Суббота, 12.07.2025, 10:31
МАРҲАБО! Гость | RSS

Главная » 2019 » Июнь » 25 » Олтин бешик
08:04
Олтин бешик

          "Келажакка йўлланма: маънавий янгиланиш".

 

“Овулим – қўшиғим”ни айтганда, “Туғилган ерини сева олмаган туғилган элини сева оларми?” деб куйлар эдик. Диққат билан қарасак, булар – мазмуни жуда чуқур сўзлар.

Дастур нега “Туғилган ер” – деб аталади?

Одам боласи – чексиз ақлнинггина эмас, ажойиб туйғуларнинг ҳам соҳиби. Туғилган ер – ҳар кимнинг кўз очиб кўрган, бағрида эмаклаб, тетапоя қилган хосиятли макони, талай одамларнинг умрбод яшайдиган ўлкаси. Уни, қайда юрсада, дили тўрида асраб, аллалаб ўтмайдиган инсон боласи йўқ.

Туғилган ерга, унинг маданияти ва урф-одатларига ўзгача иштиёқ билан ёндашиш – ҳақиқий ватанпарварликнинг муҳим кўринишларидан бири", ёзади Элбоши дастурий мақоласида.

Қуйида газетхоналримизнинг қишлоқ ҳақидаги фикр-мулоҳазаларини эътиборингизга ҳавола қиламиз.

Мукаррама ИБРОҲИМОВА:

Қишлоқни ташлаб кетганимга узоқ йиллар бўлди. Лекин сўнгги пайтларда  туғилган қишлоғимни қўмсамоқдаман, у  билан боғлиқ энг ёрқин хотираларим тез-тез ёдимга тушяпти.

Яқинда Чингиз Айтматов ва Мухтар Шахановларнинг "Чўққида қолган овчининг оҳи-зори" асарини ўқиб чиқдим. Унда гўдаклигида бўри ўғирлаб кетган, уларнинг орасида вояга етган бола ҳақида  лавҳа бор. Тасодифан уни овчилар тутиб олиб, қишлоққа олиб келишади.

Орадан йиллар ўтиб, у йигит одамларга шундай дейди:

– Бўрилар орасида яшаб, бирон марта ёмонлик кўрмадим. Улар жуда доно ва ҳақиқатпарвар. Одамлар орасида бундай самимий ва илиқ муносабатлар, ёрдамни жуда кам учратдим. 

Тоғда ўсган, бўрилар ва одамлар орасидаги муносабатларни таққослаган  йигит ҳақми, ноҳақми, буни билмадим. Рост, баъзан, бир-биримизга ноҳақлик қиламиз, ҳақоратлаймиз, лекин меҳр-оқибат ва эзгуликнинг кўплиги  туфайлигина бу дунё яшнаб турибди.

Кечагидай, бари ёдимда. Қўшнимизнинг ота-онаси автоҳалокатда вафот этди. Болаларини Болалар уйига ўтказишни таклиф қилганлар ҳам бўлди. Турли миллат вакиллари яшайдиган кўчамиз оқсоқоллари бунга қарши чиқишди.

– Нималар деяпсизлар, кап-катта одамлар, оғзим бор, деп гапираверасизларми? Қирқ биринчи йили қишлоғимизга  Ленинграддан 60та болани олиб келишганида ҳаммамиз икки-уч боладан бўлиб олиб, тарбияладик. У пайтда қандай замон эди, ҳозир қандай замон? Уялингларэ! – деди Қадирбе оқсоқол.

