бошқа маҳаллалари ҳам қўл қовуштириб ўтиргани йўқ. Масалан, Арабхона маҳалласининг "Араб гуллари" фольклор жамоаси ўзининг ўйноқи лапарлари билан барчани хушнуд этди. Сайёра, Матлуба, Муяссар, Рўзигул, Бибинор момолар томонидан айтилган "Араб дўхтар", "Кашта", "Ёрғучоқ", "Ўсма қўйса ярашар", "Омонёр" қўшиқларига Гулҳаё, Сарвиноз, Назира, Гуласал жўр бўлишди.

Зоғза ва Чақар маҳаллалари азалдан ўзининг деҳқончилиги билан машҳур. Сайфиевлар, Қурбоновлар, Пардаевлар, Ҳотамовлар оиласи бугунги кунда ҳам шаҳарнинг каттагина қисмини турли дарахт кўчатлари билан таъминлаб келишмоқда. Тадбирда улар ўз деҳқончилик намуналарини, ўзлари етиштирган турфа гуллар, меваларни намойиш этдилар. Айниқса, Чори бобо Сайфиев томонидан етиштирилаётган япон арчаси ва голланд гули барчани ҳайрат кўчасига етаклади.

Чармгар ва Наврўз маҳаллалари эски шаҳар ҳудудида жойлашгани, бозорга яқин бўлгани учун ҳам у ерда ҳунармандчилик кенг ривожланган бўлган. Муродулла бобо Жамилов ота-боболаридан ўрганган темирчиликни болаларига ўргатиб, анъаналарнинг бардавомлигини таъминламоқда. У ўғли Одилжон билан ясаган ўроқ, кетмон, бел, мурват, гулмихларни, буларни ясаш учун ишлатилган сандон, босқи ва хойисни сайил иштирокчилари қизиқиш билан кузатадилар.

Насаф маҳалласи ҳам бозорга яқин. Шу боис бу ерда ҳунармандчилик турларидан бири бўлган ҳолвапазлик ривожланган. Айниқса, улар томонидан тайёрланган кунжут ҳолвасиз ҳеч бир байрамни тасаввур қилиб бўлмайди. Чунки ҳар бир байрамда бўлажак келиннинг уйига юбориладиган ҳайитликда кунжут ҳолванинг бўлмаслиги мумкин эмас. Марҳабо Файзиева томонидан тайёрланган олтиндай товланиб турган юраки новвот, ажиб қизиллик касб этган лабз ҳолвалар, Дилдора Ашурованинг бир-биридан мазали пишириқлари кишиларни лол этади.

Дарвозатутакликлар Олим Раҳматов ясаган тандирни, Мустафо Жабборов қўлида сайқал топган мусиқа асбобларини, Гулшан Қурбонованинг 20-30 чоғли шогирдлари билан тиккан зардўзлик буюмларини намойиш этишди.

Шоҳбекат маҳалласи азалдан кўплаб полвонлари билан машҳур бўлган. У ерда бугунги кунда ҳам кўплаб чемпионлар яшаяпти. Мазкур маҳалла кўшкида баковул ҳаммани катта курашни томоша қилишга чорлади. Биринчи товоққа шаҳар ҳокимлиги томонидан қўйилган соврин - рангли телевизорни эълон қилиб, белқарсни ўртага ташлади. Полвонлар давра айландилар. Ёнбош, чала, ҳалол каби сўзлар томошабинларни-да, курашчиларни-да ҳушёр торттириб, қизиқишини орттириб турди.

Бир сўз билан айтганда, маданият ва истироҳат боғида ўтган тадбирда Қарши шаҳри маҳаллалари томонидан тайёрланган дастурлар шаҳар аҳолисининг ўзлигини, ўлмас қадриятларини кўрсатиб берди.

Қарши туманидаги Қоратепа қишлоғи, Қарши шаҳрида бўлиб ўтаётган Наврўз сайли ва Германия мамлакати. Хўш, бу уч манзилнинг бир-бирига қандай алоқаси бор? Уларни қоратепалик Дилдора Расулова томонидан тайёрланган сумкалар боғлайди.

Б.ЖОНИМОВ.

