Бизнинг мусоҳаба
Б. ТУРСУМЕТОВ: ДАРДГА ШИФО ТОПИШ ҲАМ МЎЪЖИЗА

Танишинг
Бахтиёр Турсуметов 1965 йили Жанубий Қозоғистон вилоятининг Қорабулоқ қишлоғида туғилди. 108-сонли билим юртини тамомлаб, 1984 йили тракторчи, машинист, автомобиль ҳайдовчиси, чилангар, таъмирчи ихтисосликларини эгаллади. Бир билим юртининг ўзидан шунча ҳунар эгаси бўлиб чиқиб, халқ хизматига отланди.
Мана йиллар ўтгандан сўнг ҳижома (қон олдириш) усули билан ҳамюртларимизни даволаётган табиблик насиб этди. Аллоҳ ҳамма бандаларига ҳам бирдек насиб этмайдиган, ато этмайдиган хусусиятни армуғон этди. Тақдир тақозоси билан инсон ҳаёти давомида бир неча бор касбу корини ҳам ўзгартириб юборишига шоҳид бўлди – минг ўйлаб, хаёлининг кўчасидан ўтмайдиган касб соҳиби бўлиши мумкин экан. Суҳбатдошим ҳаёти мобайнида бунга амин бўлди. Энг муҳими, дард билан олишавериб чарчаган, руҳияти тушкун ҳолда келаётган дардманларга Яратган хоҳиши билан “иккинчи нафас” ато этаётганидан Аллоҳга шукроналар айтади. Зеро, ҳаётда ҳеч бир нарса бежиз эмас, ҳар бир эзгу ишнинг боши ҳам поёни ҳам хайрлидир. Қаҳрамоним буни ёшлигида илғамаса-да, унинг моҳиятини у қадар баҳолай олмаса-да, вақт дардманларга шифо ато этаётган, уларнинг дардини олаётган яна бир истеъдодли табибни тақдим этди.
Комсомол тўйлари урфга айланганди
Ҳижома усулида беморларни даволовчи, Б. Турсуметов суҳбатимизни ота-боболарининг табиблик соҳасидаги фаолиятидан бошлади.
“Катта момомнинг онаси фарзандларини улитка тердириб, ундан махсус малҳам тайёрлаб, терига суртиш билан уни ёшартириш йўлларини топишга ҳаракат қилишган. Замонавий тиббиёт ҳам хорижда ишлаб чиқарилган ноёб дориларнинг таркибида улиткалардан чиқадиган шилимшиқ модданинг инсон терисини ёшартириш хусусиятига эга эканлигини исботлаб, бу йўналишда фаннинг илғор ютуқлари деб кўрсатилди. Ваҳоланки, ота-боболаримиз бунинг аллақачон ҳадисини олиб улгуришган экан. Бироқ, замона зайлими буни такомиллаштиришга йўл берилмади. Ўша давр талабига кўра одамлар ўз анъаналаридан ҳайиқа бошладилар. Худойи қилиш, жаноза ўқиб, жасадни дафн этиш, Пайғамбаримиз суннатига кўра даволаш усулларини кенг қўллаш – бунин барчасига чек қўйилди, хавфли бўлиб қолди. Бу ишларни амалга оширган кишилар хурофотчи, бидъатчи деб, эскилик сарқитини ҳимоя қилувчи халқ душманига айланди. Унинг ўрнига таваллуд кунлар ичимликлар билан нишонланадиган бўлди, Комсомол тўйлари, ЗАГС зиёфатлари урфга айланди. Табобат соҳасида олиб бориладиган ишлардан бош тортишга тўғри келди. Ота-боболари катта табиб ўтган авлодлар ҳам тузум тазйиқларидан қўрқиб, табобат дурдоналарини “кўмиб” юборишларига тўғри келди. Маънавий қадриятларимиз билан бирга, диний ақидаларимиз, ҳар кимга ҳам ато этилмайдиган хосиятлар ҳам унут бўлди. Менинг Биби Марям исмли момом қон олдириш усули билан беморларни даволагани учун давр тақозоси билан табобат илмига қизиқмаётган, умуман бу соҳада жамиятимизга хизмат қиламан, деган авлодларининг чиқмаётганлиги боис куйиниб, менинг ишим давомчилари бўлмаса, уни тупроққа олиб кетаманми, деб роса куюнарди. Менинг онам – Мухтабар опанинг ҳам бу илмни ўрганишига отам роса қаршилик кўрсатганлар. Аллоҳдан ато этилган хислатга тўсқинлик қилганларга ҳам руҳий осон бўлгани йўқ. 1970 йилларда отам қишлоқ кенгаши раҳбари бўлиб ишларди. Табиийки, партия ишчиси, анъанавий, диний ишларга ёт муносабатда. “Кимсан, сельсовет бошлиғининг рафиқаси қаердаги диний усуллар билан даволаркан” деган сўз оиламиз нуфузига салбий таъсир кўрсатарди. Отам рафиқасининг ўз онасидан бу илмни ўрганишига ва қўллашига қатъиян қарши туради. Бироқ бунга қаршилик қилаётган отам соғлиги саноқли кунларда ёмонлашди. Ҳатто иш шу даражагача борадики, саноқли сонияларда кўзи умуман кўрмай қолади. Бу вақтга келиб отам онамга табобатда умуман ишламаслигини қатъий талаб этган эди. Ниҳоят момомнинг рухсати билан онам отамни ҳижома қилади ва бироздан сўнг кўриш қобилияти қайтиб, кўзлари очилади ва бу ишга тўсқинлик қилиш мумикн эмаслигини англаб, беморларни даволашга рухсат беради. Ота-онам 4 ўғил ва 6 қиз кўришган бўлса, фарзандларидан биронтасига даволаш қобилияти ато этилмади. Жумладан, ёшлигимда мен ҳам чилангарлик, ҳайдовчилик, темирчилик касбларини бошини тутганлигим боисми мен ҳам табибликни тасаввуримга сиғдира олмасдим. Катта юк машиналарини ҳайдайман, иш жойим тайин, маошим яхшигина. Табобат меники эмас, деган фикрда эдим. Йўқ, мен адашган эканман. Бу тилсим дунёда биз билиб, билмаган ноёб хислатлар кўп экан. Кимгадир бу хислат Яратган томонидан ато этилган, кимдир уни йиллар давомида меҳнат билан ўқиб-ўрганиб эришади. Бироқ Аллоҳ ато этган хусусият барчага ҳам берилаверадиган неъмат эмас”.
