Суббота, 12.07.2025, 10:22
МАРҲАБО! Гость | RSS

Каталог статей

Главная » Статьи » Мои статьи

Топоним атамаси ҳақида

Топоним атамаси географик жой номини англатади.


Топонимик ривоятлар шаклий тузилиши, ўзига хос хусусий белгилари билан фарқланиб туради. Улар қишлоқ, шаҳар, турли хил географик жой, кўл, дарё, тепа, ғорларнинг юзага келиш ва номланиш сабабидан хабар беради. Бу хил ривоятлар ҳажман ихчам бўлиб, асосан воқеа ва ҳодисаларни анъанавий мотив ва ҳаётий уйдирмалар ёрдамида ҳикоя қилади. Қўлланган мотивлар барқарор шаклга эга бўлиб, муайян жой, тарихий воқеаларни мантиқан асослаш, ўзаро боғлаш, эпик қаҳрамон қиёфасини ёритиш, умумлаштириш, ғоявий мазмунни ойдинлаштиришда ёрдам вазифасини адо этади.
Топонимик ривоятлар реал жойнинг номланиш сабабини эпик воқеаларда талқин этади, табиий хусусияти эса воқеликни ишончли, бор бўлган ҳодиса эканини далиллайди. Бу хил насрий туркум воқеа ва ҳодисаларни хаёлий уйдирмасиз, ҳаётий тасвирлаб, ўтмишга йуналтиради.
Топонимик ривоятларда демоник ҳикояларда бўлганидек, ҳодиса сабабини изоҳловчи эпик воқеалар конкрет вақтда юз беради. Шунинг учун ҳам тингловчи эпик воқеаларни ҳақиқат деб билади ва ишонч ҳосил қилади.
Бу хил туркум ҳикояларда образлар тизими тарихий ривоятларда бўлганидек, ҳаётийдир. Бироқ,, бўрттирилган тарзда тавсифланган.
Топонимик ривоятлар тарихий ҳақиқат, реал фактга асосланиши билан ажралиб туради. Унинг эпик воқеалари географик жойларнинг номланиш сабабини шарҳлашга қаратилган. Географик жой ҳақидаги ривоятлар ўша макон номининг пайдо бўлишида сабабчи воситани аниқлаб белгилайди. Демак, жой, қўрғон номлари топонимик ривоятларнинг юзага келишида  манба вазифасини ўтаган. «Темур минораси», “Хоразм”, «Зулми кориз», «Эл келди эшон», «Аламли», «Илон бузғон», «Анда жон қолди», «Чигил”, “қипчоқ” кабилар мазкур тип ривоятлар гуруҳини ташкил этади.
Тарихий манбаларда айтилишича Амир Темур мард, жасур, зийрак ва одил, воқеа ва ҳодисани тез илғаб оладиган, юксак дид, эътибор билан иш тутадиган, ўта сезгир, эҳтиёткор саркарда бўлган. Унинг машҳур, оламшумул ғалабалари ана шу етакчи характер, хусусиятлар натижаси ўларок юзага келган.  Унинг бу фазилати нафақат ўз ватанида, балки ўзга юрт-элатлар орасида ҳам шуҳрат топган ва у турли хил ривоят, афсоналарнинг пайдо бўлишига олиб келган. «Темур минораси» номли ривоят шулардан биридир. Бу ривоят бесабаб пайдо бўлмаган. У адолат аталган фазилатнинг улуғлигидан нишона бўлиб, ҳақиқатни юзага чиқиши, тинч, осуда ҳаётнинг барпо этилишида нақадар зарур эканлигини билдириш, Темурнинг буюк шахс эканини таъкидлаш, тан олиш ниятида яратилган. Ривоятнинг мазмуни қуйидагича тавсифланади: «Татар хони Тўхтамиш Темурга қарши юриш қилади ва жангда Тўхтамиш ўғли билан асир олинади. Хон ўғли Темур қўшинларига қарши мардонавор курашиб, кўп сонли лашкарини қириб ташлаган эди. Довюрак йигитнинг бу довруғини эшитиб қолган Темурнинг қизи асир йигитни кўриш ниятида зиндонга тушади. Икки ёш бир-бирига ошиқ бўлиб қоладилар. Улар қочишга аҳд қиладилар, қиз зиндонбонни қўлга олади. Қиз йигит бўйнига солинган занжирни ечади. Ҳар иккаласи чўл томонга қараб қочадилар. Ошиқ-маъшуқларни Темур сарбозлари қувиб етади. Тенгсиз жангда йигит ҳалок бўлади. Оғир жудоликдан қайғуга ботган  қиз ўзига ханжар уриб йигит ёнига йиқилади. Бу воқеадан хабар топган Темур худди шу ерда «мардлик ва севги-вафо тимсоли бўлсин», деб минора қуришни буюради. Ўша воқеанинг бўлиб ўтганига ҳам кўп асрлар ўтди. Аммо ҳамон ўша минора қад кўтариб туради[1].
Ривоят қилинган анъанавий севги мотиви тарихий шахс ва тарихий воқеаларни ўзаро боғлаб туради, энг муҳими, миноранинг пайдо бўлиш сабабини тавсифлаган Темурнинг воқеликка муносабати, унинг одиллик фазилатини ёритиш учун хизмат қилган. Ниҳоят, саркарданинг ўзига хос табиатини белгилаган. Ривоят эпик қаҳрамон қиёфасини ёритиш мақсади билан йўғрилган.
Ривоят топонимик ҳодисаларни  тарихий шахс ва тарихий воқеалар билан боғлиқ ҳолда ифодалаган. Мазкур ҳикоя топоним характерга эга бўлиб, конкрет миноранинг юзага келишида сабабчи восита (адолатпарварлик) ни кўрсатиш, миноранинг Темур билан боғлиқ эканини билдиришга қаратилган. Қизиғи шундаки, айтувчи воқеаларни ҳақиқат эканига ишонтириш учун уларни минора, тарихий жанг, Тўхтамиш, Амир Темур шахслари билан, жонли чиқиши учун эса реал ҳодисаларни севги, вафо ҳақидаги анъана билан боғлаган, ўзаро уйғунлаштирган. Бу ҳодиса топонимик ривоятларнинг ўзига хос хусусияти ва услубиятини белгилайди. Хулоса шуки, ривоятнинг воқеликка муносабати уни ҳақиқат деб билиш билан аниқланади. Бу нарса тингловчи ишончини орттиради. У минорани ким қурганлигидан қатъи назар, ривоятни ёлғон эмас, реал факт сифатида қабул қилади. Унинг тарихийлиги воқеаларнинг реал ҳодиса эканига ишонч туғдирса якунлама ўша ишончни мустаҳкамлайди.
Ривоятда ҳикоя қилинган ишқ-муҳаббат қиссаси ҳақиқат эмас, уйдирма. У анъанавий мотив сифатида тарихий ҳодисани умумлаштириш, яхлитлаштириб таъсир кучини орттириш учун хизмат қилган.
Айни пайтда унинг тарихий фактлар билан боғланиши мантиқан асослидир. Ривоятнинг мақсади эса мардлик ва жасурликни улуғлаш билан бирга, Амир Темур қиёфасини белгилаш, унинг одиллик, адолатпарварлик хусусиятини ёритишдан иборат бўлган.
