ҚАДДИНГ БУКИЛМАСИН,
МАҒРУР АРЧАГИНАМ
ёки дадамдан қолган ривоят

Тоғ бағрида ўсган арчагинам, нина барглигим. Бахмалдай товланиб, кўзимни яшнатиб, виқор билан бўй чўзиб, Қуёшга, Ойга, Юлдузларга, оппоқ булутларга интилган мағрур ниҳолим. Қарагин, Яратган Эгам сени қандай жойларга муносиб кўрибди-я. Тақдирингда тоғлар бағрида, қоялар тўрида ўсиб-униш битилган эканда. Оллоҳим сенинг гўзаллигингни, латофатингни, чидаму бардошингни юксакликдан кўрай дебдида, азизам. Э, ҳе, сенга ҳавас қилганлар қанча, сенга етолмай чўлу саҳрода қолиб кетганлар қанча!? Сен эса, доимо бир хил либослигим, қишнинг аёзларига, кучли бўронларига бардош берган, тоғларни, қояларни нозик эсада пишиқ тананг, қалин яшил баргларинг билан довуллардан, жалалардан, қор кўчкиларидан, Қуёш жазирамасидан асраб-авайлаган, қалқоним менинг. Тоғ – отанг, Қоя – онанг бўлиб, юрагингга меҳр солган шу жойга, азизам, шундай эмасми?! Эрта баҳорда шилдираб оқадиган жилғалар ҳам сенга ошиқ. Улар чопқиллашиб, югуришиб, қоялар бағридан отилиб тушсада, сенга саломини канда қилишмайди. Чунки гўзалликка ошуфта қалбинг жилғалар куйига ҳамоҳангда, сингилжоним. Жилғалар ҳам сендай дугоналарига заррин қўлчаларини тутиб, зилол сувларидан сенга тортиқ қилади. Сен эса улардан қониб-қониб ичасан. Баҳри-дилинг очилиб, нина баргчаларингни шовуллатиб, қирқта томирингга ҳаёт бахшида этган жилғаларга раҳматингни айтасан. Чунки жилғалар ҳам Она табиатнинг эрка, шўх қизларидир. Уларнинг ортидан жилмайиб, ҳавас билан қараб қоласан.
Арча, арчагинам, яшил либосли кўркамгинам! Сенга барча ҳавас билан қарайди. Ҳатто сенинг ҳусн-жамолингга шайдо бўлган бургутлар, лочинлар, тўрғайлар ҳам чорасизликдан тепангда чарх уриб, севги-муҳаббат қўшиғини куйлайдилар, гоҳо салобатингдан чўчиб, айтолмаган сўзларини чиройли рақслари билан намоён қиладилар. Лекин сен виқор ва ғурур билан уларнинг ҳою ҳавасларини, бир сониялик дил изҳорларини писанд қилмай, мағрур кўкка интиласан. Чунки сен меҳр-муҳаббатнинг, садоқатнинг бир дақиқалик эмас, мангу бўлишини истайсан. Уларнинг ўткинчи муҳаббатини қабул қилолмаслигингни биламан. Аммо улар ҳам тоғу қояларни макон этган мағрур, қўрқмас, ботир қушлар, эрки ўзида. Сен эса Тоғ Маликаси, улар каби парвоз қилмасангда Яратгандан эрта тонгдан то кун ботгунча Она Табиатга, Она Заминга омонлик сўрайсан, Ер юзида тинчлик- осойишталик бўлишини истайсан.
Сен бокира ва беғуборсан! Сен Оллоҳ яратган бутун мавжудотни, ҳатто ҳув тоғ этагида яшаётган одамларнинг ҳаммасини ўзингга ўхшатасан. Уларнинг орасида яхшилар билан бир қаторда иккиюзламачилар, фисқ-фасодчилар, разиллар, ўғри-қаллоблар ҳам борлигини, ҳаёт эса яхшилик билан ёмонлик ўртасидаги курашдан иборат эканлигини билмайсан. Чунки сен разолатдан, тубанликдан йироқдасан. Биламан, сен мағрур, ўжар бўлсангда, одамлар билан дўст тутинишни истайсан. Баъзилари Сенинг тананга болта урсада, нозик баргларингни оёқлари билан эзғиласада, қийноқларга чидаб, уларга Оллоҳдан инсофу тавфиқ тилайсан. Уларнинг шафқатсизлигидан, тубанлигидан, разиллигидан афсусланиб, надоматлар чекасан.
