Суббота, 12.07.2025, 10:27
МАРҲАБО! Гость | RSS

Каталог статей

Главная » Статьи » Мои статьи

Маънавият дарсхонаси
Маънавият дарсхонаси
 
САЙИЛМИСАН-САЙИЛ БЎЛДИ

Аввал хабар берганимиздек, воҳамиз марказида Наврўз айёми катта шодиёналар билан, кўтаринки руҳда нишонланди. Алишер Навоий номидаги маданият ва истироҳат боғи байрамга ташриф буюрганлар билан гавжум бўлди. Байрам ҳақиқий халқ сайлига айланиб кетди. Одамлар қалбидаги мамнунлик, хуш кайфият юз-кўзларида акс этди.

Эътибор НОРБЎТАЕВА.

Дошқозонларда сумалак қайнади шу кун, ошлар тортилди дастурхонларга. Санъаткорларнинг куй-қўшиқлари кечга қадар садо бериб турди. Шу куни байрамга келганлар бир неча гектардан иборат боғнинг қаерига боришмасин, ташкил этилган турли томошабоп тадбирлардан баҳра олишди. Бир томонда туманлар вакиллари, бир томонда Қарши шаҳри маҳаллалари, учун ажратилган кўшклардаги дилтортар манзаралар, бир ёнда миллий спорт ўйинлари, бир ёнда ош базмию кўргазмалар... Турли миллат вакилларининг қўшиқ ва рақсларига беихтиёр маҳлиё бўлиб қоласиз.

Қараб, ақлингиз шошади. Ҳайратингиз ошади. Бунчалар серфайз бу байрам! Бунчалар удумларга бой бу эл! Бунчалар самимий ва дилкаш бу чеҳралар!

Бу файзу тароват, бу шодиёналар замирида нима бор? Энг аввало, садағанг кетай Тинчлик! Сўнг Саломатлик! Ундан кейин Эзгулик, Ҳамжиҳатлик, Тотувлик, Меҳр-оқибат, Тўкинлик, Фаровонлик, Бунёдкорлик, Ободлик!.. Минг шукур, буларнинг барчаси барқарор бу юртда.

Шу куни кексаларимиз бундай сайилларни соғинишганини, ҳурлик билан бирга гўзал байрамларимизнинг ҳам қайтгани ва янада гўзал қиёфа касб этиб, диллардан чуқур жой олаётганини эътироф этишди. Шундай айёмларни элга қайта туҳфа этган Юртбошини алқаб, дуога қўл очишди.

Дарҳақиқат, Президентимиз пойтахтимизда ўтказилган Наврўз байрамига бағишланган тантанали маросимдаги Табрик сўзида таъкидлаганидек: "Наврўзи олам биз учун энг қадимий, асл миллий, турли мафкура ва сиёсатлардан холи, урф-одатларимизга ва қадриятларимизга жавоб берадиган байрам"дир.

Наврўз вилоятимизнинг барча ҳудудлари - қишлоқ ва маҳаллаларида, қир-адирлар, боғлару тоғларда кўтаринки руҳда нишонланмоқда.

Ўзбекистон – умумий уйимиз

ШУНДАЙ ЮРТДА ЯШАШ – БУЮК БАХТ

Миллий қадриятларини қадрлаган авлоднинг қадди ҳам, қалби ҳам ҳамиша юксак, руҳи уйғоқ, фикри теран бўлади. Ота-боболаримиз танлаган йўлдан ҳикмат топсак, миллий маънавиятимизни англаймиз. Аждодларимизнинг ҳаёт тарзи ва удумларини ривожлантирсак, миллат руҳи бардавомлигига ҳисса қўшган бўламиз. Бу эзгу йўлнинг азалий ва абадий мезонлари халқимизнинг энг азиз байрамларидан бири – Наврўз фалсафасида ҳам ўз ифодасини топган. Қарши шаҳридаги Алишер Навоий номидаги маданият ва истироҳат боғида бўлиб ўтган сайилда ўзбек халқининг миллий қадриятлари билан бир қаторда, турли миллатларнинг урф-одатлари, анъаналари миллий маданият марказлари чиқишларида ўз аксини топди.

Шоҳиста БОЗОРОВА.

- Бағрикенглик, миллатлараро тотувлик, қон-қардошлик ришталари доимо юксак қадрланган Ўзбекистонда яшаш чиндан-да бахт, - дейди туркман миллий маданият маркази раҳбари ўринбосари Зулфиқор Тўймуродов. -Жаннатмонанд юртимизда фаровон яшаш учун ҳамма имкониятлар бор. Юртимизнинг тинчлигидан, элимизнинг ҳамжиҳатлигидан мана шундай байрамлар бўлиб ўтаяпти. Бугунги байрамда марказимиз томонидан миллий кийимлар, Наврўз таомлари, ҳунармандчилик буюмлари кўргазмаси ташкил этилди.

Худди печакдай қилиб пиширилган, нон шаклидаги таомнинг номи билан қизиқаман.

-Бу туркманларнинг миллий таоми – ишлики, - дейди З.Тўймуродов. - Хамир ёйилиб, ичига гўшт солиб, нон шаклига келтирилади. Кейин уни темир идишга солиб, қумга кўмиб пиширилади. Шунингдек, уни қозонга озгина ёғ солиб ҳам пишириш мумкин.

