Суббота, 12.07.2025, 11:10
МАРҲАБО! Гость | RSS

Главная » 2014 » Май » 21 » Баҳодир ОБИД. Шеърлар
11:46
Баҳодир ОБИД. Шеърлар
01 Декабря 2012Обновлено 01 Декабря 2012Баҳодир ОБИД
 
 

Баҳодир ОБИД. Шеърлар

 
 
 

 

 

Баҳодир ОБИД (Валиев) – 1978 йил 4 апрелда Наманган вилоятининг Поп шаҳрида туғилган.

2000 йилда Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети филология факультетини бакалавр, 2002 йилда магистр,  2009 йилда Ўзбекистон Фанлар академияси Алишер Навоий номидаги Тил ва адабиёт институти аспирантурасини тамомлаган.

2005 йилда Наманган вилоятида ўтказилган “Муқаддас Лира” ёш шоир ва ёзувчилар танловида “Она ҳақида шеър”, “Ватан ҳақида шеър” номинациялари ғолиби;

2012 йил январь ойида Ўзбекистон Қуролли Кучларининг 20 йиллигига бағишлаб журналистлар ўртасида ўтказилган “Ватан азиз, жасорат мангу”республика танлови ғолиби;

2012 йил май ойида Тошкент шаҳрида Касаба уюшмалари ўртасида ўтказилган “Ўзбекистон, сени куйлайман!” санъат фестивали “Шеърият (монолог)” йўналиши ғолиби;

“Дилимдаги дунёларим” номли шеърий тўплами муаллифи;

“Ўзбекистон белгиси” кўкрак нишони, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Эсдалик нишони соҳиби.

Шоирнинг “Келгин, гулим” шеърига таниқли бастакор Мусахон Нурматов томонидан басталанган қўшиқ  Ўзбекистон халқ артисти Озодбек Назарбеков томонидан 2012 йил 8 март – Халқаро хотин-қизлар кунига бағишланган республика байрам тадбири ҳамда “Хуш келдингиз!”конерт дастурларида ижро этилган ва йилнинг хит тароналаридан бирига айланган.   

Баҳодир ОБИД ҳозирда Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Матбуот хизмати бош мутахассиси лавозимида фаолият юритади.

Баҳодир ОБИД

Тел.: + 99 893 506-01-88

Орзу

 

Менга дунё тинч бўлгани бас,

Бундан ўзга ташвишим йўқдир.

Тилло-зарга қизиқиш, ҳавас,

Ҳасадгўйдан танишим йўқдир.

 

Менга сирдош боғда атиргул,

Яна бир туп чиллаки ўрик.

Дониш мисол вазмин чинорлар

Ва хаёлим – жўшқин, югурик.

 

Балки кўкда бўлолмам юлдуз...

Тупроғимда бўлайин бир Тош,

Бетакаллуф фитначи селу

Довулларга берайин бардош.

 

Балки... Дунёларни кезмасман,

Умрим бўйи қоларман муқим,

Бахтли Қушман, сўнгги насибам

Шу Тупроқда бўлса, бир чўқим...

 

Армонларнинг армони бўлиб,

Яшай мен ҳам она элимда,

Эй, муҳаббат, меҳр оташи!

Куйдир кўксим, сўнма дилимда...

 

 

 

Алишмасман

 

Жоним, сени жон олгувчи хуморларга алишмасман,

Кўзларингни жон асровчи туморларга алишмасман.

 

Қошларингнинг қаросига тун зулмати келолмас тенг,

Қоматингни сози равон дуторларга алишмасман.

 

Вайрон дилим ҳар нафасда сўзларингдин бўлур обод,

Сени йилда бир келувчи баҳорларга алишмасман.

 

Кулишларинг шалоламу, боқишларинг гуллоламу,

Шўхликларинг жўшиб оққан анҳорларга алишмасман.

 

Карам этсанг бахтиёрман, жафо қилсанг умидворман,

Ҳижронингни ўзга висол, дийдорларга алишмасман.

 

Олам гулгун юзин очсин, йўлларимга гулин сочсин,

Туҳфаларин сендан етган озорларга алишмасман.

 

Баҳодиринг чексин озор, қалб гўшаси бўлсин мозор,

Бу мозорни савдоси мўл бозорларга алишмасман.

 

 

Кўзларингнинг чароси

 

Чирсиллатиб жоним узар кўзларингнинг чароси,

Сенга қўлим етмаган йўл – қошларингнинг ароси.