Арчагинам, Сен Инсонни гўзалликка, меҳр-оқибатга, Оллоҳ яратган неъматларнинг қадрига етишга, уларни кейинги авлодга бекаму кўст қолдиришга ундайсан.
Азизам, арчагинам, Сенинг Она заминга, унда яшаётган одамларга меҳринг бўлакча, буни биламан. Ахир Сен Она ер фарзандисан. Сенинг илдизларинг қоя-тошларда бўлсада, Она ернинг кўксида, бағридасан. Буни ҳеч қачон унутма, кўкларга интилганинг, бургуту лочинларга ҳавас қилганинг, тоғу-тошни кезган оҳуларнинг изидан термулганинг яхшику-я, лекин Сен Замин фарзандисан. Тақдири азал тоғлару қояларга Сени макон айлаганида сенинг кучли ироданг, буюк сабринг ва чидамингни ҳисобга олгандир балки. Шу туфайли кўкдаги фаришталар ҳам фақат Сенга таҳсинлар айтишади, ҳавас билан осмондан мўралашади. Сен эса, азизам, қушларнинг чарх уриб қилган парвозига, кийикларнинг тоғу тошларни эркин кезишига ҳавас қилма, улар бир кун келиб, тоғу тошларга, Она заминга, демакки, сенинг пойингга бош уриб келадилар.
Сен, арчагинам, болалигимдан ёдгорсан, сени ҳар эслаганимда ўзим туғилиб, ўсган Тулкибош тоғларида отам билан Сени кўргани борганимиз, Сен ҳақингда дадам айтиб берган ривоят ёдимга тушади:
–Қадимда ёшини яшаб, кексайиб, умри поёнига етиб қолган Она дарахт бўлган экан. Унинг Қайрағоч, Садақайрағоч, Чинор, Терак, Оқ қайин, Саксовул, Мажнунтол , Тол ва Арча каби қиз фарзандлари бор экан. Она дарахт қизларини жуда-жуда яхши кўрар, уларни бағридан ҳеч узоқлаштиргиси келмас экан. Ҳатто уларни турмушга бериб, алоҳида уйли-жойли қилишни ҳам ўйлаб кўрмабди. Вақт ўтгани сайин Она дарахтнинг шохлари қуриб, барглари тўкилиб, аҳволи оғирлаша бошлабди. Шунда Она Табиат тилга кириб, дебди: “Сенинг ой каби гўзал қизларинг бор, нега уларни турмушга беримайсан. Ахир уларнинг ҳам суюклилари билан турмуш қуриб, фарзандли бўлишга ҳақлари борку. Қачонгача сенинг олдингда қари қиз бўлиб ўтиришади?” Кекса дарахт бундоқ қараса, тўнғич қизи Қайрағоч ўттиздан ошибди, энг кичиги Арча ҳам ўн саккизга тўлибди. Хаёл суриб, хомуш тортган Она дарахтга ўз таъсирини ўтказиш учун Она Табиат яна жаҳлланиб, чақмоқ чақдириб, яшин урдирибди. Шунда кекса дарахтнинг қуриб қолган бир шохи қарс этиб синибди. Онаизорнинг жони баттар қақшаб оғрибди. Дунё кўзига қоронғу кўриниб кетибди. Бир-биридан чиройли қизларининг тўй-томошаларини тезроқ кўргиси келибди ва Она Табиатдан илтимос қилибди:
–Майли, мен розиман. Фақат қизларимни узоқ юртларга эмас, атрофга, яқин жойларга турмушга берайин, уларнинг дийдорини тез-тез кўриб турайин, – дебди.
Она Табиат кекса дарахтнинг қизларига муносиб ёр излашга, уларни узатиб, бахтли қилишга бел боғлабди. Унинг қизлари бир йилга қолмай турмушга чиқиб кетибди.
Қайрағоч, Садақайрағоч, Чинор исмли қизлари қўшни қишлоққа келин бўлишибди,Терак, Оқ терак эса шаҳарга. Оқ қайин эса ўрмонликларга, Саксовул чўлликларга келин бўлибди, у жуда иссиқни яхши кўрар эканда. Мажнунтол сувни ёқтиргани учун уни Ариқ бўйига узатишибди.