Ҳар бир халқнинг ўз тарихи, қадрияти ва ўзига хос анъаналари бор. Кореяда узоқ тарихга эга байрамлар талайгина. Аммо улар учун энг қадрлиси - ой тақвими бўйича Янги йил байрами. Бу байрам февраль ойининг охири ва март ойининг бошига тўғри келади. Корейс халқи ўзбек халқи каби меҳнаткаш. Уларда ҳам ерга бўлган меҳр кучли. Янги йил байрамининг нишонланиши эса далада иш бошланишини билдиради. Уни ўзимизнинг Нарвўз байрамига таққослаш мумкин.

-Янги кун барчамизга тинчлик-хотиржамлик олиб келсин, дастурхонимиз ҳамиша тўкин бўлсин, - дейди вилоят корейс миллий маданият маркази раҳбари Терентий Николаевич Ли. - Ҳаммани бир кўзда кўриб, мана шундай шароитларни яратиб берган Юртбошимиз соғ-омон бўлсинлар. Ўзбекистон - бизнинг уйимиз. Ўзбекистонда туғилганимдан, яшаётганлигимдан бахтиёрман. Нимага эришган бўлсам, шу юртда, шу эл туфайли эришдим. Бундай халқ, Ўзбекистондек Ватан борми дунёда? Бу Ватанни ҳеч нарсага алмаштириб ҳам, қиёслаб ҳам бўлмайди. Бундай Ватаннинг қадрига етмоқ, тупроғини кўзга тўтиё қилмоқ керак. Ўзбекистон янада гуллаб-яшнайверсин!

Кореяликларнинг миллий либоси "ханбок" ҳам ўзбекларнинг атлас кўйлаклари каби ўзига хос жиҳатлари билан ажралиб туради. "Ханбок" - ажойиб дизайнга эга бўлиб, аёлларни ниҳоят жозибадор ва гўзал қилиб кўрсатади. Бу либосни кийиб олган корейс хотин-қизлари ўзлари тайёрлаб келган таомлар, турли хил корейсча салатларини сайил иштирокчиларига тортиқ қилишди. Миллий рақслари билан дилларни хушнуд этишди.

Воҳамизда ташкил этилган тожик миллий маданият марказида айни пайтда Абдурасул Эргашев раҳбарлик қилади.

- Бугунги сайилга қараб шодланасиз, қўшиқларни тинглаб завқланасиз, моҳиятига боқиб ҳайратланасиз, - дейди А.Эргашев. - Бугун Наврўз тантаналари ҳамма замонлардагидан-да гўзал ва азиз, латофатли ва мафтункор ўтмоқда. Биз ҳам ўзига хос миллий таомларимиз - татурник, нонитоба, ширкади, сирсанжит таомлари, ўзимизнинг қадимги кийимларимиз, ёстиқлар, жойнамозлар, ҳар хил тақинчоқлар, турли хил сопол идишлар, келин-куёвлар уйлари безатиладиган безакларини намойиш этмоқдамиз.

Воҳанинг жануби-ғарбида жойлашган Жейновнинг аксарият аҳолиси араб миллатига мансуб. Бу масканда арабларга хос соф миллий урф-одатлар кўп жиҳатлари билан тўлиқ сақланганлиги тадбирда яна бир бор акс этди.

- Араб аёллари киядиган гиззи (аёллар бош кийими), хатабак (тақинчоқ), бухнак (безак тури), бурунга тақиладиган натти (балдоқ) Марказий Осиёда яшовчи бошқа бирорта миллатларда учрамайди, - дейди вилоят араб миллий маданият маркази масъул котиби Ниёзмуҳаммад Панжиев. - Ёрма, халиса миллий таомларимиз. Мана бу энг шифобахш, энг ноёб ичимлигимиз - туя сути. Ота-боболаримиз чорвадор бўлган. Туя, от, сурув-сурув қўй боқишган. Туянинг сутидан айрон, отнинг сутидан қимиз, қўйнинг сутидан қатиқ тайёрлашган.

Татар-бошқирд миллий маданият маркази раҳбари Фирюза Ихсанова марказ фаолияти ҳақида тўлқинланиб гапиради. Айниқса, миллатдошлари ўртасида ўз халқи урф-одатлари, тили ва анъаналарини асраб-авайлаш, келгуси авлодларга етказиш учун ҳам мамлакатимизда кенг имкониятлар яратилганлигини қувониб сўзлайди. Бу юртимизда мустақиллик йилларида миллатлараро тотувлик, ўзаро ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлаш борасидаги хайрли ишларнинг меваси эканлигини алоҳида таъкидлайди.

- Наврўзни биз Янги кун деб атаймиз, - дейди Ф.Ихсанова. – Бу байрамда дастурхонга "С" ҳарфи билан бошланадиган етти хил таом қўйилади. Албатта, улар ичида Янги кун таоми – сумалак бўлади. Бундан ташқари миллий таомларимиз балиш, чак-чак, хворис, розочки, пучмаки, кўксомса дастурхонга тортилади.

Татар-бошқирд миллий маданият марказининг кўргазмаси қадимда тўқилган турли хил жойнамозлар, сочиқлар, уч асрдан буён сақланиб келаётган самовар, турли хил уй анжомлари билан безатилган.

- Ёнма-ён яшайдиган турли миллат вакилларининг удумлари ҳам ўхшаб кетади, - дейди Чироқчи туманидаги "Умрзоя" ("Бойчечак") ансамбли иштирокчиси Роза Бибарсова. – Бу сочиқ ва жойнамозларни 1908 йилда онам Ўзбекистонда тикканлар. Қаранг, безаклари қандай гўзал...

