СИЗ КУТГАН УЧРАШУВ
ЭЛ СУЙГАН ҚЎШИҚЧИ
ЁХУД САНОБАР РАҲМОНОВАНИНГ АЁЛЛИК, ОНАЛИК МАРТАБАСИ
Ривоят қилишларича, Аллоҳ таоло инсон танасига куй билан жон киритган экан. Дилрабо куй шу қадар сеҳрли, оромбаҳш бўлганидан бандалар дош беролмай ўша заҳотиёқ жонни таслим қилибдилар. Шу боисдан, Яратган уларга жабр қилиб қўйганини сезиб, куй сеҳрини бироз сусайтирган экан.
Бетакрор наво, гўзал оҳанглар ҳар қандай дилни сел қилиб юборишга қодир. Албатта, ҳар қандай қўшиқни ижро этиш учун катта маҳорат, кучли ва ширали овоз керак. Санъат соҳасида мутахассис бўлмасам-да, унинг куюнчак мухлиси сифатида айтишим мумкинки, халқ олий ҳакам. Халқ ҳақиқий санъаткорни тушунади ва қадрлайди. Шу боис, эл назарига тушган қўшиқчи ҳеч қачон унутилмайди.
Санобар Раҳмонова... Бу ном қўшиқ ихлосмандларига яхши таниш. Айниқса, "Куйла, Санобар" фильм концерти орқали 1974 йили Ўзбекистон телерадиоканалида 13 ёшли қизалоқ бетакрор овози, ижрочилик маҳорати билан томошабинлар олқишига сазовор бўлганди. "Устозлар", "Сабо, келтир хабар қишлоқларимдан", "Андижоним, гўзал шаҳрим" сингари ўнга яқин қўшиқлари билан мухлислар қалбидан жой олиб улгурганди. Ўша пайтда унинг қўшиқлари тилдан-тилга ўтиб, кўнгил мулкига айланганди.
- Санобархон, Сизни халққа танитган ўша фильм-концерт экран юзини кўрганига қарийб 30 йилдан ошди. Келинг, ўша бетакрор ва бахтли лаҳзалар муҳрланган онларни хотирласак.
- 1973 йили республикамиз биринчи раҳбари Шароф Рашидов пахта йиғим-терими олдидан вилоятда, шунингдек, Асакада бўлганида катта концерт намойиш қилинди. Шунда мен оддий чўпон қизига эътиборлари тушдими, "Шу қизчанинг қўшиқларини фильм-концерт қилиб кўрсатсак", деган топшириқ берилган. Кейин устозим Ғуломжон Рўзибоев билан биргаликда ўнга яқин қўшиғимни тайёрладик. Фильм режиссёри Ҳожимурод Ибрагимовнинг саъй-ҳаракати билан 1974 йили Ўзбекистон телерадиоканалида "Куйла, Санобар" фильм-концерти экран юзини кўрди. Ўша пайтда менинг ёшимдаги хонандалар бўлмагани учунми, томошабинлар менинг чиқишимни яхши қабул қилишди. Шундан сўнг мухлислардан кўплаб хатлар олдим.
"Фильм-концертдан кейин студиямизга кўплаб хатлар келяпти, тингловчилар билан юзма-юз учрашув қилишимизни сўрашяпти", деди фильм режиссёри. Шундан сўнг Тошкентдаги "Билимлар уйи"да уч кун учрашув ташкил қилинди. Бу мендай ёш ўқувчи қиз учун ўта ҳаяжонли кунлар бўлган. Санъатга, қўшиқ куйлашга бўлган ихлосимни янада оширди.
Кейин "Марҳабо, талантлар" танловида қатнашдим. Кўрикдан ташқари "Андижоним, гўзал шаҳрим" номли қўшиқни куйлаганимда хакамлар хайъати аъзоси бўлган шоир Туроб Тўла: "Агарда шу қизимиз танловда иштирок этганида, мен унга энг юқори баллни қўйган бўлардим", деб мени қутлаган.
1976 йили эса "Куйланг, ёш хонандалар" республика танловида қатнашдим.
- Негадир турмуш қурганингиздан кейин катта саҳналарда ҳам кўринадиган бўлиб қолгансиз. Буни қандай изоҳлайсиз?
- Келинг, шу саволингизга мен жавоб бера қолай, - дейди Ил-ҳомжон ака, суҳбатимизга қўшилиб. - Бу саволни менга ҳам кўп беришган. Санобархоннинг мухлислари мени ёмон кўришган ҳам. Нимагаки, мен уларни қўшиқ айттирмай қўйганмишман. Шундан сўнг Тошкентдан мухбир таклиф қилганман. Санобархоннинг ўзлари билан суҳбат қилишган. Шундан сўнггина бу саволга ойдинлик киритилган...
"САЪНАТДАГИ
БАХТИМНИ ОИЛАГА
АЛМАШТИРГАНМАН"
- Қўшиқ куйлашимга ҳеч ким монелик қилмаган. Илҳом ака оилада саккиз фарзанднинг кенжаси. Кекса қайнонам, қайнотамнинг дуосини олиб, оналик, бекаликнинг уддасидан чиқишни биринчи ўринга қўйганман. Аёл кишининг аввало, оиласида тинчи бўлсин. Қачонки у уйидан кўнгли тўлсагина, кўчага чиқади. Жамиятга бирон-бир фойдаси тегади. Оиладаги муҳит, турмуш ўртоғимнинг санъаткорлиги менга бўлган эътибори, ҳурмати туфайли ҳаётим осойишта, назаримда. У кишининг мени тушунишлари, ижодимни қадрлаганлари - бу бахтим.