-15 нафар шогирдим билан сўзаналар, зардеворлар, ироқи кашта услубида тикилган сумкалар тайёрлаймиз, - дейди ҳунарманд. - Маҳсулотларимизнинг бир қисмини Малайзияга сотдик. Яқинда мана бу сумкага (ажойиб тўқилган сумкани кўрсатиб) Германиядан 400 дона буюртма тушди. Қадим қадриятлар қадр топадиган Наврўз кунида маҳсулотларимиздан намуналарни кўз-кўз қилишни ўйладик. Бу уларни томоша қилган қизларда ҳунар ўрганишга қизиқиш уйғотса, ажабмас.

Одатда сайилларга ҳунармандчилик маҳсулотлари ана шу мақсадда, ёшларда касб-ҳунарга нисбатан ҳавас уйғотиш, уларни аждодлар меросига муҳаббат руҳида тарбиялаш, бу меросни асраб-авайлашга ўргатиш учун олиб чиқилади. Сайил куни Қарши тумани учун тайёрланган кўшкдан юзлаб шундай маҳсулотлар ўрин олди. Ҳатто кўшкнинг ўзи-да сўзаналар билан ясанди. Уларнинг бир қисми шогирдларини ёнига жамлаб, урчуқ йигираётган тўқманғитлик Эргашой момо томонидан тайёрланган экан.

-Гиламнинг ҳамма турини тўқийман, - дейди момо. - 20 нафарга яқин шогирдим бор. Улар билан қўлимиз-қўлимизга тегмайди. Баъзиларнинг ғужурини қайнатиш учун шу ёшга кирганимга қарамай сумка тўқишни ҳам ўрганиб олдим. Ҳунарли хор бўлмайди. Худога шукур, кам бўлмаяпмиз.

Бу ҳали ҳаммаси эмас. Туман вакиллари сайилга чиққанларга ҳудуднинг тарихи, маданияти, удумлари, бир сўз билан айтганда, қиёфасини очиб бериш учун барча имкониятларни ишга солишган. Ҳовонча, ёғоч чўмич, куви туманнинг яқин ва узоқ тарихидан сўзласа, товонга туз йиғилмаслиги учун тўқилган жунли гиламлар бу элнинг билими, салоҳиятидан дарак.

Кўшк ёнида экилган бойчечакка менгзаган гуллар кўзларни қувнатиб турибди. Бир томонда сумалак, кўк сомса, варақи каби баҳорий таомларнинг хушбўй ҳиди димоқни қитиқлайди.

Бир томонда "Чамандагул" фольклор-этнографик ансамбли аъзоларининг шўх-ўйноқи яллалари. Унинг бошқа ҳудудлар фольклорига ўхшамайдиган бир жиҳати бор. Бу улардаги ўзига хос оҳанг. Туман аҳолисининг табиатини, сўзамоллиги-ю топқирлигини, ижодкорликка, яратувчанликка бўлган иштиёқини ўзида ифода этган бу оҳанглар билан "Чамандагул" "Асрлар садоси", "Кўҳна замин оҳанглари", "Бойсун баҳори" каби фестивалларда муносиб иштирок этиб, фахрли ўринларни эгаллаб келган. Ансамбль томонидан ижро этилган "Чамандагул зор-зор", "Борайвердим бедана овлаб", "Пистани қандай чақарлар", "Ёрим тўни, жоним тўни", "Шалдира тумор шалдирасин", "Жум жака жум жак", "Нуқра пўпакча, тилла пўпакча", "Ҳой-ҳойламоға келдим, қаймоқ емоға келдим" каби лапарлар, халқ қўшиқлари сайилга чиққан кишиларга ўзгача завқу шавқ улашди.

Бир ёнда эса бешик тўйи маросими ўтмоқда. Наврўзбекнинг момоси Санобар момо неварасига бешик олиб келди. Бешик билан бирга ҳафтанинг етти куни учун болага етти хил кийим келтирди. Қудаларини-да, куёвини-да унутмади.

Тоғаси келтирган бешикни момолар лапар айтиб, шўх-шўх рақсларга тушиб тоғанинг қўлидан олдилар:

Олма шохидан бешиги, айланиб олсин момоси,

Тол ёғочдан бешиги, талпиниб олсин холаси.

Ҳай дурси, дурси, дурси, чақалоқ мана курси.

Момолар қийқиришиб, ҳай-ҳайлашиб аждодлардан мерос удумларни бажаришни бошлайдилар.

-Бешик тўйи ёрдамида туманнинг барча қадимий удумлари, урф-одатларини иложи борича тўлиқроқ очиб беришга ҳаракат қилдик, - дейди "Маҳалла" хайрия жамоат фонди туман бўлими мутахассиси Муҳайё Толипова. - Ўйлайманки, уринишларимиз бесамар кетмади. Сайилга чиққанлар кўргазмаларимизни, удумларимизни мириқиб томоша қилишди. Наврўз одамларни бир-бирига яқинлаштирадиган айём эканлиги бу сайилда яна бир бор ўз исботини топди.