Амир Темур рақиб Тўхтамиш ўғлининг жасоратини маъқуллаб одилона ҳукм чиқаради. Қад кўтарган минора нафақат мардлик тимсоли, балки у адолат рамзига айланган. Ривоятнинг ҳажман кичик воқеалари миноранинг номланиш сабаби, Темур фазилатини мадҳ этиш, ёритишга қаратилган.
Тарихий шахс номи билан боғлиқ баъзи топонимлар географик жой номининг юзага келиш сабабини ёртишга йўналтирилган. Масалан: қиз Афросиёб қизининг номи. Қазбин шаҳрини шу қурган. Турклар Қазбинни турк шаҳри ҳисоблаганлар[2]. «Зулм кориз» ривояти тарихий шахс ва реал жой билан боғланган бўлиб, у ҳажман ихчам, воқеа ва ҳодисалар лўнда ифодаланган. Ривоят шундай тавсифланади: «Абдуллахон тоғнинг ўртасида 360 та кориз қаздирганда, коризнинг энг охиргиси, яъни пасти шу ер экан. Бу ерда етилган қовундан подшога совға юборилган. Подшо қовунни кесдириб кўрса, ичи тўла қон эмиш. Шунда подшо элга зулм қилинганини билиб афсусланган экан. Шунинг учун бу ерларни «Зулми кориз» деб атайдилар. Баъзилар коризни Искандар қаздирган деб ҳам ривоят қиладилар[3]. Ҳикоятдаги «қовун ичи тўла қон эмиш» ибораси зулм, зўрлик сиёсатининг образли ифодаси, тимсоли сифатида ифодаланган ва у жой номининг юзага келиш сабабини аниқ ёритган. Нақл этилган воқеа конкрет вақт билан, Абдуллахон даври, ижтимоий ҳодисалар кучайган замон билан боғланган. Демак, мазкур топоним реал факт билан алоқадор. Ривоят муайян ҳодисанинг сабаби ишончли эканини билдириш вазифасини адо этади. Айтиш мумкинки, топонимик ривоятлар амалий аҳамияти билан, тарихий ҳодисаларни аниқлаб, ойдинлаштирувчи қўшимча манба сифатида ажралиб туради. Бироқ, ривоятдаги топонимнинг «Зулми кориз» аталишига сабабчи восита (қовун воқеаси) уйдирма, тарихий ҳақиқат эмас. Лекин ҳар қандай тўқимада ҳақиқат зарраси мавжуд». Ҳикояда у Абдуллахоннинг золим, зўрлик сиёсатига амал қилишида аён бўлади. Хаёлий уйдирма ана шу реал факт заминида ташкил топган.
«Хоразм» ривояти асосан реал ҳодиса, уйдирмалар заминида ташкил топган. У ўлкани ўзлаштириш, элатнинг юзага келиш тарихини ёритишга бағишланган бўлиб, жойнинг географик ўрни, шароити, чекка жойда жойлашганлиги ҳақидаги реал фактларнинг «Хоразм» топонимига сабаб бўлиши ҳикоя асосини ташкил этган. Ана шу ҳаётий ҳақиқат ривоятнинг характерини белгилашда ҳал қилувчи рольь ўйнаган. Унинг трансформацияси золим шоҳ билан жабрдийдалар ўртасида юз берган конфликт мисолида тавсифланган. «Қадим замонда Шарқнинг подшоси яқин хизматчиларидан 400 кишига аччиқ қилибди ва уларни инсон яшайдиган жойдан 100 фарсах (100 км) нарига чиқариб юборибди. Кас (қадимги Хоразмнинг пойтахти, ҳозирги Шоббоз шаҳри ана шундай жой экан. Узоқ вақт ўтгандан кейин подшо бу жойга одамлар юбориб, қувғиндилар қисматини билиб келишни буюрибди. Подшо одамлари қувғиндилар яшайдиган жойга келиб, уларнинг тириклиги, каналлар қазиб, сув чиқариб, балиқ тутиб тирикчилик қилаётгани, ўтин-чўплари бемалол эканини кўришибди. Подшо буни эшитиб сўради:  Улар гўштни нима деб аташади. Одамлар: Хор (ёки хвор), деб жавоб беришибди. -Ўтинни-чи? сўрабди подшо, «разм» деб жавоб беришибди. Подшо буни эшитиб: Мен бу жойга Хоразм (Хваразм) деб ном бераман[4].
Хоразм атамаси қадимий форс тилига алоқадор уч компонент, «Xy-wara-zam»нинг бирикувидан ташкил топган бўлиб, қўрғонлари кўп бўлган жой, ўлка»[5] маъносини англатади.
Демак, “варр хор” гўштни эмас, қабиланинг номини билдиради. Бу нарса шаҳарни Хоразм аталишига асос бўлган. Хулоса шуки, Хоразм воҳаси Хварри Хор номли қабиланинг ери[6] бўлган. «Хор», «разм»нинг халқона маъноси элат орасида ишонч уйғотган ва бу ҳодиса ибтидоий сюжет учун асос бўлган. Кейинчалик сюжетга демократик ғояларни ифода этган мотив элементлари қўшилган.
Адолатнинг бузилиши, ҳақсизлик шоҳ фаолияти тимсолида акс этган. Уйдирма воқеалар «Хоразм» топонимининг юзага келиш сабабини  аниқлашга йўналтирилган. Мазкур воқеалар жой номининг келиб чиқиш тарихини аниқлаш, тасдиқлаш учун хизмат қилган. Ривоятда муайян манба, «Хварр Хор» уйдирма қобиғида нақл этилган.
Демак, топонимик ривоятлар ишончли воқеалар асосига қурилган бўлиб, жой номининг пайдо бўлиш тарихидан хабар вазифасини адо этади. Бу жиҳатдан «Анда жон қолди», «Одинажон» ривоятлари фикримиз далили бўла олади. «Қора Буғрохон деган подшо бўлиб, унинг ўзи Қашқарда турар эди. Кунларнинг бирида ов қилиб юриб сой бўйида қўшиқ айтиб ўтирган гўзал қизни кўриб севиб қолибди, тўй-томошалар билан унга уйланган куни уруш бошланиб, Қора Буғрохон урушга жўнаб кетибди. Бу урушда у ғолиб чиқибди. Аммо оғир ярадор экан, йўлда келатуриб аҳволи оғирлашибди. Шунда хон кун чиқиш яъни қайлиғи бор томонни кўрсатиб «Анда жон колди, мени ўша ерга кўминглар», деб жон берибди. Вазирлари уни васиятига кўра кўрсатилган жойга келиб кўмибдилар. У ер кейинчилик шаҳарга айланиб, «Анда жон» сўзи Андижон бўлиб кетган экан[7]. Агар ўрта аср тарихчиларидан Ибн ал-Асир, Мақсидий, Жувайний, Шамсид бин Табризий, Ҳафизи Абру ва бошқаларнинг «Бу шаҳарни мўғуллар обод қилиб, вилоят марказига айлантирганлар» - деб таъкидлашини эътиборга олганда, ривоятдаги хабар тўғридек кўринади[8]. Агар ривоятда мавжуд севимли ёр образини олиб қўйилса, Қора Буғрохоннинг кун чиқиш томонни кўрсатиб, «Анда жон қолди» деб айтган ибораси халқи, ўз юрти, қабиласини изоҳлаши мумкин эди. Бинобарин, ривоятнинг хабари ҳақиқатга яқин бўлар эди. Аслида эса «Анди» қабила номи «гон» форсча бўлиб, жами бирга, йиғилишмок деган маъноли тушунчани англатиб, ўзбекларнинг жами йиғилган жойи демакдир[9]. 
