
Расул Ҳамзатов. Эзгуликдан сўйлар менинг шеърларим
Иккинчи курсни тугатган пайтим, русчани энди таталаб ўқий бошлаган чоғларим мақолалар таржима қилишга киришдим. Рус тили грамматикасини яхши билмаганим сабабли баъзан жумладаги ҳамма сўзларнинг маъноси аниқ бўлса ҳам, гапнинг мазмунини чиқаролмай хуноб бўлардим.
Ана шундай кунларнинг бирида интернетдан мақола қидираётиб, Расул Ҳамзатовнинг расмий сайтига дуч келиб қолдим. Шеърлар, мақолалар, суҳбатларни кўчириб олдим. Ҳаммасини бир-бир таржима қиламан деб кўнглимга тугиб қўйдим. Буюк шоирнинг “Доғистон ҳақиқати” газетаси мухбири билан қилган суҳбатини бир оқшом ўгиришни бошлаб эрта тонгга яқин тугатдим. Шу суҳбат кейинчалик водийдаги “Овоза” газетасида босилиб чиқди. Бироқ бу суюкли шоир ижодидан таржималар қилиш узоқ вақтга орқага сурилиб кетди. Икки йилча олдин адибнинг “Доғистоним менинг” китобини русчада ўқиб чиқдим. Мутолаадан сўнг шоир ижодига, шахсига бўлган ҳурматим янада ортиб кетди. Шу йил баҳорда эса “Йиллар маржони” (“Четки лет”) китобидан бирқанча шеърларни ўзбекчалаштирдим. Мардона, самимий бу шеърият мени тамоман ўзига асир этиб олди.
Бугун ўша талабалик йилларидаги таржимани қайта кўриб, хатоларини тузатиб, айрим ўринларини тўлдириб эътиборингизга ҳавола этарканман, бу буюк қалбли шоир ҳаққига дуолар қиламан, унга Яратгандан раҳмат сўрайман.
Ориф Толиб
Ҳар бир давлат, ҳар бир республика, вилоят ёки шаҳар ўз тимсолига эга. Буни ҳамма билади. Лекин шахс-тимсоллар ҳам борлигини кўпчилик билавермайди. Бундай кишилар у ёки бу ҳудуднинг табиати, характери, маданиятига қиёс бўлади, ўша ҳудуддаги халқнинг руҳияти, моҳиятини намоён этади. Расул Ҳамзатов – Доғистон тимсоли.
Ўн йилча олдин Доғистон ўзи қанақалигини, умуман қаерда жойлашганини бировга тушунтириш қийин эди. Лекин Расул Ҳамзатов номи тилга олиниши биланоқ, “О, Доғистон..” деб ҳайқириб юборишарди. Бу ном, бу зот тоғли ўлканинг номини, миллатининг руҳи ва тафаккур тарзи қандайлигини бутун мамлакатга, Европа, Америка, Осиёга намойиш қилди.
Шоирнинг шеърлари ўзини, юртини – ҳеч қачон бир-бирига нисбатан душманлик ҳиссини туймаган элатлар яшайдиган ватанини кўкларга кўтарди.
Шоирнинг етти иқлимга таралган овози само фарзандлари – тоғликларга хос жўшқинлиги ва ҳассослиги билан тингловчилар кўнглини забт этди, ўзига мафтун қилиб қўйди.
«Россияда ундан зўр шоир йўқ», дея таъкидлаганди Евгений Евтушенко. Бу мардона эътироф Расул Ҳамзатов билан яна бир бор очиқ мулоқот қилишимга туртки берди. Бахтимга, буюк шоир таклифимни рад этмади.
– Расул Ҳамзатович, сохта камтарликни бир чеккага йиғиштириб турамиз, тўғрисини айтинг: сизни авлиё санайликми ёки адабиётнинг отаси дейликми?
– Унисиям эмас, бунисиям. Ўзимни ҳатто ўқитувчи деб ҳам санамайман. Баъзида соддадил, яхши одамлар биз – шоирларни шундай деб кўкка кўтаради. Лекин биз ўзимизни бошқалардан яхшироқ биламиз-ку. Маяковский ўз даврида шоирларга “халқнинг хизматчилари, ҳайдовчилари” деб таъриф берганди. У ҳақми ё ноҳақ – билмайман.