- Мен Ўзбекистонни яшнаб турган боққа ўхшатаман, - дейди рус миллий маданият маркази раҳбари Елена Кучеренко. - Чунки боғда турфа гуллар ўсади. Бу ерда яшаётган турли миллат вакилларини эса ўша гулларга қиёс қиламан. Сўзимнинг исботини мана бугунги айёмда кўриб турибсиз. Юртимиз ўз халқининг турли миллатга мансублиги, аҳиллиги билан ҳам гўзалдир. Куни кеча биз ҳам Наврўзга ўхшаш – "масленница" байрамимизни ўтказиб, қишни кузатдик ва баҳорни кутиб олдик. Дастурхонда қуймоқ, чучвара, борщ, мураббо ва албатта, ўзбек миллий таоми палов ва турли хилдаги нонлар қўйилади. Наврўз энг чиройли байрам, бу хурсандчилик, гина-кудуратлар унутиладиган байрам. Тилагим ҳар бир хонадонда хурсандчилик, тўкин-сочинлик бўлсин.

Наврўз асрлар оша ана шундай азиз қадриятимиз – ҳамжиҳат ва аҳилликда яшаш туйғусини тарбиялаб келмоқда. Қуёш тафти сингари қайноқ ва сахий Ватан барчамизники. Асрлар оша бағрида дўстлик ва биродарлик анъаналарини кўз қорачиғидек асраб-авайлаб келаётган юртимизга асло кўз тегмасин.

Алқисса, Қашқадайро деган элда, улкан ният билан дилда, эзгу тилак чиқиб тилдан табрик этмоққа шошилдим. Чунки бугун келинчакдек очилиб Наврўз кеп турган, шоирлари таърифини берип турган жойи экан.

Қаршидаги катта боғда бугун сайил ўтаётир. Деҳқонобод ўтовини тикаётир. Қуёш заррин нурларини тўкаётир. Ҳар хил шарлар дамланиб, гуллаган дарахтларга бойланаётир. Каштаю сўзаналар бир томонда товланаётир.

Ҳов, эл олдида бўрининг сурати созланаётир. Бир ёқда эл билан тарих юзланаётир: момоларим сут сақлаган кадида, хамач билан ер ҳайдаган боболар. Бу кигизнинг чийи қўлда босилган. Ёнида, ҳов, қуроқ кўрпа осилган. Қўлоғочда майдалашиб дон дунни, жарғунчоқда тайёрлашган сўнг унни. Нон мазаси тоботошнинг бир сири, тоботош бу чўпонимнинг тандири. Полвон элга эгар жабдуқ ярашган, унга ҳамма ҳавас билан қарашган.

Ҳов, бир ёнда қўнғирот момолар соч бовини ўраётир. Йигитлари қизларга сирли қараётир. Ўтган-қайтган одамлар Деҳқонобод урф-одати, қадимий идиш-товоқларига қизиғиб қараётир. Бир томонда Дилбар момо момоларни чебарлаётир. Ўртада сибизғани Раҳим бобо чолаётир. Ҳамманинг ҳам юрагига бир муҳаббат солаётир. Сибизғада мингдан ортиқ куй яратган Раҳим бобо. Элликқалъа томонда-да донг таратган Раҳим бобо.

Ҳов, мана бу ерда машҳур Қодир оқиннинг, Амриқода дўмбирада "ламбада"ни чалиб, уммон ортини забт этган бахшининг катта ўғли, воҳа булбули Қаҳҳор бахши худди Асқар тоғдай тўлғаниб, емраниб, тўлиб-тошиб гоҳ терма, гоҳ достон куйлаётир. Деҳқонободнинг элидан, тарихи-ю тилидан, кечаси, бугунидан сўйлаётир.

Ҳов, келаётир деҳқонободликларнинг ғайрати. Ўртада қўнғирот элининг ҳиммати. Бу томонда калий завод сурати келган кетганнинг диққатини худди бўй қиздай ўзига тортаётир. Бир ёнда ёшлар ясаган нарсалар, улар чизган расмларни кўриб барчанинг ҳайрати ортаётир.

Айниқса, Алпомишдан мерос бўлиб қолган ўтов оппоқ булутдай тўлиб турибди, чонғороқлари кулиб турибди. Қатор-қатор чийлари оёғини тираб турибди, кигизлари ўтовни ўраб турибди. Нимагадир белдовларини бураб турибди. Худди ўртага ҳумо қуши қўнгандай эл-эломон бу ўтовга суқланиб қараб турибди.

Боболарим суянчиғи бўлган Наврўз, момоларим қорачиғи бўлган Наврўз, ўтовимнинг тепасида бахтим тилаб, Қуёш билан бирга-бирга турган Наврўз янги кунни бизга олиб келаётир. Дилга қувонч, юзга шодлик улаётир. Наврўз келиб яйрагандир қўзи-қўй ҳам. Тоғлар бағрин ҳозир қувонч тутган бизда. Байрам доим кўпкарию чиллак билан ва албатта бахши билан ўтган бизда. Сумалакнинг бир тошини тутмоқ учун бўз йигитлар қозонга ўчоқ қазаётир. Айтганларим газетда битмоқ учун Толиб укам битта-битта ёзаётир.

Ўзбекистон Халқ бахшиси Қаҳҳор бахши РАҲИМОВнинг деганларини ТОЛИБ ёзиб олди.