Қарши туманида деҳқончиликнинг ҳадисини олган, суяги меҳнатда қотган инсонлар яшайди. Ҳамал келиши билан уларнинг амали бошланади - дала қизғин меҳнат майдонига айланади. Ерларга оби-тобида обдон ишлов берилиб, уруғ қадалади. Бу ишларнинг барча-барчаси шу куни сайилда яққол намоён бўлди.

Наврўз байрами туманда ҳам катта тантана қилинди. Қишлоқ ва маҳаллаларда унинг шукуҳи кезиб юрибди. Йил боши, дарвешона, сади пок каби маросимлар ўтказилмоқда.

Ғузорда Наврўз қиру адирлардан бошланади. Чўпон ҳайқириғидан, деҳқоннинг ғайратидан билинади, бу айём... Гулзордан шўх қизларнинг шодон кулгилари қулоққа чалинади. Давра-давра бўлиб, лапарлар айтишади. Йигитлар чакка-чаккадан туриб, ўзларига қайлиқ танлашади. Ғузорликларнинг қайлиқ танлаш маросими шундай ўтар экан.

Ўлмас БАРАТОВ.

18 миллат вакиллари тинч-тотув яшаб келаётган Ғузорда Наврўз билан боғлиқ бу каби удумлар, анъаналар кўп. Туман аҳлининг сайилгоҳдаги чиқишларида ҳам билинди бу.

Ясалганига икки асрдан ошган ёрғучоқ, қўл тегирмони, тол қошиғу гилам тўқиш ускуналари ота-боболаримизнинг нақадар қўли гул ҳунарманд эканликларини англатиб турибди. Туманнинг фақат ўзигагина хос миллий каштачилик буюмлари ҳам одамларда катта қизиқиш уйғотди.

- Бизда бўлажак келинлар тўйдан олдин ўз қўллари билан каштали жойпўш, куёвга белқарс, қайнотасига жойнамоз, қайнонасига чойпўш ва елпиғичлар тикиб бориши қатъий талаб этилади, - дейди батошлик Нилуфар Раупова. - Шунинг учун айни баҳор фаслида қизлар табиат қўйнида ўтириб, каштачилик буюмларини тикишади.

Давранинг ўртасида эса ҳафсала билан безалган кўшкнинг остида ҳақиқий ғузорча никоҳ тўйи бўлмоқда.

- Наврўз тўй билан бошланса, элда йил бўйи тўй бўлади, яхши кунлар кўп бўлади, - дейди Карима момо Мавлонова. - Шу ният билан одатда Наврўзни тўй билан бошлаймиз.

Сайилга ғузорликлар сумалакдан тортиб, кўк сомсагача бўлган 37 хил баҳорий миллий таомлари билан келишган экан. Уларнинг қаторида миллий таомларимиздан севиб тановул қиладиганимиз тандир гўшт ҳам бор. Бу борада ғузорликлар ўзига хос тажрибага эга. Уларнинг ҳеч бир тантанаси тандир гўштисиз ўтмайди. Наврўз байрами ҳам.

- "Тандир"нинг зўри Наврўзда тайёрланади, - дейди ошпаз Рустам Раупов. - Кўпнинг оши ширин-да. Гўштни есангиз, фақат "тандир" қилиб енг. Қувватнинг ҳаммаси шунда. Биласиз, бу таом ҳамма туманда ҳам бор. Лекин бизники барибир бошқача. Бугунги байрамгаям семиз қўйнинг гўштидан тайёрлаб келганман. Олдин татиб кўринг, кейин баҳо берасиз.

Ҳа, ғузорликлар сайилгоҳга ўзлари билан бирга жуда кўп боқий қадриятларини, бардавом анъаналарини олиб келишган экан. Уларнинг барчаси эзгуликни, яхшиликни, меҳр-оқибатни тараннум этди.

Собир НАРЗИЕВ олган суратларда: сайилдан лавҳалар.

Категория: Мои статьи | Добавил: яргаллык (08.04.2014)
Просмотров: 1227 | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Имя *:
Email *:
Код *:
Категории раздела
Вход на сайт
Поиск
Наш опрос
Оцените мой сайт
Всего ответов: 17
Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0