 

Ишқ ўтида чўғ бўлиб куйиб қорайди бу кўнглим,

Вужудингга хол этиб берилди ҳар бир қароси.

 

Кўзларимнинг аччиқ ёши чашмадек оқди мудом,

Шўр ёшим тегиб баттар оғриди қалбим яроси.

 

Неча ойдир, неча йилдир борарман фарёд уриб,

Тугамасдан тугатмоқда умримни ишқ саҳроси.

 

Умидим кўп, етиб борсам, жоним узилмай қошига,

Висолига қониб, бўлсам бир меҳмони аълоси.

 

Иззат айлаб, кўп меҳрлар кўрсатса мен ғарибга,

Не тонг, вафолар айласа, охир тугаб жафоси.

 

Сайр айласак бирга-бирга Фарҳоду Ширин бўлиб,

Манзилимиз бўлса чаман, бахтиёрлик маъвоси...

 

Эй Баҳодир, саробдир ул санинг бор хаёлларинг,

Бу оламда йўқдур асло ишқ дардининг давоси.

 

 

Ўзбекистон гўзаллари!

 

Жаннат ўлкам санамлари гўзалдурлар,

Таърифлари куйу достон, ғазалдурлар.

 

Ўзбекистон - гуркираган чаман, гулзор,

Ифорлари қалбни ўртар гуллари бор.

 

Кўпдан бери дилга тугиб юрган эдим,

Шу гулларни қўшиқ қилиб куйлай дедим:

 

Юмушларда қийнамассиз энди жонни,

Дилбарини танласангиз Андижонни.

 

Шоҳимардон тоғида соф ҳаво бўлар,

Фарғоналик қизлар сўзи даво бўлар.

 

Гул истасанг топгайдурсан гулмакондан,

Гулгун қизлар бўй етгандур Намангонда.

 

Кўрганмисиз эзгу иш-ла шошган қизни,

Чевар, чечан, тили ширин Тошкан қизни.

 

Гўзаллардан ўзарлар бор, турли экан,

Сирдарёнинг сулувлари сирли экан.

 

Бахмалбоғнинг олмасидек юз қирмизи,

Миришкору фидокордир Жиззах қизи.

 

Самарқанддек юрт борми ризқнинг конидек,

Қизларининг ҳусни офтоб, худди нонидек.

 

Навоийнинг қизларида шижоат қайнар,

Шиддатидан дилда исён, юрагинг ўйнар.

 

Ҳуснин таъриф айлар азал аҳли шуаро,

Бухоролик гўзал маҳбуб кўнгиллар аро,

 

Меҳмон кутар, тандир, жизи жизиллайди,

Қарши қизин кўрсам юрак жизиллайди.

 

Қалбим қайнаб ўхшар худди қумғончага,

Сурхон қизи, гар ўйнасанг сурхончага.

 

Куй-қўшиққа туғма эрур сезгилари,

Сеҳрлидур Хоразм қиз лазгилари.

 

Гул ўтовда дўмбираю ёниқ байтлар,

Қорақалпоқ қизи унда ўлан айтар...

 

Юртимдаги санамларга не меҳрим бор,

Барин оққа тўкиб дилдан битдим ашъор.

 

Жамолию камоли то фалак эрур,

Кўйларида ошиқлари ҳалак эрур...

 

Кўз тегмасин, толеингиз шундоқ турсин,

Баҳодирнинг шеъри Сизга мунчоқ бўлсин!

 

 

 

Қучоғимдан чиқиб кетдинг

 

Қучоғимдан чиқиб кетдинг жайрон бўлиб,

Ортингда зор қолиб кетдим ҳайрон бўлиб.

Ёлғизликдан бошим эгиб йиғладим зор,

Қалдирғочи учиб кетган айвон бўлиб...

 

Қулаб тушди юрагимнинг устунлари,

Борми ошиқларнинг бағри бутунлари?!

Шунча қаттиқ тукканмидинг, эй бағритош,

Ечилмади армонимнинг тугунлари...

 

Чеҳранг кўриб нигоҳларим қамашдими?

Содда дилни ёлғончилар алдашдими?

Сойдек тошган қувончларин шўрлик юрак

Бир умрлик қайғуларга алмашдими?

 

Висол – сароб... Юрган билан етилмайди,

Ишқнинг йўли кўнгил учун ўтилмайди.

Барча дарднинг давоси бор, лек, дўстларим,

Севган одам ўлмагунча қутулмайди...