-Наврўз ҳадисасиз ўтмайди бизда, - дея тушунтиради Юсуф бобо Расулов йиғилганларга. –Ҳамсоя-халқ, қўни-қўшни биргаликда пиширади-да буни. Бир кеча-кундуз қайнаб, ўзиям асал бўб кетади. Бундан кейинги турмушимиз ҳам шундай ширин бўлсин, омонлик-эсонлик бўлсин, меҳрли, оқибатли бўлайлик, аҳиллигимизга кўз тегмасин... дея қозон атрофида эл дуога қўл очади. Ота-боболаримиздан қолган удум-да бу...

Ҳумоюн ТЕМУР.

Косонлик Юсуф бобо биргина Наврўз таомининг тайёрланишига тўхталиб, халқимизга хос жуда кўп қадриятлар, анъаналар ҳақида сўз юритади. Сал нарироқда Косоннинг қандолатчиси қандини мақтаса, ҳунарманди ҳунарини кўрсатади. Сайилда қуббанинг, қуббачиларнинг зўри ҳам Косонда эканлигини ҳамма кўрди, тан олди.

Дейдиё-дейди, бугун Наврўз, дейди,

Бугун Наврўз кунида, ўйнаб-кулинг, дейди,

дея куйлаганча "Истиқлол йўллари" фольклор ансамбли аъзолари байрамни янада қўр олдиради. Одам гавжум. Кимдир ўйнаяпти. Кимдир кулаяпти.

-Бунисида баҳор манзаралари кўрсатилган. Қара, деҳқон ерга уруғ қадаяпти. Мана бунисида одамлар йиғилганми-эй...

-Бунда Наврўз сайли тасвирланган, - дея ўз ишини томоша қилаётганлар суҳбатига қўшилади ёш ҳунарманд Шаҳноза Бозорова. –Булар бўзга турли рангдаги табиий ипакдан тикилган.

Товоқ, ғалвир, элак, челак, эгар, омоч, кели каби юзлаб ҳунармандчилик маҳсулотларини кўриб, кеча ва бугуннинг оралиғида саёҳат қиласиз гўё.

-Бу қадимий қорачироқ, буниси ўғир - тушунтиради Шоҳида Арслонова. –Ўғирми? Бунда ота-боболаримиз сумалакнинг майсасини эзишган. Ўғирда эзилиб, тайёрланган сумалакнинг мазаси қандайлигини биласизми? Зўр бўлади. Мана, татиб кўринг.

Халқимизнинг удуми кўп. Удумлари ўзгача. Турли миллат вакиллари аҳиллик билан яшаб келаётган Косонда ҳам келин тўйлар, суннат тўйлар, бешик тўйлар ҳар бир ҳудудда ўзгача ўтади. Булар Наврўз сайлида яна бир бор намоён бўлди.

-Энг катта удумларимиздан бири "Қозон тўлди", - дейди Зайнаб Раупова. –Бу дегани Наврўз куни ҳар ким қурби етганича турлича овқат қилиб, ҳамсоя- халққа улашади. Шу куни халталар донга, қозонлар овқатга тўлади. Умуман уйдаги барча идиш-товоқлар озиқ-овқатлар билан тўлдирилади. Кимнингдир қурби келмаса, ҳеч бўлмаганда идиш-товоқларга сув солинади. Бунинг маъниси келаётган янги йил ҳам худди шундай тўкинчилик, мўл-кўлчилик билан ўтсин дегани. Йил бўйи элдан хайру барака аримасин дегани.

Шу куни косонликлар ўзларининг қандай аҳил, қандай иноқ яшаётганлигини, ота-боболаридан мерос эзгу қадриятларни қандай эъзозлаб келаётганини, тўйини, удумларини, НАВРЎЗини кўрсатди. Ўйнади, кулди. Бу янги кун қувончлари, бу Наврўз шодликлари истироҳат боғидан Қарши чўлларига, у ердан Косон кенгликларига-да ёйилди.

ЧАНҚОВУЗ САДОЛАРИ ВА ТЕМИРЧИ САНДОНИ ЖАРАНГИ

Сайилгоҳда ташкил этилган ҳунармандлар кўргазмаси уста Шариф ясаган чанқовуз садолари билан бошланди. Темирчи сандонининг жаранги эса юртимизга Наврўзи олам кириб келганлигини яна бир бор ҳаммага эслатди гўё.

Н.ТИЛЛАЕВ.

Кимдир ўтов тиклаган, кимдир мўъжазгина кўчма уйда ўзи тайёрлаган маҳсулотларни намойиш қилмоқда. Ана китоблик моҳир уста Олим Тўраев ёғоч ўймакорлиги санъати ҳақида берилиб гапирмоқда. Қарши шаҳрилик ёш ҳунарманд Жамшид Қувватов эса оддий юлғин хипчинларидан тайёрлаган бежирим саватларига таъриф бераяпти.

-Боқий қадриятларимизнинг ажралмас қисми бўлган ҳунармандчиликнинг тури, йўналиши кўп, - дейди республика "Ҳунармандлар" уюшмасининг вилоят бўлими раиси Клара Мукашова. –Биргина вилоятимизни олайлик. Бир ҳудуднинг ҳунари иккинчи жойникини такрорламайди. Ҳар бирида ўзига хослик бор. Бугунги кўргазмада бу яна бир бор намоён бўлмоқда. Эскидан ота-боболаримиз Наврўз сайилларида ҳунарини кўрсатишган, ўзлари тайёрлаган янги ҳунармандчилик маҳсулотларини намойиш қилишган. Худди бугунгидай. Сайилга вилоятимизнинг барча туманларидан ҳунармандлар келишган.