Вақтлар ўтиши билан Андигон талаффузда Андижон бўлиб кетган. Хулоса шуки, «Андигон» атамаси шаклан ўзгариб, қабила, халқ номи эканлиги унутилгач, «Андижон»га айланган ва Буғрохон  билан боғлиқ эпик вақеанинг ташкил топишига сабабчи бўлган. Бинобарин, ривоят моҳият эътибори билан қабила номи («Анди гон») атрофида яратилган тўқимадир. Чунки Қора Буғрохонга боғлиқ эпик воқеалар уйдирма бўлиб, ривоятнинг юзага келишида алоқаси йўқ. Эпик воқеа асосини қабила номи (Анди гон) ҳақидаги ҳикоя ташкил этади. Демак, топонимлар баъзан бирор уруғ, қабила номига боғланади ва ўша жой номини улуғлашга қаратилган бўлади.
Баъзи топонимларнинг юзага келиши реал ҳодиса, фактик атама билан алоқадор бўлиб, кейин тўқилган эпик воқеанинг тарихий асосини аниқлаш вазифасини ўтайди. Бундай ривоятлар ижтимоий тўқнашувлар билан боғланади, зулм, зўрлик сиёсатини қоралайди. Бу ўринда «Аламли» ривояти характерлидир. «Туятортар» (Жиззах) га яқин бир қишлоқ «Аламли» деб аталади. Гўё аҳоли йиғилиб Адбуллахоннинг ёш, севикли ўғлига ўтказган оғир зулмидан арз қилган. Боланинг уларга раҳми келиб, хонга қараб: Бу машаққатнинг сўнги борми, ариғингни тўхтат! –деганида, ғазабланган хон болани ўша жойда сўйдирган. Халқ бунинг аламига хотира деб қишлоқни шундай деб атаган[10].
Демак, топонимик ривоятлар кўпроқ тарихий шахс ёки тарихий воқеаларга боғлиқ ҳолда юзага келиб, жой номининг пайдо бўлиш сабабидан дарак беради. Фақат бугина эмас Абдуллахонга боғлиқ ижтимоий зиддият, унинг зўрлик сиёсатига амал қилиши эпик воқеалар ўқувчи ва тингловчида ишонч уйғотади. Ривоят мазкур атаманинг юзага келишига сабабчи воситадан дарак бериб, билдириш вазифасини адо этади.
«Зулми кориз», «Аламли» аталган ривоятларда тарихий ҳақиқат, халкнинг ариқ, кориз қазишдаги оғир меҳнат тарихий шахсга, Абдуллахон зулмига боғлаб берилган. Ана шу реал ҳодиса ҳар икки ривоят учун тарихий асос вазифасини ўтаган. Айтиш мумкинки, мазкур ҳақиқат хаёлий ва ҳаётий воқеаларда ўз аксини топган. Бирида у “Қовуннинг ичи тўла қон эмиш» тимсолида, иккинчиси эса «Бу машаққатнинг сўнги борми, иборасида ифодаланган. Демак, «Зулми кориз», «Аламли» топонимлари реал шахс, аниқ воқеалар атрофида юзага келган. Сюжет чизиғини ташкил этган эпик воқеалар асосан диалогсиз баён шаклида нақл этилган. Сюжетнинг инициал қисми «айтишларича», «хабар беришларича», «ривоят қиладиларки» каби кириш сўзлар билан бошланади. Финал қисм эса «шу-шу ўша жой номини», «шу-шу ўша қўрғон», «шундан кейин» шаклида қиссадан ҳисса чиқариш билан якунланади. Сюжет чизиғида мавжуд ҳаётий уйдирма, анъанавий мотив ва образлар тизими воқеа ва ҳодисаларни бўрттириб ифодалайди, ниҳоят, етакчи қаҳрамонни идеаллаштиради.
Топонимик ривоятларнинг бир гуруҳи зиёратгоҳ жой номининг келиб чиқиш сабабидан хабар беради. Бу хил ҳикоятларнинг тарихий асосини муайян ҳодиса, зиёратгоҳ номи ташкил этади. Унинг ҳақиқатни бадиий акс эттириш мезонлари хаёлий ва ҳаётий уйдирмаларга асосланади.
Бу хил ривоятларнинг бадиийлик даражаси кучсиз бўлса ҳамки, хабар функцияси аниқ ифодаланган. Унинг эпик қисмини анъанавий мотив ташкил этади. Мотив зиёратгоҳ номининг келиб чиқиш сабабини ёритиш, воқеаларни ўзаро боғлаб, мантиқан асослашда кўмак беради. Бир ривоят воқеани шундай тавсифлайди: «Хива хони Элтузархон замонида Элкелди деган босмачи ўтган. Бу одам етмиш ёшгача халққа азоб берган, аҳолини талаган, бегуноҳ кишиларнинг қонини тўккан. Каллакесар бир кун бўлмаса, бир кун хон қўлига тушишдан қўрқиб, ўз ихтиёри билан хон олдига келиб қилмишларига пушаймон бўлган ва хондан кечирим сўраган. Хон унинг сўзига ишонмай: «Полвон пир»га бориб қасамёд қиласан, - дебди. Элкелди хон билан биргаликда «Полвон пир»га бориб: бундан кейин босмачилик қилмайман, - деб қасамёд қилган. Ўша кундан бошлаб, Элкелди «Полвон пир» зиёратгоҳида қолиб, тоат-ибодат қилган. Вақтлар ўтиб у вафот этгач, Хиванинг кўҳна бозори ёнидаги мозористонга кўмилган, унинг мақбараси «Элкелди эшон» номини олиб, бир қанча вақт зиёратгоҳ бўлган1. Топоним (мақбара номи) ни маҳаллий киши номи билан боғлаш анъанаси эпик номнинг пайдо бўлишига сабабчи ҳодисани белгилаган. Воқеа вақти аниқ ўтмишга қаратилган. Унинг юмор характери танқидий функцияни адо этади. Эпик воқеа зиёратгоҳ, мақбара каби тарихий фактлар мисолида тасвирланган. «Ўғри қариса, сўфи бўлади» мақоли шу каби воқеалар синтези сифатида ташкил топган.
Эпонимик ривоятлар. Бу туркум ривоятларнинг ўзгача аломат, хоссалари
Эпонимик ривоятлар жанрнинг алоҳида гуруҳини ташкил этади. Бу хил ривоятлар кадимги элат, уруғ, қабила, халқларнинг пайдо бўлиш, номланиш сабабларини ҳикоя қилади. Воқеа ва ҳодисалар ҳаётий, айни пайтда, тарихий шахс ва тарихий ҳақиқатга боғлиқ ҳолда тасвирланади. Бу хусусият тингловчи, баён қилувчида  қатъий бўлмаса ҳамки, ишонч уйғотишга қаратилган.  Шуни айтиш жоизки, мамлакатларнинг қадимий номлари аксар ҳолда этник уруғ, қабила номлари билан боғлиқ ҳолда келади2. Масалан: “Хварр Хор”, “Анди” эпонимлари Хоразм, Андижон (шаҳар) атамалари билан боғланиб келган.