 

Куймагунча бу йўллардан ўтилмайди...

 

 

Ҳолим сўрмай қўяқол!

 

Исмин айтиб турмасанг,

Ишқдан сархуш юрмасанг,

Соғинганда кўрмасанг,

Юрак, урмай қўяқол!

 

Ҳуснидан қувонмасанг,

Висолига қонмасанг,

Порламасанг, ёнмасанг,

Эй кўз, кўрмай қўяқол!

 

Йиғлама, ғариб кўнгил,

Севги дардига кўнгил,

Ёқмаса, тупроқ бўлгил,

Кўксимда турмай қўяқол!

 

Қошинг шундоқ ҳам қаро,

Қародан бағрим яро,

Эй қотили дилоро,

Ўсма сурмай қўяқол!

 

Боқолмам нур нигоҳга,

Тенги йўқ дур нигоҳга,

Умримни бурдинг чоҳга,

Лабинг бурмай қўяқол!

 

Баҳодир ёнган бугун,

Вужуди куйган кукун,

Шунчаки, кўнгил учун,

Ҳолим сўрмай қўяқол!

 

 

Муҳаббатнинг манзиллари

 

Муҳаббатнинг манзиллари – олов маскан,

Унга диллар куймай туриб боролмаскан.

Тўлган юрак анор каби экан, дўстлар,

Бўлинмасдан дардларини ёролмаскан.

 

Шу йўлларда, эй ёронлар, куйиб кетдим,

Бир гўзални жондан ортиқ суйиб кетдим.

Ишқ майини симирдиму ташна қолдим,

Тўймадим оҳ, вале жондан тўйиб кетдим.

 

Қайдан излай дардларимга чораларни,

Эслатмангиз менга қоши қораларни.

Тоғлар кўкси парча-парча тош бўлдилар,

Боши тегиб биздек бағри пораларни.

 

Юлиб олманг ошиқ кўнгил ҳузурларин,

Қабул айланг юрагимнинг узурларин.

Келинг энди висолларга алишайлик,

Хаста дилнинг ғамгин хайр-маъзурларин.

 

 

 

Ошиқларга азоб –  гуноҳ бўлади

 

Сулувлар кўкдаги гулмоҳ бўлади,

Ошиқлар дилида минг оҳ бўлади,

Қийнаманг эзилган дилхасталарни

Ошиқларга азоб –  гуноҳ бўлади.

 

Майли, сўйланг тилингизга келганин,

Буюрсангиз борар ҳатто ўлгани,

Севгидан кеч, демасангиз бўлгани,

Ошиқларга азоб –  гуноҳ бўлади.

 

Айтасиз: айрилиқ – тақдир бу, тақдир,

Қисматнинг тошлари нақадар оғир,

Барибир, барибир севганлар – ҳақдир,

Ошиқларга азоб –  гуноҳ бўлади.

 

Ишқ чақини урар дилни ёшликда,

Севгисиз қалб – ҳувиллаган бўшлиқ-да,

Айблайман сизни бағритошликда,

Ошиқларга азоб –  гуноҳ бўлади.

 

Куйсангиз чин дилдан суйганлар учун,

Сиз шунда биласиз севгининг кучин,

Ё сиздан муҳаббат олади ўчин,

Ошиқларга азоб –  гуноҳ бўлади.

 

Севиш ва севилиш - асл муддао,

Сиздан мурувватдир, улардан дуо,

Сизни ҳам пок ишқ-ла сийласин Худо!

Ошиқларга азоб –  гуноҳ бўлади.

 

 

Энди бизга алам-алам

 

Биз томонга келар санам қаранг-қаранг,

Чаккасида балдоқлари жаранг-жаранг.

Товус каби хиром айлаб юришлари,

Қоматига хон атласи таранг-таранг.

 

Дил боғланиб борар унга аста-аста,

Банди кўнгил нола қилар хаста-хаста.

Ташвишларим туман каби тарқаб кетар,

Шу гўзалга гуллар тутсам даста-даста.

 

Йўқотганда юрагимни эзиб-эзиб,

Фарёд урдим тош кўчангни кезиб-кезиб.

Бир бошимга минг аламлар ёғилди-ей,

Чиқмадинг, ёр, дардларимни сезиб-сезиб.

 

Қирмиз юзи олмадайин тарам-тарам,

Қаро қошлар мисли эди қалам-қалам.