-Кўриб турганимиз наққошлик, ўймакорлик, кулолчилик, пичоқчилик, заргарлик, темирчилик, мисгарлик, каштачилик, қуббачилик – буларнинг ҳаммаси даврлар оша аждодларимиздан бизгача етиб келган халқ амалий санъати намуналаридир, - дейди ғузорлик Гулноз Биллиева. - Улар халқимиз учун Наврўз каби қадимий, Наврўз каби ардоқли. Яна бир ўхшашликни қарангки, уларнинг ҳар иккиси истиқлол туфайли янгиланди, ривожланди, такомиллашди. Яъни уларнинг эзгулик билан йўғрилган янги қирралари янада сайқал топмоқда.

Ҳунармандлар қўлида жило топган ироқи дўппиларни, келин кўйлакларни кўрган хотин-қизлар яшнаб кетди, ўзиям. Уларнинг бу қувончи бошқаларга ҳам инди.

-Тарихий кумуш буюмларни қайта тиклаш билан шуғулланаман, - дейди ёш ҳунарманд Шариф Раупов. –Мана бу чанқовузни неча йиллар олдин ота-боболаримиз чалиб, Наврўзни кутиб олишган. Яқинда уни қайта тикладим. Мана бундай чалинади у.

Сайилгоҳ чанқовуздан таралган Наврўз оҳанглари билан тўлди. Бу ҳунар аҳлига илҳом бағишлади. Уларнинг кўнглида яратиш, яшнатиш иштиёқи жўш урди. Бу уларнинг юзларида, кўзларида акс этди.

Китоб: АВВАЛ БОҒЛАРДА, СЎНГРА ТОҒЛАРДА

Сўлим Китобда ҳам баҳор, Наврўз ўзгача қарши олинади. Аввало, серфайз боғларда, сўнгра пурвиқор тоғларда Наврўз насимлари шивирлайди. Сумак қишлоғидаги таъми тилларда достон, 12 йил деганда ҳосил соладиган, шу қишлоқдан ўзга жойда ўсмайдиган, ноёб нашватизорларда, довруғи бутун дунёга таралган Варганза анорзорларида, Паландаранинг тилни ёрар узумзорларида бугун баҳор нафаси эсмоқда. Азалдан қўли гул уста ҳунармандлар маскани бўлган бу эл. Ажойиб ўймакор нақшлари, дўппидўзлик, каштачиликдаги бетакрор, ўзгача усуллари билан ном қозониб келган.

Ўлмас БАРАТОВ.

Китобликларнинг вилоят марказида ўтган Наврўз байрамидаги чиқишларида бу жиҳатлар яна бир бор бўй кўрсатди.

Бир ёнда мучал чархпалаги айланиб турибди. Бир ёнда туманнинг улуғвор тоғларию, шалоладай сойлари тасвири. Яна бошқа томонда ғарқ пишган анору олмалар.

- Мучал чархпалаги менда ўзгача таассурот қолдирди, - дейди қаршилик Севара Азимова. – Ҳақиқатдан ҳаётимизнинг ўзи чархпалакка ўхшайди. Эски йил ҳисоби бўйича мучал йили айнан Наврўз байрамидан бошланар экан. Ҳар бир мучалга турли ҳайвонларнинг танланиши ҳам бежиз эмас.

Баҳор ифори паландаралик Ойчучук момонинг-да кашталарига кўркамлик бағишлади.

- Момоларимиздан бизларгача етиб келган ҳунар бу, - дейди Сумак қишлоғилик Ойчучук Каримова. – Ҳар хил сумкалар, дўппи, куёвлик белқарсларига кашталар солиб безатамиз. Уларда буюк ҳикмат бор.

Шунингдек, кўргазмадан моҳир ёғоч ўймакорлари томонидан тайёрланган миллий эшиклар, устунлар, лавҳ ва бошқа ўймакорлик буюмлари жой олган. Баҳор гулларига менгзалган ўймакор нақшлар уларга зеб бериб турибди.

Китобликлар учун Наврўз сайли тўйларга уланиб кетади, одатда. Чунки уларда Наврўздан олдин ёки кейин турли хил тўй маросимларини ўтказиш анъанага айланган. Шулардан энг қизиқарлиси мучал тўйидир. Ўғил-қизи 12 ёшга тўлганда ана шундай тўйлар қилиниб, элу халққа, қавму қариндошларга дастурхон ёзилади. Бир мучалнинг айнан 12 йил қилиб белгиланиши инсон организмида 12 йилда биофизиологик ва руҳий ўзгаришлар содир бўлиши билан боғлиқ экан. Қадимда ҳам мучал ёши Наврўз байрами билан бирга нишонланган.

Китобда нишонланадиган мучал тўйининг қизиқ анъана- ларидан бири "Пўстакталош" ўйини бўлди. Унда ҳар гу- зардан чиққан мард, жасур йигитлар даврага чиқишади ва қўйнинг терисидан қилинган пўстакни тортиб беллашишади. Қайси томон ютиб олса, ўша пўстакнинг устига тўйболани ўтирғизиб давра айлантирилади...

Истироҳат боғида сайр қилиб юрган барчанинг кўнглида баҳорий илиқлик, юзида самимийлик акс этган. Бу эса ҳаётимиз бардавомлиги, халқимиз тинчлигининг гаровидир.