Маҳмуд Кошғарийнинг девонида келтирилган «Чигил» номли эпонимик ривоят мазкур атама қабила номининг юзага келиш тарихини аниқлаб белгилашга қаратилган. Тироз кейинчалик Авлията, ҳозир эса Жамбул деб аталади[11]. Ривоятга кўра Тироз яқинидаги қўрғон ва унда яшовчиларнинг Чигил деб номланиши асослидек кўринади. Бу ҳодиса ҳикоятда шундай баён этилган.
«Искандар Арғулар шаҳрига етганда, қаттиқ ёмғир ёғиб, ерлар лой, ботқоқ бўлиб кетган ва Искандар юрольмай қийналган. У хафа бўлиб, «Ин чи гил аст». Бу қандай лой, бундан қутулмаймиз, деб ғазабланган, сўнгра шу ерда бир бино қуришни буюради. Бу кунларда Чигил аталувчи қўрғон бино қилинган. У ерда яшовчи туркий қабилалар шу ном билан Чигилий деб аталдилар[12]. Қабила номининг келиб чиқиш сабаби «Ин чи гил» атамаси билан алоқадор,  шунга кўра қабила номи ҳам географик жой шароити, қўрғон номи билан боғлиқ ҳолда келиб чиққандай туюлади. Аслида эса ундай эмас. Тарихий манбалардан маълумки, Искандар (Александр Македонский) Тирозгача бориб етмаган. Шундай экан, мазкур жой номи ундан кейин ҳам сақланган. Маълум бўлдики, кейин тўқилган ривоятнинг Искандар билан боғланиши ўша жой шуҳратини орттирган, тингловчини эпик воқеага ишонтириш мақсадини кўзлаган. Айтиш мумкинки, қўрғон номининг Чигил аталиш тарихи географик жой табиатидан эмас, балки ўша ерда илгари яшаган Чигил аталувчи қабила номи билан алоқадор. Чунки қадимги ўғизлар Жайҳундан қуйи Чингача бўлган халқларни Чигиллар деб ҳисоблар эдилар[13]. Кўринадики, Чигил атамаси қабила номини билдиради, Айни пайтда у мазкур географик жой эпонимининг келиб чиқишига сабабчи бўлган.
Ривоятдаги қабила номининг келиб чиқиш сабабини изоҳлаган воқеа ишончли эмас, уйдирма бўлиб, Искандар шуҳратини орттириш, воқеани чин деб билишга хизмат қилиши лозим. Унинг тарихий шахсга боғланиб ифодаланиши ҳам жанр табиатидан келиб чиқиб, воқеа ва ҳодисаларнинг ҳақиқийлигини таъминлаши керак.
«Қипчоқ» аталган эпонимик ривоят характерли бўлиб, асосий хусусияти уруғ номининг келиб чиқиш тарихини белгилашдан иборат. У воқеани шундай ҳикоя қилади. «Ит бароқхон билан бўлган жангда Ўғизхон мағлубиятга учрайди. Ана шу ҳарбий ҳаракатлар пайтида бир аёл дарахт ковагида кўз ёради. Болага қипчоқ, яъни дарахт ковагида туғилган, деб ном беришади. Бола улғайгач, Ўғизхоннинг энг яқин кишиси бўлиб қолади ва унинг лашкарларида энг масъул мансаблардан бирини эгаллайди. Ана шу қипчоқ исмли шахсдан тарқаган авлодлар қипчоқ уруғини ташкил этади[14]. Ҳикоя воқеалари ҳаётий уйдирмага асосланган. Шунинг учун ҳам эпик ҳодиса, образлар тизими реал тасвирланади. Қавмлар, уруғ-аймоқларнинг пайдо бўлиш, номланишига сабабчи воқеа, (аёлнинг дарахт ковагида туғиш ҳодисаси) анъанавий мотив мазкур атаманинг юзага келиш ва уруғ номига айланишини асослашга ёрдам беради, айни пайтда, у бу воқеани ҳақиқат эканини тасдиқлаш ниятида афсонавий Ўғизхон шахси билан, хусусан, дарахт коваги маъносини англатувчи реал (қипчоқ) нарса билан боғлаб юборган. Бу нарса тингловчида ишонч уйғотишга қаратилган. Бироқ, у тахмин бўлиши эҳтимол ҳодиса бўлиб, тарихий ҳақиқат эмас, ҳаётий уйдирма, аниқроғи,  халқ этимологиясидир.
Ривоят «қипчоқ» эпоними ҳамда афсонавий Ўғизхон шахси, у билан алоқадор реал ҳодисаларга асосланган ҳолда юзага келган. Эпонимик ривоятлар у ёки бу халқнинг этник хусусияти, номланиш тарихини ёритишда манбалик вазифасини адо этади.
Тарихий ривоятлар табиати, шакл-шамойили
Бу хил ривоятлар тарихий шахс ва тарихий воқеаларни ҳаётий уйдирмалар асосида тасвирловчи ривоят жанрининг реалистик характерга эга бўлган алоҳида гуруҳидир. Туркумнинг мавзуси ранг-баранг бўлиб, асосан, феодал жамоа тузуми, унинг турли хил босқичларида юз берган реал факт, тарихий шахс ва тарихий воқеалар, ижтимоий-сиёсий, ижтимоий-маиший ҳодисалар, ахлоқ нормалари, жангу жадал, эзгуликни мадҳ этиш, зулм, зўрлик, ҳақсизлик, разолатни қоралаш ғоялари билан боғлиқ.
Тарихий ривоятлар муайян воқеа, тарихий шахслар, хусусан, машҳур саркарда, табиб, шоирлар фаолияти, халқ қаҳрамонлари, ишончли, реал фактлар тарихий ривоятлар заминини ташкил этади.
Тарихий ҳақиқат идеал нормаларни тавсифлаб, ташвиқ этади, уларни муайян фактлар мисолида тасдиқлаб, тарихий воқеаларни тартибга солиш ривоят жанрини шакллантиришга имкон яратган.
Ана шу туркум ривоятларда асосан Алишер Навоий, Улуғбек, Ибн Сино, Беруний, Машраб, Амир Темур, Ҳусайн Бойқаро, Султон Махмуд каби шоир, олим ва давлат арбоблари фаолияти шунингдек, Шарқ маданиятининг ўсиш даври, сарой муҳити, қонунияти, турли хил муносабат, антифеодал, антиклерикал мотивлар ўз ифодасини топган, тарихан реал ишончли воқеалар мазкур тип ривоятлар асосини ташкил этади. Унинг бадиийлик жиҳати кучсиз, Бироқ, маърифий аҳамияти қудратлидир.
Эртакона мотивлар қоришган ривоятга айтувчи ҳам тингловчи ҳам шубҳа билан қарайди. Бироқ,, сюжетдаги тарихан реал воқеалар уни ҳақиқат деб қабул қилишга олиб келган.