Шундан кейин Болалар уйи ҳақида ҳеч ким оғиз очмади. Икки ўғил, уч қизни маҳалла бўлиб, озиқ-овқат билан таъминлаб турдик. Вақт бир зумда ўтиб кетди. Ўғиллар уйланди, қизлар турмушга чиқиб кетишди. Ҳозир уларнинг ўзлари бува, буви бўлишган. Ҳар сафар қишлоққа совға-салом билан келишиб, қўни-қўшнилардан хабар олиб туришади. Кўрдингизми, яхшилик унутилмайди. Энди шаҳарга келадиган бўлсак, етимлар, кексаларнинг уйини фирибгарлар олиб қўйишибди, деган хабарларни тез-тез эшитиб турибмиз. Ҳатто, биттасига ўзим гувоҳ бўлганман. Етимларнинг уйига амалдаорлар кўз олайтиришганида ОАВ ходимлари аралашиб, бу ишга барҳам беришди. Қишлоқда ҳозир ҳам бундай бедодликларга йўл қўйилмайди.

Анвар БЕКЖОНОВ:

Шаҳарда ўсдим, лекин ёз чиқиши билан ака-укаларим билан қишлоққа, бувамникига борардик.  Ёдимда, етмишинчи йилларда Бодом дарёси тўқайзор билан қопланган эди. Суви тиниқ, қуёш нурида балиқлар тангачалари товланишини кўриб, завқланардик. Тоғ чўққиларида қор август ойида ҳам турарди. Тоққа чиқиб, арчазорларда дам олардик. Ҳозир мен кўрган арчазорлардан ном-нишон қолмаган. Шунинг учун тоғлардаги қорлар май ойидаёқ эриб, ҳамма тошқиндан хавотирга тушади. Дарёдаги балиқларни заводлар чиқиндилари ҳалок қилди.

Қишлоқда ҳашар бўлади, дейишса, қувонардик. Ҳозир эса, ҳашар, деса одамларнинг кўз ўнгига сўйилган қўй ва ичкиликбозлик келади. Бир куни ҳашарга ўғлим улфатларини чақирди. Улар "вақтим йўқ эди, мана буни дастурхонга қўярсан, деб бир шишадан ароқ ташлаб кетишди. Бизнинг улфат ҳашарда умуман ароқ ичмаган. Ватанимдан олсида ўқидим, армияда хизмат қилдим. Лекин ҳар баҳорда дашт ҳидини соғинардим ва юрагим тубида нимадир узилгандай бўларди. Ахир, қишлоқ инсоннинг олтин бешигику. Забардаст шоиримиз Муҳаммад Юсуф бежиз

Эй менга эртаклар сўйлаган Замин,

Эргашиб изингдан қолмасман сенинг.

Ўзгалар наздида Боғи Эраминг

Жийданг япроғига олмасман сенинг.

Ватан, қайда бўлмай, сен ҳамроҳимсан,

Боболарим ётар саждагоҳимсан, деб ёзмаган.

 

Ваҳобжон РЎЗИМАТОВ:

Пенсияга чиққунча "Фосфор" заводида ишладим. Автобус Тўлебий туманининг деярли барча қишлоқларига бориб, ишчиларни таширди. Ҳозир бундай йирик ташкилот бўлмагани учун ёшларнинг аксарияти иш излаб бошқа вилоятлар, ҳатто, бошқа давлатларга кетишяпти.

Ишдан сўнг томорқада ишлардик, сигирсиз уй деярли йўқ эди. Болалигимда эрталаб уйғонсам, чой тайёр, дастурхонда пишган сут ва қовурилган тухум турарди. Ёзда эса, қир-адирларга бориб, молга хашак тайёрлардик.  Ёдимда қолгани – кун ёришмай уйғонардик. Тўйларга ҳеч бир бола овқат еймиз, деб бормасди. Бир четда туриб,  даврини томоша қиламиз, деб борардик. Тўйлар фақат уйда бўларди, бошланишига уч кун қолганида қариндош уруғлар тўй бўладиган хонадонга оиласи билан келиб, хизмат қилишарди. Бу меҳр-оқибатни кучайтиради. Ҳозир тўйларни тўйхонада қилишади, яна, таклифномага "тоғорасиз, болаларсиз келинг"., леб ёзиб қўйишади. Болалар бир-бири билан тўй баҳонаси билан танишишмаса, бошқа қачон бир-бирини кўришади? Шунинг учун ака-укани болалари бир-бирини танимайдиган оилара ҳам пайдо бўляпти.