Шоирлар – ўқувчи, уларнинг устозлари эса табиат, асрлар тажрибаси ва даврнинг гениаллигидир.
– Лекин сизни шеъриятнинг отаси деб аташ ёки санаш мумкинми?
– Бу ибора нима дегани – билмадим. Агар ёш назарда тутилса, мендан катталар бор. Агар ишнинг қиймати назарда тутилса, бу борада осмондаги ойни олдим, деб ҳисобламайман.
– Шеърларингиз орқали қандай таълимотни ёйдингиз? Чин шеъриятни ибодат деб ҳам қабул қилиш мумкин-ку.
– Шеърият ибодат эмас. Тоат такрорлаш билан тўкис бўлади, шеър эса такрор сабаб бузилади. Йўқ, шеърият сиғиниш эмас, лекин шеърда юкунч, ўтинч бўлиши керак. Чунки шоир ижод жараёнида охирги марта ёзаётгандек ва биринчи марта севаётгандек бўлади.
Мен Ҳажга борганман, Каъбада бўлганман, у ерда ибодат қилганман, ҳатто ўшанда ҳам кўнглимдан шеърларни қувиб чиқара олмаганман: уларни ибодатга қўшиб пичирлаганман.
– Сизни етти иқлим таниган, жуда машҳур бўлгансиз. Бугун-чи?
– Мен машҳурликдан қўрқаман. Шуҳратга эришиш шарафга эришиш дегани эмас. Отам ва буюк Маҳмуд[1]ни жаҳон танимаган, лекин уларни халқ яхши кўради, севиб ўқийди.
Машҳурликни давр яратяпти. Бугун телевизион машҳурлик ҳам пайдо бўлган... Мен бу машҳурликдан қўрқаман. Ва ўз ижодимга шубҳа билан қарайман.
Адабиёт тарихи жуда кўп ибратли мисолларга гувоҳ. Ўз даврида урра-урра бўлган пролетар шоирларини бугун ким билади? Ёки Бестужевни олайлик, ўз даврида қандай шуҳрат топганди у? Ҳозир-чи? Ундан нима қолди?
Ўша пайтларда Пастернак, Цветаева, Булгаков машҳур бўлганмиди? Пастернак “Таниқли бўлиш ёқимсиз” деб ёзганди...
Яхши эътирофлар ҳам шоир қилмайди одамни. Истеъдод, ҳақиқат, гўзаллик тарбиялайди шоирни.
– Сизнинг асарларингизда дард кўп, мен бу дардни ҳис қилиб, сезиб тураман. Уларнинг юзага чиқишига нима туртки берган, қаердан пайдо бўлган улар?
– Ишонганларимдан кўнглим кўп қолган. Ўзимни алдашларига йўл қўйиб берганман. Яқинларим ва қадрдонларимнинг айрилиғи юрагимга юк бўлиб тушган. Ишонганингдан айрилиш, дўстларингни йўқотиш кўнгилни оғир яралайди.
Лекин қайғу ва мусибат дамларида Ер юзида истеъдодли одамлар камайиб кетмаганини, халқимиз захирасида жуда кўп эзгулик, софдиллик ва олийжаноб туйғулар борлигини ўйлаб таскин топганман.
– Расул Ҳамзатович, сиз қувноқ одамсиз, лекин бирданига оғриб қолдингиз. Наҳотки хушчақчақлик пардаси ортида Сиз билан бирга ҳамиша дард яшаб келган бўлса?
– Мен ўзимни хушчақчақ одам санамайман. Ким ҳамиша вақти чоғ – шунчаки аҳмоқ, деганди шоир. Лекин... одам суҳбатдошига шодлик улашиши керак, ғам-ғусса эмас.
Ҳозир менинг ўн томлигим авар тилида тайёрланяпти. Дард, севгининг томир уриши сезилиб турган шеърлар ўн томлик нашрга киритилди, ғазабли кунларда ёзилган ёки ҳиссий залвори етишмаганларини олиб қўйдик. Бахтимга, менда бундайлари кам.