Мазкур тип ривоятлар воқеаларни ўтмишга йуналтирганлиги билан фарқланади. Сюжет бошламаси «қачонлардир», «қадим замонда», «бир вақтлар», «бир кун», «илгариги замонда», «кунлардан бир кун» шаклида ифодаланган.
Воқеа ва ҳодисаларни баён услубида нақл этади. Улар ташкил топган манбадан узоқлашган сари муайян воқеалар хиралашади, ҳаётий уйдирмалар пайдо бўлиши билан у афсонага ёки тарихийлик изи йўқолиб, соф эстетик функция адо этувчи бадиий асарга айланади.
Тавсифланган ҳодисалар нисбатан аниқ,  тарихан ишончли ёритилган. Улар асосан тарихий шахс ва тарихий воқеаларни ҳикоя қилади. Ривоятларнинг тарихий шахслар билан боғлиқ типи қамраб олган фактларнинг аниқлиги, тўлиқлиги, ниҳоят, акс эттириш мезонлари, етакчи эпик қаҳрамонларни ҳаётий уйдирмаларда тасвирлаш, қисман бўрттириши билан фарқланади. Шунга қармасдан, шахс талқини ўзи яшаган давр шароити, руҳи, сиёсатига мос келади. Бу хил ривоятларда машҳур кишилар ҳаётий уйдирма, хусусан, анъанавий мотивлар билан боғлаб таърифланади, етакчи образлар халқ идеали сифатида намоён бўлади. Улар талқинида халқ қалби, ҳурмат, эҳтиром сезилиб туради. Ҳар бир шахс ривоят табиатига мос умумлашма образ сифатида тавсифланган.
Маълумки, Алишер Навоий ҳаётида юз берган фактик воқеалар ўша давр маданияти тарихида чуқур из қолдирган. Навоий халқ ҳаёти билан яшар, мадад бериб, бахтиёр қилишни ўйлар, зулм, зўрликка қарши чиқар, феодал истибдодини фош этар эди. Шунинг учун ҳам халқ уни севар, ҳурмат қилар, энг яқин кишиси, мададкори деб билар, ёмонликни раво кўрмас, гард юқтиришни ихтиёр этмас эди. Ибрат бўларли шоир қалби, ажойиб хусусиятлари халқ орасида кенг ёйилган. Бу нарса ривоятларнинг пайдо бўлиши учун генетик асос вазифасини ўтаган. Алишер қийин вазият, тўсиқларни енгиб ўта олган доно, тадбиркор шахс, адолатли вазир сифатида тавсифланган. Унинг қиёфаси бўрттирилган, етакчи образ сифатида намоён бўлган. Унинг шахсига алоқадор тафсиллар воқеаларни ҳаққоний, айни пайтда ҳаётий, реал факт эканини тасдиқлайди. Ривоят талқинида сюжетни жонлантирувчи анъанавий мотивлар, бўрттирилган ҳаракат, муносабатлар, кейин қўшилган қўшимчалар шоир фаолиятини кучайтириб, қадр-қиммати, таъсирчанлик даражасини оширган.
Талқинда шоир табиатига хос хусусиятлар қисқа, аниқ ва лўнда ифодаланган «Вазир оқ-қорани таниган, подшо билан бир мадрасада ўқиган экан» «Ҳакимнинг ақли, доно сўзларига тан берибди», «Навоийнинг фасоҳат ва зарофат бобида пешқадам эканига подшонинг завқи келиб қобилияти, зеҳний қувватининг ортиқлиги, ўткир таъбига мойил эди». Бу талқинда тарихий шахснинг маънавий қиёфаси умумлаштирилган, идеал образ сифатида акс эттирилган. Ўрни келганда айтиш керакки, мазкур тип ривоятлар айтувчи, хусусан, тўпловчи Хондамир, Восифийлар (XV-XVI асрлар) томонидан кайта ишланиб, бадиийлик даражаси кучайтирилган. Ҳикоя воқеаларини айтувчи ва тингловчи ёлғон эмас, рост, тарихий шахс ҳаётида кечган реал ҳодиса деб қабул қилади. «Оқилона жавоб», «Пашшадан дот», «Навоий билан чўпон» номли ривоятларда мавжуд эпизод, мотивлар, воқеаларнинг диалог шакли, персонажларнинг ўзаро муносабати, имо-ишора, хатти-ҳаракатлари фақат бир нарса, шоирга хос доноликни тўлиқ ёритишга хизмат қилган. Ҳикоядаги воқеалар реал ҳодиса, ҳақиқат асосида пайдо бўлган руҳий кечинма, портрет детальлари ёки тўпловчи қўллаган қўшимча изоҳлар тизмаси, тасвир воситалари Навоий сиймоси, ўзига хос табиатини белгилаб, жонлантириш, тингловчини жалб этиб, ундан ўрнак олиш, ўрганишга даъват этган.
Муайян ҳақиқатга асосланган бир гуруҳ ривоятлар ҳажв асосига қурилган бўлиб, сатирик эртак, латифа, аския жанрлари таъсирида юзага келган. Эпизодлари, кутилмаган ситуация шаклида ташкил топган воқеалар танқидий функцияни адо этган. Сюжетлар қисқа, асосан бир эпизодли, у катта маънони қисқа сатрларда, лўнда ифодалаган. Образлар контраст, коллизия ечими кутилмаганда содир бўлади ва ҳал қилувчи рольь ўйнайди. «Мен ҳайрон бўламан, ўткир зеҳнингиз ва баланд таъбингиз бўла туриб, шеър айтиш билан кам шуғулланасиз, ҳамма вақтингизни фойдасиз ишларга сарф қиласиз. У, - ҳозирги фурсатда борган сари кўпроқ шеър айтишга машғул бўлаётирман. Масалан, ўтган кеча икки пуллик шам ёниб битгунча икки юз байт айтдим, - деди. Олий ҳазрат деди:
-Демак, у  тизмаларнинг юз байти бир пул экан-да».
Ривоятда қўлланган диолог енгил юмор тонида ифодаланган бўлиб, хусусий белги, салбий хусусиятни белгилаган дангасалик, эътиборсизликни енгил кулги мўлжалига нишон қилади. Юмор танқидий фон яратади. Маиший маъно касб этган конфликт кутилмаганда юз беради, ечими ноқулай аҳволга тушган Восифий ҳолатини ойдинлаштиради. Ривоят тилга олинган тарихий шахслар (Навоий ва Восифий) нинг ҳар бирини умумлашма образ сифатида талқин этган. Демак, мазкур типдаги ривоятлар ҳажвий жанрлар таъсирида шаклланган анъанавий мотив (бир пул) лар асосига қурилган. Сюжет воқеалари тасодифий ситуация, кулгили ҳаракат, сўз ўйини, шама қилишга қаратилган. Мотив қаҳрамон қиёфасини чизиш, ғоявий мазмунни лўнда ифодалашга қаратилган, шоирга хос ҳозиржавобликни аниқроқ тавсифлаш вазифасини адо этган.
