Суббота, 12.07.2025, 11:06
МАРҲАБО! Гость | RSS

Главная » 2017 » Апрель » 3 » "Бўладиган ёзувчи бошидан маълум!"
20:33
"Бўладиган ёзувчи бошидан маълум!"

"Бўладиган ёзувчи бошидан маълум!"

Фото Муаззам Иброҳимовой.

ЁЗУВЧИ.

Қўлимга қаламимни олиб кўп ёздим, тўлиб тошиб ёздим. Тўғри шеър, ҳикоя эмас. Арзнома! 
Нақд Тошкентга, юқори ташкилотга.
Ха, нима қилибди ёзсам, бу юмалоқ хат бўлмаса. Бир ногирон инсонга аравача беришларини илтимос қиляпман холос!
Бу чол бундан бир неча йиллар муқаддам фалажланиб, қолаверса гапирмай ҳам қўйибди.
Унга қараб, наҳотки сариқ “пазик” миниб юрган Усмон тоға шу аҳволга тушиб қолса-я, деб хафа бўлиб кетдим.
Биз ўқийдиган мактаб уйимиздан беш- олти чақирим узоқда бўлгани учун, баъзан дарсдан чиқиб, бекатда автобус пойлаб қолар эдик. Бошқа хайдовчилар ўқувчиларни автобусига чиқаргиси келмас, илашиб олсак “текинга олиб кетмайман!” деб ҳайдаб туширишар эди.
Усмон тоға уларга ўхшамасди. Бекатни қўя туринг, пиёда кетаётган ўқувчиларни кўриб қолса ҳам дарҳол автобусини тўхтатиб, чиқиб жойлашиб олмагунимизча ўрниларидан қўзғолмас, қолаверса йўлкира ҳам олмасдилар.
Шунадай инсонга ёрдам бермасам бўлмас?!
- Ёзиб бўлдим. Манави ерга имзо куйинг-дея, арзномани ногирон чолнинг кампирига узатдим, ҳар эхтимолга қарши огоҳлантириш ҳам ёдимдан чиқмади.- Ўзингиз айтганингиздек шикоятни сизнинг номингиздан биттим. Фақат илтимос, буни мен ёзиб берганимни ҳеч ким, айникса дадам билмасин!
Буни ўзига хос сабаби бор эди. Бир йили махалламизда тоза ичимлик суви, газ ва равон йўл йўқлигини махаллий газетага ёзиб балога қолдим. Шов-шувга айланиб кетган мақола дастидан аввал дадамларни махалла гузарида пўстагини қоқишди, сўнг мени …
Хуллас, шу мақола туфайли махалла тоза сувли, газ ва ровон йўлли бўлди-ю, ҳамма мақтовни анчадан буён «дам олаётган» махаллий депутат эшитди. 
Яна бир гал шаҳар комсомол қўмитаси ташкил этган тантанали тадбирда сўзга чиқиб бўларим бўлди. 
Ёшим чамаси ўн учда эди. 
Ўша тадбирда коммунистик фирқа обдан мақталди, давомли қарсаклардан кошона девори тўкилиб кетай деди.
Тавба. Ёлғончилар! Ҳамма ёқ гуллаб- яшнаб ётганмиш. Қанақасига? Шаҳримизда шифер завод бўлсаю, Карим отага ўхшаган одамлар томини йиллаб ёпа олмаса?! Цемент ишлаб чиқарувчи гигант корхона бўлсаю қўшнимиз солаётган уйнинг пойдевори уч йилдан бери битмаса?! Чинни ишлаб чиқарувчи фарфор заводининг пахта гуллик сервисларининг нархи осмонда. Бироқ , шаҳарга келиб кетгувчи нозик меҳмонларга текинга, шундоққина тақдим қилинса. Ипак қурти етиштириш бўйича ҳам режа бир юз ўн фоиз бажарилган эмиш. Нега унда саккиз тепки атласнинг баҳоси отнинг нархида? Давлат шунчалик бой экан, нега мактабимизнинг ошхонасини қуриб бермайди. Нега спорт майдончамиз йўқ? Нега СССР аталмиш буюк Ватанимиз ўз болаларини ҳимоя қила олмайди? Нима учун Рўзивой ота каби камбағал одамнинг ёлғиз ўғли афғондан темир тобутда қайтади?
...Шу билан тинчгина тугатиб қўйишса бўларди, минбардагилардан бирига шунча ёлғон камлик қилиб, “Балки кимдир яна сўзга чиқмоқчидир?” дея ўтирганларга назар ташлади. Бўйим новчалиги ва қўлим узунлиги йиғилишдан таъсирланиб ёзган шеъримни халққа етказиш имконини берди:

-Етмиш йил азобда қийналган халқим
Тепакал бошлиқдан нималар кутдинг?!
Мисралари билан бошлангувчи чала тўқилган шеъримни шунақанги жўшқинлик билан ўқибман-ки, биринчи каторда ўтирган- марказдан келганларнинг ҳаммаси кал эканлигини сезмабман. 
Шеърнинг ўзи етмагандай, кўрсаткич бармоғим билан улар томонга ишора қилган эканман.
Охир оқибатда элим ўзлигинг,
Қадрингни, шавкату- шаънинг унутдинг.
Шеър майли, қалбимда йиғилиб қолган ва юқорида баён этган барча изтиробларни айтишга ким куч берди билмайман...
Залга пашша учса билинадиган жимлик чўкди... Аммо беш дақиқадан сўнг кутилмаган ходиса рўй берди. 
Шаҳар Ижроя қўмитасининг биринчи котиби бошлаб берган қарсакдан сўнг, ҳамма ўрнидан туриб олқишлади, айниқса биринчи қатордагилар. Минбардан тушганимдаги табрикларнику қўяверинг, осмонда парвоз этиш учун қанот бердилар.
Лекин, кўп уча олмадим, уйга келсам, дадамни маҳалла гузарига чақириб, обдон тузлашибди. Сўнг дадам мени…
Шунинг учун улардан хайиқар эдим. Чунки замона “тепаники” деган ақида, юрагидаги дардни айтишга бир чимдим журъати борларни аяб ўтирмас эди.
....Аравачага муҳтож чолнинг кампири хурсанд бўлиб арзномага имзо чекар экан, овозини пасайтириб таъкидлади:
- Қизим рахмат, қўлларинг дард кўрмасин хавотир олма, ҳеч ким билмайди.
Мен мактубни жўнатиб, интизорлик билан жавобини кута бошладим. Мунғайиб ўтирган ногирон чолга ёрдам бериб, савоб нашидасидан баҳраманд бўлмак, мурғак қалбимга жиндак ғурур ваъда этаётган эди..
Орадан бир ойлар чамаси вақт ўтди. Бир куни маҳалла гузарига яхши кайфиятда чиқиб кетган дадамлар асабий, ўнг қошлари пир- пир учиб кириб келдилар ва дарров ойимдан мени сўроқладилар.
Тўғриси қачон уйга бу холатда кириб келишларини жуда яхши билар эдим. Жаҳлларини хаддан ошириб юбормасларидан аввал кўриниб, ҳеч нарсадан беҳабардай салом бердим.
-Мақсадинг нима қизим, мени ажалимдан беш кун бурун ўлдириш-ми? Сен менга ваъда бермаганмидинг, «энди ёзувчилик қилмайман» деб. Бу нимаси, бутун шаҳарни арининг уясидай ғувиллатиб, уйда бемалол дарс тайёрлаб ўтирибсанми?!
Болалигимиздан адолат ва ҳақиқатни ҳамма нарсадан устун қўйишни ўргатиб келадиган дадажонимга қарадим. Улар қилган ишим аслида тўғрилигини билсалар ҳам, тепада ўтирганларнинг орсизлик ва жаҳолат исканжасидаги хурмача қилиқлари билан қўлидан ҳар қандай нокаслик келишидан чўчиб мени бу йўлдан қайтаришга уринарди.