– Биз бошқа дунёдан, руҳлар дунёсидан жудаям қўрқамиз. У ҳақида ўйлашдан чўчиймиз. Сизнинг бугунги шеърларингизда эса, худди ана шу дунё бор. Фикримча (шеърларингизни ўқигач, шундай хулосага келдим), Сиз у биз билан ёнма-ён яшашини ва ундан умуман қўрқмаслик кераклигини ҳамиша билгансиз.
– Инсон туғилганидаёқ ҳаётдан қўрқади. Ўлим яқинлашганда эса, ўлимдан. Мен у дунёдан қўрқмайман. Кўп нарсаларни айтолмай қолдим деб қўрқаман. Мадорим қуриган. Ўй, фикр кўп, лекин у дунёдан телеграммалар келяпти, телефон қўнғироқлари жиринглаяпти: йўқлашяпти...
Бахтли онлар узоқларда қолди...
Яна бир нарсани айтишни истайман, ҳар қандай бахт эваз талаб қилади. Мен уни “эваз” эмас, “жазо” деб атаган бўлардим. Ана шу жазо онлари яқин қоляпти. Ва мен уни мандона қабул қиламан.
Лекин кўп нарсалар охирига етмай қолаётганидан жуда афсусдаман. «Доғистоним менинг» тугалланмай қоляпти – бугун ҳатто у меникими ё бошқаникилигиниям ажратолмайман. Маршакка ваъда берган асарим – «Дингир Дангарчу» достони охирига етмаган... Маҳмуд ва Марямнинг буюк муҳаббати ҳақидаги достонга сўнгги нуқта қўйилмаган.
– Буюк форс шоирлари Умар Хайём, Фирдавсий, Жомий кабилар нариги дунёдан қўрқмаган, аксинча тараннум этган... Антик адабиёт-чи? Данте?
– Бизнинг давримизда Твардовский «Тёркин нариги дунёда» деган достонини ёзди, Булгаков бу мавзуга насрда қўл урди. Бизнинг совет адабиётимиз атеизм – худосизлик руҳида тарбияланган эди. Ҳа, менинг ҳам воқеалар нариги дунёда рўй берадиган «Одамлар ва руҳлар» деган достоним бор. Бир пайтлар Твардовский менга таъна-гина қилган эди, гўё мен унинг фикрларини ўғирлаган эмишман. Ўшанда мен бу мотивлар унгача бошқалар ижодида эскидан бор бўлганини айтганман.
– Одам шу дунёда мутлоқ бахтли бўлиши учун унга нималар керак? Сиз бунинг сирини биласизми?
– Бахт мутлоқ ёки ярим-ёрти бўлмайди. Очиқчасига айтадиган бўлсам, ҳозир бахтнинг ўзи йўқ. Ҳозир бойлар ҳам йиғлаяпти. Нимага? Чунки бахт хавфли бўлиб қолди.
Шахсан мен мутлоқ бахтга эришмаганман ва унга етишган одамни ҳам билмайман. Мутлоқ бахт учун кимларгадир соғлиқ, бошқаларга пул, учинчи кишига эса вақт камлик қилади, кўпчиликка эса ҳаммаси етишмайди.
Ҳозир бахтсизликдан қандай қутилиб қолишни ўйлаш керак.
Яна бир гап: бугун бахтнинг орқасидан қувиш ёки руҳлар дунёсидан қўрқиб ўтириш керак эмас, исноддан қўрқиш керак. Иснодга қолиш эса учраб турибди.
– Ўн йил олдин мафкурамиз бор эди, бутун мамлакат, ҳаётимиз мафкуралаштирилган эди. Бугун у йўқ. Лекин бош қотириб ётибмиз – бизга мафкура керакми-йўқми деб. Айтинг-чи, сизнинг мафкурангиз борми?
– Мафкура ҳамиша бўлган ва у ҳозир ҳам бор. Эркинлик эса ҳеч қачон бўлмаган, ҳозир ҳам йўқ. Битта синфни юқори кўтарадиган, битта партияга ҳамманинг устидан ҳукмронлик қилишга, битта идорага ҳаммани бошқаришга имкон яратадиган мафкура инсонни сиқиб-чеклаб қўяди.
Мен иккита партия тузган бўлардим – яхши одамлар ва ёмон одамлар партияси. Яъни, ёмон одамлар яхши бўлсин, яхшилари янада яхшилансин.