Баъзи ривоятлар («эшак тўқими») аския типида қурилган. Шунинг учун ҳам улар пайров шаклини олган. Бу хил ривоятлар Ўрта Осиё халқлари, хусусан, ўзбеклар орасида, хуштаъб кишилар, шоиру ҳофизлар даврасида юзага келган. Унинг воқеалари қисқа, ҳаётий ифодаланган. Бош қаҳрамонни белгиловчи талабчанлик - тарихий шахс табиати (Навоий) га мос белги. Ҳаётий уйдирма, шунингдек, ҳар бир сўз, хатти-ҳаракат қаҳрамон қиёфасини идеаллаштиради. Тарихий ривоятлар воқеаларнинг аниқ замон, маконда юз бериши билан ажралиб туради. Улар маълум шахс, географик жой номига боғлиқ келади ва ҳақиқатни билдиришга хизмат қилади.
Демак, шоир шахсининг ривоят образига айланиши унинг халқ орасида маъқулланган ўткир зеҳн, ақл-идроки, ажойиб фазилати, оқилона муносабати халқ манфаатидан келиб чиқиб, фаолият кўрсатиши роль ўйнаган. Ривоят салбий хислат, ёвуз ҳаракатларни инкор этиб, гўзалликни маъқуллайди, ниҳоят, шоир хислати, ҳаётга серзавқ муносабатини билдириб, тарихий ҳақиқатни конкрет ифодалайди.
Тарихий ривоятларнинг турли хил шарт-шароит, жанрлараро муносабат таъсирида ривож топган сюжет чизиғида ўзгариш, янги қўшимча, детальь ва хулосалар, баъзи бирида эртак жанрига хос белги, бошқасида латифа, нақл, аскияга хос хусусиятлар пайдо бўлган. Унинг бу хил шаклга эга нусхалари таълимий, дидактик маъно касб этиб, ижтимоий фикрларни образлар фаолиятида акс эттиради. Шахснинг ибрат бўларли табиатини характерлайди.
Султон Ҳусайн Бойқаро билан Алишер Навоий ўртасида катта дўстлик, ўзаро меҳрибонлик халқ орасида шуҳрат топиб, оғизга тушган, унинг замирида турли хил ривоятлар ташкил топган. Ана шу ҳодиса тарихий факт сифатида «Мир Алишер билан Султон Ҳусайн», «Тарихдаги тўрт донишманд киши», «Оқилона жавоб», «Худо сақласин» каби ривоятларда ўз ифодасини топган. Эртак мотивларида ифодаланган тарихий дўстлик манбадан узоқлашса ҳамки, тингловчи, ровийлар уни тарихий ҳақиқат деб баҳолайди, ишонч билдиради. Ривоят («Мир Алишер билан Султон Ҳусайн») асосини ташкил этган қаҳрамонни қудуққа ташлаш, гуноҳкорни фош этиш, қирқ дарра уриш мотивлари сюжет воқеаларининг секин бир хил маромини таъминлаган. Бошлама воқеа ва ҳодисаларни ўтмишга йўналтирган. Улар ноаниқ маконда ифодаланса ҳамки, тарихий шахсни аниқ замонда, умумлашма образ сифатида талқин этган. Тарихий ривоятлар воқеларнинг эпик макон, географик ўрин-жойга боғлаб ҳикоя қилиш анъанасига амал қилган. «Бундан бир неча йил аввал Эрондами, Турондами, хуллас, бир мусулмон юртида бир подшо бўлибди. Унинг оти Султон Хусайн экан. Ўзи илмли, оқ-қорани таниган, улуғ кишилар авлодидан экан. Унинг бир вазири бор экан. У ҳам ўқиган, оқ-қорани таниган, подшо билан мадрасада ўқиган. Унинг оти мир Алишер экан». Хотимада тугаллама қўлланади. «Шундай қилиб мир Алишер билан подшо яна топишибди». Ҳар икки образда тарихий шахсларга хос қиёфа сақланган. Асосий коллизия шоир билан амалдор ўртасида кечади, ечими ўзаро ақлий тортишувида юз беради. У ёрдамчи персонаж кўмагида ривож топиб, ечим сари юз тутади, дўстлик ғалаба қилиб, ғаламус фош этилади. Ривоят ҳақиқий дўстлик маҳобатини  таъкидлаб, уни жонлантиради, реал факт сифатида таъриф этади. Демак, ривоятда тарихий шахслар сюжет йўналишини ташкил топиши, ғоявий мазмуннинг юзага келишида асос вазифасини ўтаган. Тарихий факт ҳисобланган ҳақиқий дўстлик буюк шахслар ўртасида аниқ ифодасини топган. Бири давлат арбоби, иккинчиси одил вазир, шеърият султони сифатида гавдаланган.
Баъзан ривоятларда анъанавий синов мотивлари учраб туради. Унинг иштирокидаги воқеа ва ҳодисалар нореаллик касб этгандай туйилади. Шунга қарамасдан ифодаланган тарихий шахслар номи, ўзига хос хусусий белгилари (донолик) ҳақиқатга мос келади. Алишер мисолида ўткир зеҳн, тадбиркорлик маъқулланиб, ёвуз ният қораланади. «Кунлардан бир куни Хусайн Бойқаро эрталаб саройга кириш олдидан Навоийга кўриниш берибди-да, кўрсаткич бармоғи билан бошини кўрсатибди, Навоий ҳам худди ўша бармоғи билан тилини кўрсатибди. Хусайн Бойқаро бошини чайқатибди-да саройга кирмай уйга қайтибди. Воқеани кузатиб турган Навоийнинг шогирдлари бу имо-ишораларининг сабабини сўрашибди. Навоий: Хусайн «бошга балони нима келтиради», - деб сўраб эди. «Тил» - деб жавоб қилдим. Шогирдлар Навоийнинг зийраклигига қойил қолишибди»1. Фикрни имо-ишора билан англатиш аслида қадимги анъанавий мотив бўлиб, асосан эртакларда ўз ифодасини топган. Бу анъана устоз-шогирд ўртасида юз бериб, умумлашма тип яратади. Мотив барқарор шаклга эга бўлиб,  ривоятда у бош қаҳрамоннинг доно, зийраклик хусусиятини белгилайди. Ривоятга кўчган мотив оқил, доно, катта тажриба, билим, маҳоратли шоир шахсини улуғлаб мадҳ этган.
Баъзи ривоятлар учлик анъанаси асосига қурилган. Мотив сюжет воқеаларининг осойишта кечишини таъминлайди, айни пайтда кескинликни ошириб, воқеалар ривожига замин яратади,  ҳодиса шартини ойдинлаштиради. Ниҳоят, қатъийлик, барқарорликни белгилаб, воқеликни бўрттиради. «Биринчи кун бир вазирни юборибди. Навоий саройга қайтишга рози бўлмабди. Иккинчи куни иккита вазири аъзамни юборибди. Навоий яна кўнмабди. Учинчи куни бутун сарой аҳлини юборибди. Шунда ҳам шоир қайтишга рози бўлмабди.  Шунда боши қотган Бойқаро: - Эртага Навоийни саройга келтиришнинг йўлини топмасанглар ҳаммангни бошингни танангдан жудо қиламан». Мотив қадимий бўлиб, («Аёз») дастлаб «Аёз» аталган эртак асосини ташкил этган. У ривоятда Навоий шахсига мансуб бир сўзли, қатъийликни тавсифлаш учун қўлланган. Бу фазилат ривоят асосини ташкил этади. Демак, мотив дастлаб қаҳрамон шахсига мансуб хусусий белгилар атрофида юзага келган. Унинг ривоятда  акс этган намунаси ҳикояни эстетик функцияни адо этувчи бадиий асарга айлантирган, хусусан, у эртакларга хос руҳ яратади, бош қаҳрамон сийратини яққол кўрсатиб баркамоллаштирган. Сюжетнинг шаклий тузилиши эртаклардан фарқли ўлароқ, воқеаларни  реал жой, тарихий шахсга боғлаб ҳикоя қилиши билан фарқланади. Эртак насрида умумийлик, ноаниқликни таъминлаган мазкур мотив ривоятда аниқлик, тарихийликка монелик қилмайди.
