Тўйхат ўрнида.
Наво сеҳри
Одамлар оғзида фалончи машшоқ танбур чалганда булбул келиб соз дастасига қўнган эмиш.
Фалон машшоқ куй чалганда одамлар сеҳрланиб ёппасига рақсга тушиб кетган эмиш деган гапларга мен тўлиқ ишонаман . Негаки мен яхши созанда чалган куйларнинг дардларга даво, дил яраларига малҳам бўлганини кўрганман.
Қарноқ қишлоғида дилларга роҳат берувчи мумтоз куйларни моҳирона ижро этиб, барчани лол қолдиргувчи Файзулла ака деган сурнайчи бор. Исми жисмига монанд Файзулла ака ҳар бир хонадонга файз, ҳар бир қалбга кўтаринки руҳ улашади. Агар юзта сурнайчи сурнай чалиб турса, кўрмай туриб Файзулла ака чалган куйларни ажрата оласиз. Негаки , Файзулла ака ҳамма мумтоз куйларни мукаммал билибгина қолмай , дил - дилидан севиб, нафасини узмай моҳирона ижро этади.
Унинг куйлари шу қадар сеҳрлики, тинглаганингизда қалбингиз жунбушга келиб беихтиёр рақсга тушгингиз келади . Кўнглингизни хурсандчилик эгаллайди. Серғайрат ва моҳир созанда, ёшларнинг севимли устози Файзулла ака халқимизнинг ҳар бир тадбирларида ҳозиру нозир. Ҳокимият томонидан, халқ томонидан мукофотларга, олқишларга сазовор бўлган.
Фйзулла аканинг бутун фаолиятини акс эттирувчи уй – музейи бор.
13 – ноябрь куни моҳир созанда, ажойиб камтарин , мехнаткаш инсон Файзулла ака Мирзахмедов 63 ёшга тўлади. Биз ёшлар ва бутун санъатсевар қишлоқ аҳли номидан Файзулла акага Пайғамбар ёшига етгани билан табриклаймиз. Элу юрт тинч бўлсин Файзулла аканинг оиласи ва ўзи соғ- омон бўлсин, узоқ умр кўрсин. Қишлоғимизда ҳар куни тўйлар , яхши тадбирлар бўлсин. Сурнай наволари янграб қалбларни сурурга тўлдираверсин.
Кентау шахри, Қарноқ қишлоғи
Бир гуруҳ санъатсевар ёшлар
номидан Ирода Эрметова
|