Ҳар бир даврнинг яхши-ёмон томонлари бор...
... Менинг мафкурам – ягона оила ҳисси, биродарлик ҳисси.
Мен кўпинчи ўзим билан ўзим мулоҳаза юритаман: биз Конституцияга қўл қўйиб қасамёд қиламиз. Қуръонга ёки Библияга эмас. Конституция доимий ўзгаришда, муқаддас китоблар эса асрлардан бери яшаб келяпти. Қуръонни табиатга қиёслайдиган бўлсак, Конституция об-ҳавога ўхшайди.
– Расул Ҳамзатович, бахтли кунларда ҳам, қайғули кунларда ҳам атрофингизда дўстларингиз бўлади. Улар кундалик ҳаётингизда ҳам борми?
– Бирларини Олий Кенгаш, бошқаларини кабинетлар, учинчиларини аёллар тортиб олди. Ҳаловатсиз ҳаёт уларни адойи тамом қиляпти. Нимаям қила олардим, уларни кечириш керак.
«На тил, на миллат; на тан, на қон ранги, бизни фақат юрак дўстлаштиради», деганди Шекспир. Мен отамнинг дўстларини биламан: тақдирларида қандай бурилиш рўй беришидан қатъи назар айрилиб кетмаганлар, дўст бўлиб қолишган. Ва юзлаб мисолларни биламан, дўстлик ришталари узилгач, қадрдон биродарлар ашаддий душманга айланиб кетган.
– Сизни яхши кўрганларга ва сизга ҳасад қилганларга нима деган бўлардингиз?
– Душманларим умуман йўқ. Мен нимагадир ё кимгадир душман бўлишим мумкин: мени кўплар ўзига душман деб ҳисоблади.
Менга ҳасад қиладиганлар, албатта, бор, лекин менда ҳасад қиладиган нарсанинг ўзи йўқ. Ҳасадчиларга ачинаман – улар касал одамлар. Ахир ҳасад – ўта оғир касаллик.
Мени севганларга, баҳойимни ошириб юборманг, дейман. Қандай нуқсонларим борлигини кўпчилик билмайди. Мени таърифлаганларидай яхши эмасман, ҳасадчилар айтгандай ёмон ҳам эмасман. Пайтида уларнинг даъволарига ҳам қулоқ осганман. Менинг ҳаётим жанги жадал эмас, севги. Шеърларим қаҳру ғазабдан эмас, эзгуликдан сўйлайди.
– Ҳаётнинг ўткинчилиги ҳақида кўп гапирилган. Ҳаёт ширин рўёми?
– Шунчаки ажабланарли: ҳамма уни ҳақоратлайди, бир тийинга арзимаслигини айтади. Лекин ўша ҳақоратлаган одам ҳаётни янада кўпроқ яхши кўради.
Ҳаёт эри бевафолиги учун ҳақоратлайдиган ва шу билан бирга усиз яшай олмайдиган ҳурлиқога – аёлга ўхшайди. Мана, у қандай рўё.
– Юзга кирмоқчимисиз? Дейлик, Буюк Британиянинг қиролича-онаси Елизавета I га ўхшаб?
– Миям билан юрагим ўртасида ихтилоф келиб чиққан. Мия – қирол, ақлли қарорлар чиқаряпти, юрак – шаҳзода эса уларни эшитмаяпти. Қатъий, доимий кураш кертяпти.
Албатта яшашни истайман, чунки Ер юзида ҳали кўплаб тўғриланиши керак бўлган ишлар, қилинмаган ибодатлар қолган. Ва шу билан бирга, юз ёш – деворнинг туртуғидай гап. Ортиқча ташвиш бўлишни истамайман. Бунинг устига, юз ёшли одамдан айрилиш – унчалик фожиа эмас.
– Расул Ҳамзатович, туғилган кунингизда сизга узоқ ва хайрли умр – ижодий умр тилайман.
– (Унинг оппоқ соқол қоплаган юзида боларарга хос беғубор табассум акс этди.) Раҳмат, азизим.
Феликс Бахшиев суҳбатлашди.
«Дагестанская правда» газетаси, 2000 йил 8 сентябр (№175)
|