Эртак мотивларининг ривоятга кириб бориши мазкур жанрнинг шаклий тузилиши, функциясига таъсир этиб, ўзгариш юз беришга  олиб келган, хусусан, ундаги тарихийлик хиралашиб, ахборот функцияси, билдириш вазифаси сўна бошлаши унинг ўрнида эстетик функция пайдо бўла бошлашига олиб келган. Бундай ҳолат диффузиянинг «ижтимоий онг шаклларининг ривожи билан боғлиқ ҳолда, ижтимоий-бадиий тафаккур талаблари, эҳтиёжи асосида ҳаракат қилиш»[15] га алоқадор ҳолда юз берган. Ривоятнинг бундай ўзгаришга юз тутиши Навоийни нафақат катта истеъдоди, балки самимияти, инсонпарварлик хусусияти, ўткир ақл, идрокини ёдга олиш, оғзаки ҳикоя  қилиш жараёнида содир бўлган.
Туркум ривоятлар анъанавий мотивлар асосига қурилган. Ундаги воқеалар шоир ёки ҳукмдорга хос хусусий белгиларни ҳаётий уйдирмаларда бўрттирган. «Хусайн Мирзо шипга қараб ётиб вазирларга «олиб келинг», - дебди. Саройда Навоий йўқ бўлгани учун улар нимани олиб келишини билмайдилар, охири вазирлар Навоийни топиб ундан сўраб биладилар ва арра, теша билан уста олиб кирадилар. Шунда Хусайн: «Мана бу тоқини тузат»[16] - дебди. Қадимда анъана бўлган мазкур мотивда тарихий шахс номигина сақланган бўлиб, у мотив талабига тўлиқ жавоб беради. Ўткир зеҳн, топқирлик сюжет учун асос бўлган. Мотив воқеаларининг тарихий шахсларни анъанавий мотивларда ҳикоя қилишидан келиб чиқадиган мақсад доноликни улуғлаш, бадиийликни ошириш, тингловчида эстетик завқ уйғотишдан иборатдир.
Анъанавий мотив, санъатлар тарихий фактларга таъсир ўтказмайди, аксинча, уни тўлдириб, муҳим белгини ёрқин чизиш, аниқлик киритиш, ниҳоят яхши фазилатни ташвиқ этиш учун хизмат қилади. «Олтин узук», «Ибн Сино билан касал йигит», «Навоий билан чўпон» каби ривоятларда образ, воқеа ва ҳодисалар қисқа, аниқ ифодаланган. Сюжет нисбатан сиқиқ ёки аксинча, ёйиқ бўлиши мумкин. Икки хил анъанавий уйдирма  эпизодлар бирлигидан ташкил топган сюжетлар эртак, латифа, нақлга яқин турса ҳамки, воқеалар реал, тарихни ишончли тавсифлайди. Улар ўзгармас, қатъий композиция, барқарор мотив, стилистик формулага эга эмас. Ҳикоя воқеалари гўё тугалланмаган, давоми бордек туюлади. Шунинг учун ҳам ривоят катта асардан узиб олинган лавҳа янглиғ туюлади. Хусусан, у тарихни ёритишда ёрдамчи восита вазифасини ўтайди. Образлар мазмунан бир-бирига зид қўйилган тарихий шахсларнинг бири халқ идеали, донишманд тип, қарши томон адолатсиз, золим шоҳ сифатида нақл этилган.
Демак, ҳаётий фазилат, белги, хусусиятлар тарихий шахслар атрофида жамланган ва образларни яхлитлаштирган. Тарихий шахслар замирида юзага келган етакчи образлар халқ дилига жо бўлган одил раҳномани исташ ёки аксинча, адолатсиз золимни инкор этиш каби туйғулар заминида ташкил топган.
Навоийнинг донишманд, адолатли вазир, Султон Махмудни эса адолатсиз, золим шоҳ экани тарихий ҳақикатдир. Ана шу типдаги муайян фактлар ривоятлар асосини ташкил этган. Шунинг учун ҳам тингловчи туркум ривоят воқеаларини ҳақиқат деб тушуниб, ишонч ҳосил қилади.
Мазкур типдаги тарихий шахслар идеал қаҳрамон сифатида талқин этилган. Ҳикоя тарихий шахс, муайян воқеа, ҳодисаларни у яшаган давр шароитида акс эттирган. Бу эса ривоятни ҳақиқат деб баҳолашга имкон яратган.
Демак, тарихий ривоятлар муайян жанглар, эсда қоларли шахслар атрофида юзага келган. Ҳикоя қилинган тарихий ҳақиқат анъанавий мотивлар, ҳаётий уйдирма қобиғида, сифатлаш ва бўрттириш воситасида тавсифланган. Тарихий ривоятлар ҳаётийлиги, ҳикоя қилинган воқеаларнинг конкрет замон, маконда ифодаланиши билан ажралиб туради. Тарихий шахслар эса бевоста ўзи яшаган ижтимоий муҳит, реал тарихий шароитда тасвирланган.
1. Хулоса шуки, тарихий ривоятлар анъанавий мотивлар, тарихий шахс, воқеалар билан боғлиқ ҳолда келади. Бири иккинчисини инкор этмайди. Бу хил мотивларни қўллаш шахсга муносабатдан келиб чиққан. У тарихий шахсни улуғлаш, уни идеал даражага кўтариш учун қўлланган. Агар у золим шахс бўлса, анъанавий мотив ёвузлик даражасини аниқ ёритиш учун ишлатилган. Тарихий ривоятларда анъанавий мотивлар воқеликнинг юзага келиши, ривожи шаклий ўзгаришига ҳисса қўшади, қолаверса у ҳаёт, идеал ғояларни чуқур ҳис қилиш имконини беради, айни пайтда улар тарихий ҳақиқатни инкор этмайди, балки уни умумлаштириб, ёрқинроқ ифодалаш учун хизмат қилади. Алишер Навоий донишманд вазирлар умумлашмаси, образли  ифодаси янглиғ намоён бўлган.
2. Тарихий ривоятлар реал ҳодисага муҳим воқеа сифатида муносабатда бўлади, уни конкрет, айни пайтда, баён услубида акс эттиради.
Тарихий ривоятларда воқеа ва ҳодисалар реал вақт, конкрет замон, аниқ маконда юз беради. Эртакларда эса кўпроқ фантастик замон, ноаниқ маконда содир бўлади. Эртак қаҳрамони тарихий шахс эмас, у умумлашма образ сифатида талқин этилса, ривоятда эса у конкрет шахс шаклида тавсифланган.