1990 йиллардан бошлаб Мухтабар опа фарзандларига ҳижома қилишни ўрганишни таклиф этади. 1992 йили она қаттиқ бетобланиб қолади ва тушида ўғли Бахтиёр даволаётганини кўриб, унга аён берилганлиги ва бу хислат унга насиб этаётганини айтади. Ўғли онаси сингари мугузни унинг танасига кўйиб, ундан ҳавони тортиб олиб, қон ола бошлайди. Онанинг саноқли дақиқаларда аҳволи яхшиланади, қон босими тушиб, ёноқларига қизил югуради. Момодан дуо олган онаси уйида беморларни ҳижома билан даволарди. Уйга кела олмайдиган оғир ҳасталарни даволашга отаси рухсат бермаган. Шунда она ўғлига юзланиб, ”сенинг қўлингдан келади, беморнинг дардини олсангчи”, деб айтадилар. Ўғил эса одатдагидек бундан бош тортиб, қайсарлигидан қолмади. 1971 йили момоси оламдан ўтганлиги боис унинг кўп хислатларини Мухтабар опа ҳам ўрганиб улгурмади. Шундай бўлса-да 20 йил мобайнида ҳамюртлари дардига малҳам бўлди.
1994 йилда яна бир мўъжиза юз бериб, Бахтиёр аканинг ҳаётида кескин бурилиш ясади. Шимкентда суяк силига чалинган оғир беморга ҳам ҳижома усулини қўллашга уриниб кўришни сўрашди. “Кунлари саноқли” га чиқарилган беморнинг унга ато этилган хислат билан ҳаётга қайтишини кузатиш уни тиббиёт билимларини олишига илҳомлантирди. Машҳур тиб олимлари ибн Сино, ҳаким Кирмоний, Абу Бакр Розий сингари алломалар асарларини йиллар мобайнида ўзлаштирди. Уларнинг даволаш сирларини ўрганди. Шу ҳодиса сабаб бўлиб, айни кунда турли хасталиклар билан мурожаат қилаётган беморлардан ёрдамини аямаяпти. Б. Турсунметовнинг замон талабига мос жиҳозланган клиникасида дардига шифо топиш истагида келган хасталарга барча шароитлар яратилган.
–Қисқача қилиб айтганда, ҳижома – бу танадаги ортиқча, зарарли қора қонни махсус банкалар ёрдамида тери орасидан сўриб олинишига айтилади. Буни қилдириш саломатлик учун жуда фойдали амаллардан бири. Замонавий тиббиётда ҳам бу билан даволаш анъанага айланган ва Пайғамбаримиз (с.а.в) дан қолган суннат амаллардандир. Ҳижоманинг қадимда ҳам, ҳозирги кунларда ҳам жуда кўп хасталиклардан даволанишда фойдаси катта ва бундан кўп ҳамюртларимиз хабардор. Табиблик фаолияти билан 27 йилдан зиёд вақт мобайнида шуғулланаётган бўлсам, тиб илмининг олимлари яратиб кетган дурдона асарлардан билимимни бойитишга ҳаракат қиламан. Токи менга ато этилган қобилият, илм билан уйғунлашиб, бу соҳада янги қирраларни очишга имкон берсин, – дейди Б. Турсуметов.
Айни кунда суҳбатдошимга бу ишда турмуш ўртоғи Лаззат опа, Достон, Дониёр исмли фарзандлари ҳамда келини Мафтуна ёрдамчи. Б. Турсуметов клиникасида беморлар ёзган дил сўзлари битилган китоблар билан танишдим. Нафақат ҳамюртларимнинг, балки давлатимизнинг турли ҳудудларидан шифо излаб келаётган хасталарнинг эзгу ниятларини ўқиб, кўнглим равшан тортди.
Масалан, бу китобда ният билдирган Г. Қўжаханова ҳижомадан кейин кўзи равшан тортиб, кўриш қобилияти яхшиланган. З. Абдуллаева эса танасини турли яралар тарк этганидан қувончини яширмайди. Иззат Жунисов эса простатитдан даволанганини айтади. Яна бир саҳифада эса Х. Абдукаримовнинг умр йўлдоши Назирани бошқа шаҳарларга даволаш учун олиб борганлиги, шифо топмаганлиги боис, ҳамқишлоғи Б. Турсуметовга даволатиб шифо топганидан миннатдорлигини билдиради. Халқнинг дардига дармон бўлаётган, дуоларини олаётган Бахтиёр табибнинг фаолияти ҳақида батафсил маълумотни Қорабулоқ қишлоғидаги клиникасидан ёки 8 (702) 967- 80- 07 телефон рақамига сим қоқиб олишингиз мумкин. Табиблар авлодининг давомчиси Яратган инояти билан шифо улашишдан, сиз эса саноқли дақиқаларда аҳволи яхшиланиб бораётган беморлар шодлигига гувоҳ бўласиз.
М. САЪДУЛЛАЕВА.
|