- Сабр таги сариқ олтин, дейишади доно халқимиз. Сабр қилиб нимага эришдингиз?
- Мустаҳкам оила бунёд этдим. Фарзандларим - Дилбархон, Исломбек, Ихлосбек, Мадинабонуларни тарбиялаб, камолга етказдим. Келин олдик, қиз узатдик. Беш нафар набирамиз бор.
- Ҳаётий тажрибангиздан келиб чиқиб айтинг-чи, ҳаётда аёл учун энг муҳими нима деб ўйлайсиз?
- Аёл учун энг муҳими оила. Оила тинчлиги ва мустаҳкамлигини таъминлаб туриш аёлнинг вазифасига киради. Аёлнинг чидамли, сабрли, иффатли ва садоқатли бўлишини ҳаёт тақозо этади.
"ҲЕЧ ҲАМ ҚЎШИҚЧИ БЎЛИШИГА ҚАРШИЛИК ҚИЛМАГАНМАН"
- Санобархон бир муддат саҳнадан йироқ бўлсалар-да, яна уларни саҳнага олиб чиқишни бурчим, - дейди турмуш ўртоғи. - Чунки Санобархон халқ кўнглидан жой олиб бўлганди. 1985 йили "Онажонлар меҳрибон" дуэтимиз Ўзбекистон телерадиоканали орқали эфирга узатилди. Шундан сўнг "Дунё", "Турналар", "Нав-рўз", "Байраминг муборак, Ўзбекистоним" дуэтларини айтиб, томошабинлар билан юзма-юз бўлдик. Вилоятимизда ва қўшни ҳамдўстлик мамлакатларида ҳам концерт дастурларимиз билан қатнашиб келяпмиз.
- Янглишмасам, оилавий гуруҳ ташкил қилгансизлар. Шундай эмасми?
- Ҳа, 2006 йилдан буён оилавий гуруҳимиз фаолият юритиб келмоқда. Ўғлимиз Ихлосбек туман маданият бўлимида ишлайди. Исломбек - продюсер. Фарзандларимизнинг ҳаммаси ҳам санъатга ихлосманд.
- Илҳом ака, бугунги қўшиқчилигимизга муносабатингиз?
- Жонли ижро йўқолиб бормоқда. Ўзи шеър ёзиб, ўзи мусиқа басталаб, қўшиқ айтаётганлар кўп. Авваллари овози бор инсон қўшиқ куйларди, энди оғзи борки одам қўшиқ айтяпти, назаримда. Ҳар бир хонанда катта саҳнага чиқишдан олдин халқ олдидаги масъулиятни чуқур ҳис қилса, қўшиқ сўзи таъсирчан, сеҳрли, равон бўлса, мусиқа унга мос келсаю, қўшиқ ўз ижросини топса, бу тингловчига манзур бўлади, деб ўйлайман.
Баъзан савияси саёз, нўноқ сатрлар шодасидан иборат қўшиқларни эшита туриб, ўйга толаман. Айрим ижодкорларнинг қалами, қалби халқ ҳаётидан узоқлашиб бораётганини ҳис қиламан. Шеърда аввало, дард бўлсин, инсоннинг ички туғёни акс этсин унда. Шундагина у киши юрагига етиб боради, унинг вужуд-вужудига сингиб кетади. Демак, қўшиққа чиройли жозиба берадиган нарса - бу шеърдир. Буни унутмаслигимиз керак.
- Сиз ўзингиз қайси шоирлар билан мулоқотда бўласиз?
- Неъматжон Орипов, Абдуҳолиқ Усмонов, Абдуғани Абдуғуломов, Фарида Афрўз...
Аслида дард билан ёзилган шеър ўз куйи билан туғилади. Масалан, Фарида Афрўзнинг "Ўзга ёр йўқдир", "Овворамиз", "Фақат онанг ёнингда бўлсин". Хуллас, қачон янги қўшиқ куйламай биринчи тингловчим Санобархон бўлади.
ИХЛОСБЕК ИХЛОС БИЛАН ҚЎШИҚ КУЙЛАЯПТИ
- Айтинг-чи, Ихлосбек, санъатга илк қадамингиз қачон бошланган?
- Ёшлигимдан "Икки санъаткорнинг фарзандисиз, нимага қўшиқ айтмайсиз?" деган гапларни кўп эшитардим. Тўғри, биз фарзандларнинг ҳаммамизда ҳам санъатга қизиқишимиз, овозимиз, истеъдодимиз етарли бўлган. Қўшиқни бемалол айта оламиз.
...Молия соҳасида таҳсил олганман, лекин бугун санъат йўлида илк қадамимни ташладим. Қўшиқларимни халқ яхши қабул қилишди. Омадхон Ҳошимова сўзи, Шуҳрат Узоқов мусиқаси билан "Севдим деманг", "Ким кутади" каби қўшиқларимни мухлислар кўп талаб қилишади. Демак, уларга манзур бўладиган қўшиқ куйлаганимдан хурсандман. Қолаверса, оилавий гуруҳимиз ижро этган қўшиқларимиз билан халқ хизматидамиз. Икки санъаткорнинг фарзанди бўлиш бизга ҳамиша масъулият юклайди.
Санобархон гарчи иш, оила, рўзғор ташвиши билан яшаса-да, кўнглининг бир четидаги қўшиққа бўлган муҳаббат, иштиёқ уни доимо куйлашга ундайди, ундайверади. Унинг қўшиқлари тез-тез радио тўлқинлар орқали янграганида, ойнаи жаҳон орқали намойиш этилганида, кўнгил ғурурга тўлади.
Зумрадхон АБДУЛЛАЕВА.
|