ЭРМАТ "ПРОДЮСЕР"
Балки эшитган чиқарсиз, ҳозир ёшларнинг Панжи деган севимли ҳонандаси бор. Шуни тўйга гаплашмоқчи бўлиб, қўнғироқ қилсак, "прадусирим билан гаплашинглар", дейди номард. "Прадусир"и ким бўлди экан, деб турувдим, чопонини елкасига ташлаб синфдош дўстим Отабек чиқиб қолди.
Оташ кўча кўрган йигитлардан. Иккита дипломи бор. Ақли бало. Аллақайси институтда дарс беради. Бунақанги нарсаларга калласи ишлайди. Айниқса, ўзингиз тушунмайдиган мавзуларда сўраб қолсангиз борми, жони кириб, булбулдай сайрайди.
Бўлган гапни айтиб бердим.
– Биринчидан, "прадусирмас", продюсер, – тушунтирди дўстим. – Иккинчидан, бунинг маъноси биздаги "даллол" сўзига яқин.
У шундай деб, бу ёғини гўёки институт талабаларига лекция ўқиётгандек давом этди:
– Бугун "шоу", "шоумен", "шоубизнес", деган сўзлар анча оммалашиб кетди. "Продюсер" деганлари ҳам шундай. Шу чоққача изоҳли луғатларда бу сўз "хориж давлатларида бирор кинокомпаниянинг фильмларини ғоявий-бадиий, ташкилий жиҳатдан назорат қилувчи шахс", деб келинган. Бугунги "шоу бизнес"да эса бу мансабдагиларнинг мавқеи ҳам, кундалик вазифаси ҳам аниқ қолипга тушиб улгурди. Масалан, бирор таниқли қўшиқчининг продюсери хонанданинг ижод қилишидан тортиб, қўшиқларини оммалаштириш, юриш-туриши, кийиниши, тўй-ҳашам ва концертлардаги хизматларининг ташкилий жиҳатларига кўмаклашувчи катта ваколатли одамларга айланишган.
– Ҳа, ростданам, даллолга ўхшаркан, – дедим бир нимани тушунгандек. – Тавба, Маъмуржону Жўрахон ҳофизлар прадусир нималигини билмай ўтиб кетишди-я... Бу ҳам замоннинг зайли, бир янгилик-да.
– Э, йўқ, янгилик эмас, – қўл силтади жўрам. – Нима, сен бизда илгари продюсерлар бўлмаган, деб ўйлайсанми? Бекор айтибсан! Роса бўлган-да. Мана, биттаси – Эрмат тоғам. Билсанг, ўша пайтларда ҳам худди ҳозиргига ўхшаб ҳар кимда ҳам эл назаридаги санъаткорлар билан учрашиш, уларни тўю тантаналарга таклиф этишга имкон бўлавермаган. Шунда Эрмат тоғамга ўхшаганлар уларнинг жонига оро кириб, мушкулларини осон қилишган.
У шундай дея, онаси томондан қандайдир қариндошлиги бўлган, катта авлод санъаткорлари орасида анчайин донг таратган одам ҳақида қизиқ бир воқеани гапириб берди.
... Саксонинчи йиллар экан. Тоғамнинг "Хадра"даги "офис"ларига сипо кийинган бир йигит илтимос билан келибди.
– Ака, ўғилтўй қилаётгандик. Дадамиз: "Тўйга Муҳиддин Қизиқни обкесангам обкеласан, обкемасангам обкеласан, бошқа гап йўқ", деб туриб олганлар. Бу одамни қайдан топишни билмай, сўраб-суриштириб, олдингизга келдим. Илтимос, ёрдам беринг, жон ака.
Бу гапдан кейин тоғамиз хўжалик табелчисининг журналидек келадиган ён дафтарини очиб, йигитни саволга тутади:
– Хўш, тўй қаерда?
– "Чувалачи"да.
– Қайси куни?
– Шу ойнинг ўттизинчи санасида...
– Ўртада ҳофизлардан кимлар бўлади?
– Дадамизнинг ўзлари Қибрайга бориб, Фаҳриддин акани айтиб келибдилар. Яна водийда Охунжон деган ёш йигит чиққан экан, шуниям улфатлар тўёна қиламиз, дейишаяпти...
– Яна бирорта донғи чиққани керак бўлса, гаплашиб берай...
– Бизга Муҳиддин Қизиқ келсалар бўлди...
Шу тақлид керакли маълумотларни ёзиб олгач, тоғамиз ўзларига ярашадиган салобат билан ўсмоқчилайди:
– Йигитча, бу Муҳиддин Дарвеш деганларининг хизмат нархи жа-а баланд-ку, чўнтак кўтарадими ишқилиб?