Ҳуркак оҳу мисол тутқич бермади ёр,

Йиғла кўнгил, энди бизга алам-алам.

 

 

Шикоятдан садойинг йўқ

Бисотингда ҳусн бордир,

Сўзларингда фусун бордир,

Нозларингда афсун бордир,

Юрагингда вафоинг йўқ.

 

Кўнгилларни ўлкалайсан,

Қалбни бир-бир тилкалайсан,

Ошиқлардан ўпкалайсан,

Дардларингга давоинг йўқ.

 

Қўлларингда шаробинг бор.

Кўзларингда саробинг бор,

Не-не ҳоли харобинг бор,

Мендек ҳушдан адойинг йўқ.

 

Ваъдабозлик - фасонингдир,

Жафоларинг - таҳсинингдир,

Ҳижронларинг - эҳсонингдир,

Мендайин шод гадойинг йўқ.

 

Эй савдогар, сочи майда,

Сен кўрурсан фақат фойда,

Ҳижрон бердинг, висол қайда,

Бундай ғирром савдойинг йўқ...

 

Раҳмат сенга, ошиқ дилим,

Сен-ла ўтди неча йилим,

Бошга келса ҳамки ўлим,

Шикоятдан садойинг йўқ...

 

 

Ақлим олди

 

(қўшиқ)

 

Ақлим олди кўзларининг мастонаси,

Борай десам олис гўзал остонаси.

Кўшкларига боқай десам йиқилгайман,

Булутларга бўйлашгандир хосхонаси.

 

“Бор-бор” деманг йўқ аламлар бор бўлади,

“Ёр-ёр” деманг дилга ғамлар ёр бўлади.

Қоши камон, сумбул сочи арғамчи ёр,

Кокилларинг бошга бир кун дор бўлади.

 

Аччиқ ёшим тўлди чучук кўлларингга,

Дардларим тоғ бўлиб чиқди йўлларингга.

Парво қилмай шўх насимдай елиб ўтдинг,

Қиё боқмай биздек ғариб қулларингга.

 

Кўнгил йиғлар айрилиқни оғир билиб,

Юрак эса келмасингни оғрир билиб.

Эй тупроқдил, қаддинг кўтар ёр бошидан,

Тўкилгаймиз энди бизлар ёмғир бўлиб.

 

 

Далда бўлмас

 

Ёлғон севги тилда  бўлар, дилда бўлмас.

Ишқда куйган юракларни алдаб бўлмас,

Ёлғон билан овутмоққа уринма, ёр,

Алдовларинг энди қалбга далда бўлмас.

 

Хато айлаб, айбни биздан кўришлари,

Ўроқ қошлар жон буғдойин ўришлари.

Кулимизни кўкка елдек совурдилар,

Нигоҳининг бизга очган урушлари.

 

Мавжланасан қўлим етмас денгиз бўлиб,

Бу жаҳондан кетгим келар сенсиз ўлиб.

Мен девона сен парининг тенгинг эмас,

Дунёларга келганмишсан тенгсиз бўлиб...

 

Нетай, ахир шунчалар ҳам содда бўлсам,

Унутмасанг дейман, доим ёдда бўлсам.

Сенинг васлинг қирқ йигитнинг умричадир,

Етолмасман хоҳ пиёда, отда бўлсам.

 

 

 

Ғавғолари бор

 

Мингни ўйла, бирини сўйла,

Қайтиб келар балолари бор.

Манглайимга тош едим дейсан,

Ҳали олдда ҳолволари бор.

 

Бу фонийнинг маъниси нима?

Дунё – бизлар туғилган кема,

Ҳаёт, сендан не кўрдим дема!

Мен-чи? деган даъволари бор.

 

Фирибларга бу олам моҳир,

Чучук умринг айлайди тахир,

Ташвишлардан қутулсанг охир,

Кутилмаган ғавғолари бор.

 

Юксалурсан мисоли қоя,

Атрофингда минг қора соя,

Ҳаётингни айлар ниҳоя,

Заҳри пинҳон иғволари бор.

 

Гули бордир ҳатто тиканнинг,

Азобларга шукур деганни,

Сабрлига Қодир Эгамнинг

Атагувчи совғолари бор.

 

 

Ҳаддингни бил

 

Ҳаддингни бил, бежизга тенг

Тенги билан дейилмайди.

Интилмайди осмонга ер,

Ерга осмон эгилмайди.

 

Бой эсанг йўқсилни хўрлаб,

Манманликка белги бўлма.