Касби дея аталмиш замин миллий маданиятининг ажралмас қисми бўлган бадиий ҳунармандчилик намуналари ҳали неча-неча Наврўз тантаналарида кишилар кўзини қувонтириб, ўзида мужассам этган санъат жилваси билан кўнгилларга қувонч олиб кираверади. Чунки халқ даҳоси билан яратилажак ҳар бир амалий санъат асарида халқнинг фикри, ўй- хаёллари, табиатга муҳаббати бор. Бу муҳаббат сайилда тўла-тўкис намоён бўлди.

Инобат АБДУЛЛАЕВА.

Мамлакатимизда тандир ясашда касбиликларга тенг келадигани топилмаса керак. Бунинг сабаби туманнинг қўли гул усталари-ю бошқа ҳеч қаерда учрамайдиган тупроғи. Уста кулол Ўктам Аминов бу билан ҳақли равишда фахрланади.

-Ишонмасангиз, кўп йиллик новвойлардан "Қаернинг тандири яхши?" деб сўраб кўринг, "Касбиники", демаса менга келинг, - дея чинкиллаб пишган тандирни чертиб кўрсатади уста.

Дарҳақиқат, етти ўлчаб бир кесадиган касбиликлар нафақат кулолчиликда моҳир, балки ҳар бир ишнинг кўзини билгани учун ҳам уларнинг рўзғори бут, турмуши фаровон. Бу туманда ҳунармандчиликнинг ўзига хос мактаби яратилган.

Қарши шаҳридаги Алишер Навоий номли маданият ва истироҳат боғида ўтказилган Наврўз сайлига ҳам касбиликлар барчага ҳашаматли гиламлари, нафис ипак рўмоллари, сўзаналар, ажойиб темирчилик буюмлари, ўймакорлик асосида ва мисдан ясалган идишлар, кўзни қамаштирувчи сувенирлар, ўйинчоқлар, тулум (чучело) саънъати намуналарини намойиш этдилар. Буларнинг барчаси ҳудудда куртак ёзган халқ амалий санъати тарихи билан яқиндан танишиш имконини берди.

Қишнинг узун ва аёзли кунларидан зерикиб, баҳор келиши билан табиат қўйнига чиққан тоғ жонзотлари тулумлари худди тирикдек. Уларни кўрган ёшу қарининг ҳайрати ортади.

-Мана шуларнинг ҳаммасини ўзим ясаганман, - дейди Абдулбоқи ота Ҳомидов. - Бу ҳам бир қизиқиш-да. Ўн йилдан буён шу ҳунар билан шуғулланиб келаяпман. Уйда 200 га яқин экспонатларим бор.

Муқаддас Ҳусимова аждодлар касбини эъзозлаб, уни санъат даражасига олиб чиқди. Барча гиламлар қадимий услубда тўқилган. Уларнинг нақшларидаги ўзига хос рамзлар ҳам кишининг диққатини тортади.

- Мана булар "араби гилам", "ип шол", "Қиличи гилам"лар, бу эса "канопи", - дейди ҳунарманд. - "Пахтали гилам" эса Касбида қимматбаҳо ҳисобланган, қадимда унга фақат бойлар буюртма берган. Пахта толасидан гиламдан ташқари олача, бўз матолари тайёрланган. Биз гиламчиликни давом эттираётган бешинчи авлодмиз. Бугун буларнинг савдоси қандай дейсизми? Бизнинг гиламлар бозорга олиб чиқиб сотилмайди, балки харидорларнинг ўзлари уйимиздан олиб кетадилар.

Анъанавий безак композициялари, баҳорда очилаётган гуллар акси, ранглар уйғунлиги сабаб рассомнинг гўзал суратига қиёсланувчи миллий зардўзлик, қуроқчилик, ишлари – Касби ҳунармандларининг ғурури.

-Мен Касби туманидан олиб келинган буюмларни, улардаги ранг-барангликни кўриб, тўғриси ҳайратга тушдим, - дейди қаршилик Феруза Жўраева.

Шу куни кўшкдан ёғоч ўймакорлиги санъати билан танилаётган Мухтор Жўллиевнинг санъатидан намуналар ҳам жой олди. Ислимий услубда яратилган бу асарларда гуллар, барглар ўта нафис акс этган.

-Уларнинг ўзига хос ва чиройли чиқиши учун қирқма пардоз усули қўлланилади, - дейди ҳунарманд. - Нақшлари бўлакларга бўлиб эмас, яхлит ҳолда бўлишига қарамай, асарга алоҳида жило беради.

Миришкор: АҲИЛЛИККА НИМА ЕТСИН

КУЗАТУВ. ...Кўчма уй. Унинг атрофида деҳқон бор, чорвадору чўпон бор. Ҳунарманду тадбиркор – ҳамма-ҳаммаси жам бўлишган. Араби, ғажари гиламлар. Қиз кигиз. Туя. Дала-даштлар, кенгликлар тасвирланган каштачилик буюмлари. Ҳунармандчилик, чорвачилик маҳсулотлари. Сочларига толбарг таққан қизлар, бурнига натти (балдоқ) таққан момолар кулгусию, ям-яшил майса устида бел олишган алп йигитлар шижоати билан бошланди Наврўз. Гоҳ туркманча, гоҳ арабча, гоҳ ўзбекча... янграган куй-қўшиқлар ҳаммани рақсга, байрамга чорлайди. Бу аҳилликка, бу иноқликка барча ҳавас билан қарайди. Ҳамманинг дилидаги тилига кўчади: Наврўз – бирдамлик байрами, Наврўз - эзгулик, меҳр-оқибат айёми...