Алижон Холматов:

"Гул гулзорда гул, инсон ватанида", деган қозоқ халқ мақоли бор. Бу сўзларни эшитганда она қишлоғим кўз олдимга келади. Ҳассос шоир Ҳамид Олимжон "Водийларни яёв кезганда" шеърини эшитганимда болалигимни қўмсайман. Элбошининг "Келажакка йўлланма: маънавий янгиланиш" дастурий мақоласи эса қишлоқнинг келажагига ишончимизни мустаҳкамлади. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан "Туғилган ер" дастури  ишлаб чиқилди ва унда белгиланган вазифалар –  таълим соҳасида кенг кўламли ўлкашунослик ишларини юритиш, экологияни яхшилаш ва аҳоли манзилларини ободонлаштиришга алоҳида эътибор бериш, маҳаллий  даражадаги тарихий ёдгорликлар ва маданий иншоотларни аслига  келтириш ишларига кенг йўл очилди.

Ватанпарварликнинг энг яхши намунаси ўрта мактабда туғилган ернинг тарихини ўқишда кўриниш топса, қанийди.

"Туғилган ернинг ҳар бир сойи ва қири, тоғи ва ўзани тарихдан ҳикоя қилади. Ҳар бир ер номининг келиб чиқиши ҳақида талай ривоят ва ҳикоятлар бор. Ҳар бир ўлканинг халқига совуқда пана, иссиқда соя бўлган, исмлари эл эсида қолган буюк фарзандлари бор. Буларнинг ҳаммасини ёш авлод билиб улғайиши зарур", деб ёзади Элбоши.

Дониёр Рустамов:

Президентимиз дастурий мақоласида бошқа ўлкаларга кўчиб кетса ҳам туғилган заминини унутмай, унга ғамхўрлик қилишни истаган тадбиркорлар, амалдорлар, зиёлилар ва ёшларни уюштириб, қўллаш кераклигини таъкидлади.  Бу – шаклланган ва чинакам ватанпарварлик туйғуси, у ҳар кимда  бўлиши мумкин. Уни тақиқламай, аксинча, рағбатлантириш керак.

Вақтида, ўқиймиз, деб, шаҳарга кетдигу, шу урда қолиб кетдик. Она ер мунғайиб, "сен ҳам мендан юз ўгирдингми?", дегандай бўлди. Аввал ҳар ойда, кейин, бир йилда бир келадиган бўлдик. Кейин, аста-секин, қишлоқдаги ҳаёт унутила бошлади. Яқинда, Равшан Файзнинг қуйидаги сатрларини ўқиб, қишлоққа қайтишга қарор қилдим:

Туриб-туриб келади кўргим,

Сен-чи, сен ҳам садо бергин, ҳой.

Билинарми ҳали ҳам ўрним,

Оғрийдими мен юлинган жой?

Шоирнинг қуйидаги сатрларига эътибор беринг:

Шошманг, қишлоғимга кетарман бир кун,

Кетарман отамдан қолган юртимга.

Ёқавайрон бўлмай, бўлмасдан дилхун

Кетарман, мен бунда керакман кимга?!

Кўзлари йўлимда толган қишлоғим энди мени қандай қабул қиларэкан, деб, ҳаяжондаман.

                                          Авазхон АБДУФАТТОҲ.

"Жанубий Қозоғистон" газетаси, 28 август, 2018 йил сонидан олинди. 

Просмотров: 487 | Добавил: яргаллык | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Имя *:
Email *:
Код *:
Поиск
Вход на сайт
Календарь
«  Июнь 2019  »
Пн Вт Ср Чт Пт Сб Вс
     12
3456789
10111213141516
17181920212223
24252627282930
Наш опрос
Оцените мой сайт
Всего ответов: 17
Статистика

Онлайн всего: 12
Гостей: 12
Пользователей: 0