Гар ер бўлсанг фалакман деб,

Оламларга кулги бўлма.

 

Осмоннинг ўз юлдузлари,

Қуёшию ойлари бор.

Ернинг мағрур тоғларию

Жўшиб оққан сойлари бор...

 

Ернинг тиниқ порлаб турган

Оппоққина ҳилоли йўқ.

Осмонларнинг жонга роҳат

Оби кавсар зилоли йўқ...

 

Майли осмон ёки ер бўл,

Ўзлигингдан кеча кўрма.

Орият бир либос эрур,

Уни асло еча кўрма.

 

 

Қалбим ва ақлим

 

Қалб Ақлга нидо қиладур:

- Бу дард мени адо қиладур.

 

Висол майин ичирмас экан,

Нечук бизни шайдо қиладур.

 

Кун мисоли порлару бир зум,

Зулмат тунин пайдо қиладур.

 

Бу ҳам етмай юлдузлар отиб,

Бошимга минг ғавғо қиладур.

 

Ақл дейди: “Бўлма беадаб,

Ҳар не қилса Худо қиладур.

 

Ишқ йўлига кирдингми басе,

Ё султон ё гадо қиладур.

 

Кўрки, бағри илма-тешик най,

Шукронадан садо қиладур.

 

Ҳушинг учиб, ношукур бўлма.

Борлиғингдан жудо қиладур”.

 

Эй Оллоҳим, авф эт, Баҳодир

Туғилгандан хато қиладур.

 

 

 

 

Суратига ишонма

 

Суратига ишонма гарчи инсонга ўхшаса,

Одам бўлолмагайдур асли Шайтонга ўхшаса.

 

Заҳар солмай туролмас гар насли бўлса илон,

Ниш урмоқ одатидур аҳли чаёнга ўхшаса.

 

Бағрига олсин илонни, чексин нолаю фиғонни,

Ёр этсин пушаймонни, ким мен нодонга ўхшаса.

 

Номард келмас юзма-юз, куракдан ургай пичоқ,

Учмагил гар сўзларидан марди майдонга ўхшаса.

 

Мунофиқ мунофиқдур, кўнглида ҳийласи лиқдур,

Қўйнида тутгани тиғдур, гўё пушмонга ўхшаса.

 

Ширин сўзлаб дўстлик этса огоҳ бўлгил  рақибинг,

Ишонгил аччиқ сўз айтиб дўстинг душманга ўхшаса.

 

Мансаб мисли шамол узра қурилган бир қасрдур,

Боқий деб билмаким тахти Сулаймонга ўхшаса.

 

Билсанг Баҳодир қалбида хазинаи ганж эрур,

Гарчи ҳоли харобаи бузуқ, вайронга ўхшаса.

 

*          *           *

Меҳнаткашликда, заҳматкашликда чумоли ва асалари бир-бирига ғоят ўхшаркан. Аммо ўртада ер билан осмонча фарқ ҳам бор. Чумоли бутун топганини ўзи еркан, аммо асалари йиққан асалининг асосий қисми инсонларнинг насибаси экан.

Дунёда инсон зотига асаларидек эзгуликни соғинувчи, меҳрибон жонзот бормикан?!

 

 

Асалари ва мен

 

Эзгу ишдир сенинг қилар ишинг бари,

Жаннатлардан чиққанмисан, асалари!

 

Олдингда мен кўп уялиб кетмоқдаман,

Инсон бўлиб не эзгу иш этмоқдаман?!

 

Заҳматкашсан, минг чаманга борадурсан,

Гул шарбатин олиб, асал қорадурсан.

 

Оламларга тутсанг ширин тотли асал,

Элдан қочар турфа дарду иллат, касал.

 

Сенинг юрган йўлинг, босган изинг асал,

Маним эса йўлим ғийбат эрур азал.

 

Унинг сўзин олиб бунга ташийдурман,

Қайда иғво? Излаб бошим қашийдурман.

 

Борар жойим чаман эмас, разолатдур,

Қилар ишим ҳасад, ғийбат, жаҳолатдур.

 

Сен оламга берсанг боли ширин-шакар,

Мен барчага бергум азоб шому саҳар.

 

Турли кину ҳасадларга суқиб бошим,

Не шўрликнинг кўзларидан тўкиб ёшин.

 

Доноларга ташвишларни улашгайман,

Нодон билан гуноҳларни бўлашгайман.