ЭШИТГАНЛАРИМ. ...Наврўз келишининг охирги чоршанбасида тунда "Чоршанба чироқ" удумини ўтказамиз. Бунда бир оилада неча киши бўлса, шунча гулхан тайёрлаш учун қорайиб-қовжираб қолган янтоқ дасталари қўйиб чиқилади. Гулханнинг устидан уч марта ҳатлаб ўтилади: кўнгилсизликлар, ёмонликлар, гина-кудуратлар эски йилда қолсин, ўтда ёнсин деб, янги йил ёруғлик, барака олиб келсин деб.

Гулхандан ҳатлаб ўтишда "Чоршанба дедим ҳатладим, пайшанба дедим ҳатладим", дейилади. Бу ишни ҳамма қилиб бўлгач, кимнинг уйида жўмраги синган чойнак, қирраси учган пиёла, коса, лали бўлса, олиб чиқиб, гулхан устига синдиради. Янги йилга софланиб, янгиланиб борган яхши-да...

...Бу гилам тўқилганига 125 йил бўлган. Момомдан қолган. Қаранг, янгидай турибди. Эни 2, бўйи 4 метр. Оғирлиги 25-30 кило тош босади-ёв. Соф қўй жўнидан тўқилган. Номими? Биз уни "Гумдони" деймиз. Бундай дейилишига сабаб – тўрт-беш хотин бир хонага қамалиб, битта шундай гиламни 2 ой тўқиган. Шу-шу "Гумдони" дейилган. Гиламларимизнинг тури кўп.

Бу урчуқ, бунисида йигирилган ип рангга босилади, буниси арқон тоблагич. Қаранг, ҳаммаси Наврўз каби қадимий ва биз учун қадрли. Момоларимиз бундан 100 йил, 200 йил олдин қандай дастгоҳлар билан гилам тўқиган бўлса, ҳозир ҳам шундай. Ҳеч нарса ўзгармаган. Қўшмаганмиз ҳам, олмаганмиз ҳам.

...Ҳаммаси Наврўз, баҳор таомлари. Қани, ишликидан олинглар, ёрма, шўлат қандай бўлибди. Кўк сомсани кўринг-чи? Исмалоғи томорқадан чиққан-да. Туянинг сути дейсизми? Бор. Бир симиринг қани. Танга жондай ёқади-а? Бу одамга куч беради. Минг дардга даво...

АНГЛАГАНИМ. Миришкорликлар шу каби эзгу ният ва боқий қадриятлар билан Янги кунга – Наврўзга пешвоз чиқишаркан. Норсултон Андаева, Рўзимо Ҳакимова ва Ойбаҳор Ҳасанованинг гурунгларидан яна кўп нарсаларни англаш мумкин эди. Кўп миллатли Миришкорнинг Наврўзида мен юртга муҳаббатни, момомерос, бобомерос анъаналарга, қадриятларга содиқликни кўр-дим. Уларнинг онгидаги, тафаккуридаги ўзгаришларни, янгиланишларни сездим.

Сайилмисан, сайил бўлаяпти ўзиям. Етказганига, яна бир НАВРЎЗни кўрсатганига шукур, дея ўйин-кулгини давом эттирди миришкорликлар.

Муборак: МЎЪЖАЗ КЎШКДА КЕНГЛИКЛАР НАФАСИ

Сайилгоҳда бизни Муборак тумани вакиллари томонидан яратилган бадиий композиция жуда ҳайратлантирди. Узоқдан боғнинг бир чеккасини эгаллаб олган улкан паннода акс эттирилган Муборак кенгликлари, нефть-газ корхоналари миноралари ва меҳмондўст муборакликлар сиймосини кўрдик. Ана шу тасвир орқали Муборакнинг бугуни ва ўтмиши моҳирона ифодаланибди.

Зуҳра ОЙМАМАТОВА.

Ҳақиқатан ҳам Муборак қадимий ва бугун гуллаб-яшнаётган гўзал маскандир. Бу ҳудуд мамлакатимиз нефть ва газ саноатининг муҳим таянчи ҳисобланади. Муборак кўпмиллатли туман бўлиб, бу ерда араб, туркман, тожик, ўзбек, татар, рус, қозоқ, озарбайжон, болгар ва бошқа миллат вакиллари аҳил ҳаёт кечиришмоқда. Истиқлол йилларида миллатлар ўртасидаги ришталар янада мустаҳкамланди. Ҳар бир миллатнинг эркин ва фаровон ҳаёт кечириши, шу заминни Ватан деб эъзозлаётгани туманда эришилаётган муваффақиятларнинг негизини ташкил этади.

Муборак тумани кўшки ичида сузилиб турган уч миллатга тегишли келинлар тимсолида улар қардошликни, дўстликни ва ҳамжиҳатликни ифодалаб берганлар. Туркман, ўзбек ва озарбайжон келини либослари, қадимий тақинчоқлари диққатимизни тортди. Туркман келини тимсолини акс эттирган Роза Ҳакиеванинг бошидаги тахия, елкасидаги кумушдан ишланган бурук, эгнидаги мунчоқлар билан зийнатланган нимча, миллий нақш билан безатилган алача, устидан осиб қўйилган тумор бирам ярашганки, бу либослар ўтмиш ва бугунни боғлаб турган маънавий кўприкка ўхшаб кетади.