Тол ёр танламабди, чунки у беор экан, шаҳарда ҳам, қишлоқда ҳам, ариқ бўйида ҳам, сувсизликда ҳам ўсаверар экан. Шу сабабли у серфарзанд хонадонга келин бўлибди.
Қизларининг турмушга чиқиб, оилали бўлганини кўрган Она дарахтнинг ташвишлари камайиб, касалликдан фориғ бўлиб, у яна кучга кирибди. Баҳор келиши билан яшил либосларини кийиб, латофатини кўз-кўз қила бошлабди.
Баҳор кунларининг бирида Она Табиат атрофни томоша қилиб юрган экан, бирдан Она дарахтнинг кенжа қизи Арчага кўзи тушиб қолибди.
–Ие, нега у ҳанузгача турмушга чиқмади? – деб ажабланиб, лов-лов ёниб турган Арчанинг қошига келибди.
Унинг қадди қоматига, ҳуснига суқланиб қарабди, чиройли нина баргларини авайлаб, силаб-сийпалабди. Ногаҳон Арчанинг кўзларига қарабди. Унинг нигоҳи тоғу тошларда, баланд қояларда экан.
Она Табиат уни зимдан кузатиб туриб, шундай дебди:
– Сенинг хаёлларинг, ўйларинг юксакликларда, мағрур юрагинг Тоғ чўққиларида эканда. Лекин сувсизликка, қийинчиликка, тоғ ҳаётига чидай олармикансан, ҳали жуда ёшсан, кўникиб кетармикансан?!
Шундай қилиб Она дарахтнинг бир сўзли, мағрур ва қайсар кенжа қизини тоққа узатишибди. Шу-шу Арча тоғ ёнбағирларида, қояларда яшайдиган бўлибди. У матонати, сабр-бардошлилиги ва мағрурлиги билан тоғликларни ўзига ром этибди.
Арча фасллар ичида Қишни жуда-жуда яхши кўраркан. Чунки Қиш уни оппоқ либосга ўраб, худди келинчакдай безантирар экан. Шунда у янада гўзаллашиб, ноз-карашмалари, чиройли табассуми билан атрофдагиларни ўзига маҳлиё этар экан. Арча ана шундай латофатли, ғурурли ва салобатли, қийинчиликка тўзимли, дарахт экан, – деган эди раҳматли дадам ҳикоясини тамомлар экан мени меҳр билан бағрига босиб.
Бу ривоятни эшитганимга 40 йилдан ошибди. Лекин у менинг ёдимдан бир сония бўлсада кўтарилган эмас. Чунки фарзандларини жонидан ортиқ кўрган отамнинг бу ҳикояси машаққатларга тўла ҳаётимда менга жуда асқотди, қоронғи тундан сўнг нурафшон тонг отишига, қийинчиликлар вақти келиб оилавий ҳаловат ва хотиржамликка айланишига умидлантирди. Бугун эса қизларимнинг камолини, орзу-ҳавасини кўрганимда, жажжи невараларимни суйганимда, кенжатойим-паҳлавонимнинг кун сайин ўсиб бораётган бўй-бастига зимдан назар солганимда, Худога такрор-такрор шукроналар айтаман.
Балки, дадам уйғотган меҳрдандир, гўзал Арчага, Оқ қайинга, Бойчечакка, Қалдирғочга ошиқлигим, уларни севишим, синглимдай, укамдай, фарзандларимдай меҳр билан алқашим. Балки шундандир, ёшим элликка яқинлашиб қолсада, Баҳорни болалардай севиниб қарши олишим, кўклам сепларига суқланиб қарашим. Ҳамма-ҳаммаси меҳрибон отажоним юрагимга жойлаб кетган маънавият уруғининг мевасидир, балки!
Дадажоним, ҳув анави тоғлар бағрида ўсаётган арчалар, қор остидан бўй чўзган бойчечаклар, мўйсафиддай хаёлга чўмган кумуш чўққилар – барча-барчаси сизни соғинган. Мен ҳам бугун кўзларимдан соғинч ёшларимни тўхтатолмай, ушбу номани Сизга, Сизнинг пок руҳларингизга бағишладим. Илойим тириклигингизда қилган савоб амалларингиз у дунёнгизда жаннат эшикларини очган бўлсин! Омин!
Саодат МЎМИНБОЙ қизи.
|