– Етса молимиз, етмаса жонимиз, ака, – бўш келмайди йигит. – Тўйимизга Қизиқ келсалар бўлди, бу ёғини бир амаллаймиз. Дадамизнинг бир кўнгли кетибди-да, энди.
Бу гапдан сўнг тоғамиз дангалига кўчадилар:
– Икки минг сўм берасан – гаплашиб беришимнинг ўзига. У ёғини тўйга келганида уста билан ўзларинг келишасизлар.
Бу гапдан йигит бир қалқиб тушади. Сабаби у пайтларда энг бадавлат хонадоннинг арзандаси бўлган ойимчаларнинг "сут ҳақи"ям бунча эмас экан-да...
– Қанча, қанча?
– Роппа-роса икки минг!
– Ия, бу қанақаси? – Хуноби ошиб, ўрнидан туриб кетади тўйбоши. – Бир санъаткорни битта тўйга гаплашиб беришингиз шунча турадими? Йўқ, бу инсофдан эмас.
– Ўтир, ука, ўтир, – ҳай-ҳайлайди Эрмат тоғамиз. – Қизишма. Ҳозир тушунволасан.
У киши ушлаган жойидан кесадиганлардан эмасми, мижозни ҳуркитиб юбормаслик учун, масаланинг нақадар "нозик" эканини бармоғини бирма-бир букиб, тушунтиради:
– Ўзинг ўйла, ман сани тўйингга Қизиқни гаплашишим учун ҳозир шу ердан таксига ўтириб, тўғри аэропортга бораманми?
– Борасиз, – тасдиқлайди йигит.
– Фарғонага чипта оламанми, оламан! Самолётга ўтириб, Қўқонга учаманми, учаман. Қўқонда тушдим, дейлик, яна таксига ўтираманми? Қайдасан, Бувайда, деб тағин 60 километр юраманми?
Йигит боши билан тасдиқлайди. Мўлжалга аниқ ураётганидан қувонган тоғамиз овозини икки парда тушириб, бу ёғига дафъатан ҳасратомуз оҳангга кўчади:
– Энди ука, кап-катта йигит экансан, ўзинг тушунасан. Ман Муҳиддин Дарвешдек улуғ санъаткорнинг уйига қуруқ қўл билан кириб боролмайман. Йўл-йўлакай бозорга тушиб, мева-чева, қаймоқ, патир дегандек, ул-бул харид қиламан. Бу нима, пулми?
– Пул...
– Хўп, сани тўйингни гаплашиб, ишни пишитдим, дейлик. Яна таксига ўтириб, Қўқонга, аэропортга келаманми? Тошкентга чипта оламанми? Самолётдан тушиб, яна уйимгача такси ёллаб келаманми? Бу пул бўлмай нима? Яна инсофдан гапирасан-а! Бор, бўлмаса, ўзинг гаплашиб кел!
– Э, тўғри, тўғри,– бечора йигит юмшайди. – Узр, бу ёғини ўйламабман.
Йигит мард экан, шавла кетса кетсин, обрў кетмасин, деб сўралган пулни беради. Тоғамиз пулни қўлига туфлаб санаб олгач, "мижози"ни кузатади. Қайтиб келгач, телефон гўшагини кўтариб, керакли рақамларни теради:
– Ал-ёв, Муҳиддинбой? Ўзингизмисиз? Яхши-яхши. Кейинроқ бафуржа гаплашармиз. Хуллас, Тошкентдан хизмат чиқиб қолди, шу ойнинг ўттизинчи числосини ёзиб қўйинг, ашна...
Отабекнинг ҳикоясидан мириқиб кулдик. Сўнг дўстим менга юзланди:
– Панжи деганларининг телефон номерини бер-чи, би-ир ўзим гаплашиб, "иссиғи"ни ўлчаб қўяй, бу олифтани...
Шошиб рақамини бердим. "Ўғил – тоғага тортади", деганлари рост экан. Оташ тушмагур масалани бир зумда ҳал қилди-қўйди-я...
P/S: Озроқ лофи билан айтганда, бу – бўлган воқеа. Ишонмасангиз, катта авлодга мансуб санъаткорлардан сўраб кўринг. Улар орасида бу ажабтовур инсон ҳақида тилдан-тилга кўчиб юрадиган қувноқ ва беғубор хотиралар жуда кўп...
Айтгандай, ўша куни дўстим яна бир воқеани гапириб берди. Қип-қизил ҳангома! Энди, буниси келаси сафарга қолақолсин.
Муҳаммад АЪЛО.
|