-Наврўз байрамини жуда яхши кўраман, - дейди араб миллатига мансуб Гавҳар Ҳамроева. –У дўстликни, ҳамжиҳатликни, меҳр-оқибатни, саховат ва мурувватни тараннум этувчи улуғ қадриятларимиздандир. Биз шу заминда туғилиб ўсганмиз, киндик қонимиз шу заминда томган. Ўзбекистон бизнинг она Ватан. Араб миллатида сақланиб қолган бурунга натти (балдоқ) тақиш урфи бизда ҳозир ҳам давом этмоқда. Араб аёллари азалдан ана шу тақинчоқни тақишган. Наврўз байрами ана шу қадриятларни намоён этади, миллатга ўзлигини англатади. Қизларимиз юзини бухнак билан ўрашади. Бухнакка кумуш тангалар ва чиройли мунчоқлар кўрк бериб туради.

-Гиламчилик бизга момомерос касб-кор, - дейди ҳунарманд Гулой Валиева. – Ўзим Туркманистоннинг Лебаб вилоятидан Муборакка келин бўлиб тушганман. Ҳар бир вилоятнинг ўз нақши ва безаклари бўлади. Лебабдан ўрганган нақшларни бугун гиламларда акс эттираяпман. Қўйларимиз бор. Жун ўзимиздан чиқади. Гилам бўёқлари табиий. Шунинг учун ҳам гиламларимизга хориждан ҳам харидорлар кўп. Турли кўрик-танловларда муваффақиятли иштирок этаяпман. Мен тўқиган гилам ҳатто пойтахтимиздаги музейда намойиш этилаяпти.

Ўзбекистондек гўзал юртда яшаётганимдан жуда бахтиёрман.

Куй-қўшиқлар авжига чиқди. Туркманча, тожикча, ўзбекча, арабча... Қўшиқ ва рақслар бир-бири билан уйғунлашиб кетди. Бу эса юртимизда яшаётган ҳар бир миллат тинч-тотув, бир оила фарзандлари каби эканлигини англатади. Наврўз айёми эса ана шу халқларни, миллат ва элатларнинг дўстлигини янада мустаҳкамламоқда. Наврўзнинг энг улуғ фазилати ҳам аслида шу.

Аксарият нишонликларнинг ота-бобоси чорвадор ўтган. Шунданми, бу гўшанинг катта-ю кичиги яйловни суяди. Эрта баҳордан, чим ниш урар-урмас далага талпинади. Ўтовни ҳам майсалар бўлиқ манзилда тикади. Кексалар дарвешонага бош бўлади, болалар чиллик, ошиқ, зувиллатарни қизитади.

Абдураззоқ МУРОДОВ.

-Наврўз бизнинг дала-даштдан, чўпонларнинг "қурей-қурей"идан бошланади-да. Кўклам, яшиллик энг аввал чўлни бўстон қилади. Бу чаманзор биринчи бўлиб ниш урган чучмома, қоқиўтнинг кулгисидан улгу олади. Деҳқончилик, экин-тикин яна ҳам жонланади. Аёлларнинг пишир-куйдири кўпаяди. Кимлардир сумалак қайнатган, яна кимлардир умоч, ёрма, ҳалим тараддудига тушган. Нишонликларда чўпонларнинг қуртоваси жуда машҳур. Бу қандай таом дейсизми? Кейин сизга пуржали айтиб бераман...

Абдулла Қодирий маҳалла фуқаролар йиғини диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси Бозорой Шотўраева миллий удумлар, таомлар, уларнинг хусусияти ҳақида жўшиб айтади. Ўтган-кетган борки, унинг сўзларига бефарқ қараб ўтолмайди.

Қаршида ўтказилган байрам муносабати билан Алишер Навоий номли маданият ва истироҳат боғида нишонликлар томонидан тикилган ўтов кўпчиликда қизиқиш уйғотди. Унда тизилган уч келин ўзбек, туркман, тожик миллатининг келинсаломларини намойиш этишди.

Бу тадбирда мен ҳам бор эдим. Шу маросимдан ўзимча бир мазмун, фалсафа топдим. Аввало, ўтовни дунёи дунга, она табиатга менгзадим. Келинчакларни эса баҳорга, уларга ҳайрат ва ҳавас билан термулмиш кишиларга ибо, ҳаё билан салом бериб, ҳарир ёпинчиқлари остидан ажиб табассум қилишларини кўклам даракчиси бўлмиш бойчечакка қиёс этдим.

Ўтов миллий каштачилик, тўқувчилик намуналари "музей"ига айланган. Капанинг асоси бўлмиш керага ва увуқларни боғлаб турган тузма-ю боғишларнинг, безак вазифасини ўтаган тўнтармаларнинг ҳаммаси табиий. Ташқарида аёллар жунга ишлов бериш, пахта саваш, урчуқ йигириш, гилам тўқиш жараёнларини кўрсатишаяпти. Маҳмутмурод бахши Ражабов термалар айтди:

Саҳарда булбуллар сайраган,

Бахшилар тинмайин куйлаган,

Қозонда сумалак қайнаган,

Наврўз келди юртима.

 

Карнай-сурнайлар янграган,

Алп полвонлар белин боғлаган,

Чавандозлар бедов отин шайлаган

Наврўз келди юртима...

 

Категория: Мои статьи | Добавил: яргаллык (08.04.2014)
Просмотров: 1138 | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Имя *:
Email *:
Код *:
Категории раздела
Вход на сайт
Поиск
Наш опрос
Оцените мой сайт
Всего ответов: 17
Статистика

Онлайн всего: 13
Гостей: 13
Пользователей: 0