 

Қулоғимга келиб ғўнғир-ғўнғир, дейсан,

Гўё: “Қилган ишинг бари қинғир”,- дейсан.

 

Кеча-кундуз фойда кўзлаб ётган ҳам мен,

Асалингга қиём қўшиб сотган ҳам мен...

 

Кечир мени асаларим, асалгинам,

Сенга ёздим ушбу аччиқ ғазалгинам.

 

Ғийбатлардан руҳим толиб, кўзим тинди,

Танҳо сендан ибрат олиб яшай энди.

 

Надоматдан ёниб бу кун юрак бўзлар,

Сен асал йиғ, мен терайин асал сўзлар!

 

 

Арзинг бўлмаса

 

Илтижо қилмассан арзинг бўлмаса,

Бахтлисан бировдан қарзинг бўлмаса.

 

Бойман деб кўкрагинг керганинг бир пул,

Йўқсилга бир чақа нарзинг бўлмаса.

 

Ҳар неча сўйлама чаладур илминг,

Суннатинг бўлсаю фарзинг бўлмаса.

 

Инсонлик бобидан урмагин лофлар,

Унга мос аъмолу тарзинг бўлмаса.

 

Қалбингдан муҳаббат майи тўкилмас,

Кўнгил кўзасида дарзинг бўлмаса.

 

Жаннат исларини сезурсан, эй дил,

Кибрдан тариқча гардинг бўлмаса.

 

Рақиб сиртмоғида овворадурсан,

Ёнингда дўст деган мардинг бўлмаса...

 

Баҳодир, мажнунлик бўлмасди тақдир,

Юракда ишқ деган дардинг бўлмаса.

 

 

Бирин-кетин

 

Бу фалакда ойу қуёш бирин-кетин,

Дилда қувонч, кўзларда ёш бирин-кетин.

 

Фасллардек алмашинар шодлигу ғам,

Шукронаю сабру бардош бирин-кетин.

 

Олам ичра яшаб ўтди неча инсон,

Не меҳрибон, не бағритош бирин-кетин.

 

Қаноат қил берилган ҳар бурда нонга,

Ризқинг бўлар кабобу ош бирин-кетин.

 

Келса ғафлат ухлайди кўз, суяксиз тил

Сирларингни айлайди фош бирин-кетин.

 

Қатра висол бахш этурсан, сўнгра ҳижрон,

Синовларинг, эй қаламқош, бирин-кетин.

 

Умринг ўтар, шоқол каби турфа дардлар

Вужудингни айлар талош бирин-кетин.

 

Куйинмагил, мезбони йўқ олам уйин,

Сафардадур кексаю ёш бирин-кетин...

 

Эй Баҳодир, неча йилким йўллардасан,

Босган изинг Наманган, Шош бирин-кетин.

 

 

Онангни қадрла!

 

Гупурмаса қони тош қотар юрак,

Эҳсонлар қилдим деб кермагин кўкрак,

Нақшинкор қабртош ким учун керак?

Қадрла онангни ҳаётлигида...

 

Кетса, етмас узун карвонларинг ҳам,

Кўкларга уланган нарвонларинг ҳам,

Дастурхонда совир ширмонларинг ҳам,

Қадрла онангни ҳаётлигида...

 

Йўқотганда одам тургандан тўплаб,

Яхшидир кафтидан сувларни ҳўплаб,

Юрганинг: “Онажон, бўпти, хўп-хўп”лаб,

Қадрла онангни ҳаётлигида...

 

Тиригида энсанг қотиб турасан,

Ҳар сўзида хато, айб кўрасан,

Ўлгач, елпиғичин кўзга сурасан,

Қадрла онангни ҳаётлигида...

 

Қара, оҳ урмоқда қайсидир биров:

- Бутун бойлигимни қўйсам-да гаров,

Онамни кўрсам,-дер,-бир лаҳза, бирров,

Қадрла онангни ҳаётлигида...

 

Ўзидек меҳрибон бўлганинг яхши,

Қошида шод-хандон кулганинг яхши,

Йўқса, фарзанд бўлмай ўлганинг яхши,

Қадрла онангни ҳаётлигида...

 

 

Просмотров: 1340 | Добавил: яргаллык | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Имя *:
Email *:
Код *:
Поиск
Вход на сайт
Календарь
«  Май 2014  »
Пн Вт Ср Чт Пт Сб Вс
   1234
567891011
12131415161718
19202122232425
262728293031
Наш опрос
Оцените мой сайт
Всего ответов: 17
Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0