Онам ховлидаги юмушини ташлаб, чолу- кампирникига югуриб, бир вақт кула- кула қайтиб чиқди. Маълум бўлишича, арзнома юқоридагиларга етиб боргач, ўттиз етти йил хайдовчилик қилиб, сўнг хасталик туфайли ногирон бўлиб қолган инсонга беъэтибор бўлганликлари учун у ишлаб нафақага чиққан Автопарк маъмурияти, шаҳар ижтимоий химоя бўлими, Ҳокимият, маҳалла хуллас ҳаммасининг пўстаги қоқилибди. Ногирон чолнинг уйига ваҳима билан кириб келган беш-олтита буйинбоғликни кўриб капалаги учган кампир, ҳеч ким сўрамаса ҳам:
-Вой биз эмас, фалончининг қизи бор-ку, ўша ёзди,- дея дағ-дағ титраганмиш...
Кейин балогардон дадажонимни ишдан чақиришган. Паспорт ёшига етмаган ёзувчиларга уларни дунёга келтирганлар жавоб берармиш.
...Мен ҳам «насибамдан» қуруқ қолмай, “бу ишларни қайта қилмаслигим” ҳақидаги оғзаки шартномага имзо чекдим.... Бу сафар дадамларга қараб, виждоним қийналиб кетди. Падари бузрукворим аслида жуда хақиқатпарварлар аммо замона зўрникида! Балки ўн олтига ҳам тўлмаган қизини шу тарзда ҳимоя қилаётгандир.
... Тоза хавода бир оз нафас олай деб, боққа чиқмоқчи бўлдим. Ҳаёл билан уйимиздан анча нарига, кўча бошига бориб қолганимни ҳам сезмабман.
Шунақа сиқилиб кетгандим-ки, ўзимга-ўзим «Эй ёзмай ўл, нима қиласан катталар билан ади-бади айтишиб, ҳаммасини йиғиштириш керак, бўлди энди хат-пат, йўқ» дея пичирлаб борар эдим...
Бир вақт кўчанинг сўл томонида офтобда ярқираб турган нимадир кўзимни олди...Болалигимизда кичкина кўзгуни офтоб нурига тўғирласак, “қуёш қуёнчаси” пайдо бўлиб кўз ўйнатарди. Ким мен билан хазиллашаётган экан деб, ўша томонга қарадим-у, кўзларимга ёш қалқди... 
Заҳри замонадан, ўзимдан ранжиб эллик метрлар нарида мен томонга караб жилмайиб турган инсонни пайқамай қолибман. Офтобда ялтираб , кўзни олаётган нарса, кўзгу эмас, янги ногиронлар аравачаси эди. Унда, “Газ-31” машинаси ўриндиғига жойлашиб олган гўдакдай бахтиёр инсон миннатдор нигоҳлари билан менга жилмайиб турарди. 
Бу ўша– саккиз йилдан буён ховлисидан ташқарига чиқмаган, юқоридагиларга ёзиб юборган бир парча арзномам туфайли, яп-янги аравачасида одамларни кузатиб, қувониб ўтирган Усмон тоға эди.
Унинг шодон чеҳрасига қараб ярим соат аввалги насиҳатлар, ваъдалар бари ёдимдан чиқди. Кичкина ишимдан, кўнглим тоғдай кўтарилди….
Бир ой ўтиб- ўтмай, касалманд Фотима холанинг уйида, арзларини хатга тушириб ўтирардим.

Муаззам Иброҳимова

Просмотров: 662 | Добавил: яргаллык | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Имя *:
Email *:
Код *:
Поиск
Вход на сайт
Календарь
«  Апрель 2017  »
Пн Вт Ср Чт Пт Сб Вс
     12
3456789
10111213141516
17181920212223
24252627282930
Наш опрос
Оцените мой сайт
Всего ответов: 17
Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0