3. Ривоят билан афсона жанри ўзаро ўхшаш ва фарқли жиҳатларга эга. Биринчидан, ҳар икки жанр воқеликка муносабат нуқтаи назаридан бир-бирига ўхшаш, ўзаро яқин туради. Ҳар икки жанр воқеаларини ижрочи ҳам, тингловчи ҳам тарихий ҳақиқат деб билади ва ишонч ҳосил қилади. Чунки ҳар икки жанр тарихий ҳақиқат асосида  ифодаланган. Бироқ, ҳар икки жанр воқеликни акс эттириш принципига кўра ўзаро фарқланади. Инчунин, бирида тарихий ҳақиқат ҳаётий уйдирмада, иккинчиси эса хаёлий уйдирмалар кўламида тасвирланган.
Мазкур тип ривоятлар тарихда из қолдирган тўқнашув, уруш, жанглар, эрк, эзгулик учун курашиб, одилона фикр билан адолатли ҳукм чиқарган, тўғри талаб, «ҳаққа завол йўқ» қа амал қилиб иш юритган Тўмарис, Широқ, Муқанна, Жалолиддин Мангуберди, Амир Темур каби машҳур саркардалар ҳақида ҳикоя қилади.
Уларда воқеа-ҳодисалар айнан, ўзгаришсиз, қисман бўрттирилган «Тўмарис», «Широқ» ривоятларининг жангнома типини ташкил этган. Ҳар иккисида тарихийлик тўлалигича сақланган. Сабаб шуки, мазкур ривоятлар юзага келган даврдан узоқлашмасдан, шаклий тузилиши ўзгармасдан, вариантлашмасдан олдин ёзиб олинган. «Тўмарис» асосини босқинчи Эрон шоҳи Кайхусравга қарши жанг воқеалари ташкил этади. «Тўмарис», «Широқ», «Зарина ва Одатида» номи билан Ўрта Осиёда шуҳрат топган ривоятлар жанг, мардлик, қаҳрамонликни мадҳ этувчи алоҳида гуруҳ саналади.
«Тўмарис» тарихий ривоят, оғзаки ижод тарзида муайян ҳодисаларни аниқ акс эттирган. Чунки ҳар бир кўҳна ҳикоя чет эл босқинчиларига қарши кураш, қабила эътиқоди, элат, юрт ишқи, эрк ва озодлик ғояларини илк бор тавсифлаб, ҳикоя қилувчи сифатида юзага келган. У тарихий ҳақиқатни айнан акс эттирган. Бу хил ривоят воқеалари содда, аниқ, равон тузилган бўлиб,  жанг ҳақидаги фактик ҳодисаларни ҳаётий, реал тавсифлаши билан ажралиб туради.
«Тўмарис» жанговар аёл ҳақидаги тарихий ривоят. Унда ибтидоий жамоа ҳаракати, турмуш тарзи, тарихий жанг, қабила шароити, урф-одат, жасорати каби реал воқеалар уйдирмасиз баён қилинган. Муқадлдас қабила, элат, юрт манфаати, ҳимоя чоралари Тўмариснинг ҳушёр ҳаракати, мустаҳкам ирода, сезгир, талабчан муносабатида мужассамлашган.
Тўмарис – меҳрибон она, айни пайтда қабила бошлиғи. У матриархал тузум анъаналари, тартиботлари, қадимги амазонкалар ҳаёти, қонун-қоидалари, таъсири заминида шаклланган эркак шода аёлдир. Ривоят асосини унинг воқеликка муносабати, юрт тинчлигини сақлаш нияти, одил ва фаол ҳаракати ташкил этади. Бу белгилар қаҳрамон шуурида, унинг фаол ҳаракати, нутқи, душман билан тўқнашув, руҳий кечинмаларида акс этади. Жанггоҳда у одиллик, адолатни унутмайди, «жангда адоват эмас, адолат енгади»га амал қилади. Унинг мавзу йўналишини юрт ҳимояси, босқинчига қарши кураш ғояси ташкил этади.
Сюжет тузилиши содда, ихчам, ягона планли бўлиб, ҳаётий реал ҳодисаларга асосланган, фантастик элемент, сирли воситалар учрамайди, конфликт ечимида жасурлик ва жанговарлик етакчи, реал жанг эпизодлари бўрттирилган, ҳаётий уйдирмаларда ташкил топган. Воқеа ва ҳодисалар ҳаққоний ифодаланган, хусусан, тўқнашув ва жанговарлик мотивлари, тадбир, чоралар, тинчлик, мустақиллик каби орзу-умидлар кўтаринки руҳда ҳикоя қилинган. Ривоят воқеалари, уруш ва юришлар, мудофаа жанглари аниқ жой, Каспий денгизининг кунчиқар томони, Эрон, Турон, Амударё каби реал маконда юз беради. Ана шу тарихий ҳақиқат воқеаларни реаллаштирган.
«Тўмарис» тарихий шахс, афсонавий қаҳрамон, айни пайтда  умумлашма образ сифатида ҳаракат қилади. Ривоят асосида реал, тарихий жанг воқеаси ётади. Эрон шоҳи Кайхусрав Сирдарё бўйида яшаган уруғ, қавмлар ерини истило қилиш мақсадида Осиё ўлкаларига бир неча бор юриш қилган. Урушларнинг бирида (милоддан аввалги 529 йил) ҳалок бўлган. Ана шу жанг воқеалари, Кайхусравнинг ўлими, Тўмариснинг ғалабаси тарихий ривоятнинг асосини ташкил этган. Унинг воқеалари қайта ишланган ва ғоявий мазмуни кучайтирилган, фольклор руҳида умумлаштирилган, қисман диалоглар киритилган, улар ҳаётий уйдирмалар кўламида акс эттирилган. Жанг эпизодлари, ватанпарварлик ва қаҳрамонлик ғоялари бўрттирилган. Шунга қарамасдан воқеа ва ҳодисалар тингловчи, ҳикоя қилувчи томонидан тарихий факт, ҳақиқат сифатида қабул қилинади, ишонч изҳор этилиб, маъқулланади. Ривоят тарихий ҳақиқатни билдириш, хабар бериш функциясини адо этади. Демак, ривоят воқеалари реал факт сифатида баҳоланган. Ривоят қабила, юрт ҳимояси атрофида юзага келган
Тўмарис афсонавий амазонкалар, қаҳрамон аёлларнинг ажойиб намунаси сифатида ташкил топган. У ақлли, тадбиркор, адолатпарвар аёл, айни пайтда жасур, мард қаҳрамон. Тўмарис учун тинчлик, эл-юрт омонлиги муҳимдир.
Ривоятда мардлик ва жасурлик, энг муҳими, ватанпарварлик ғоялари илгари сурилган, бу ғоялар атрофида ташкил топган воқеалар ривоятнинг эпик қисмини юзага келтирган. Сюжет воқеалари ишончли, факт-ҳодисалар асосида қурилган. Шунинг учун ҳам бу хил ривоятлар тарихий ҳақиқат сифатида истифода этилган. Хуллас, мазкур ривоят жанговар аёл, чет эл босқинчиларига қарши кураш, жанг, ҳарбий юришлар атрофида юзага келган.
«Ойсулув» тарихий достон, унинг воқеалари «Тўмарис»га ўхшаб кетади. Шунга қарамасдан «Ойсулув» «Тўмарис»нинг айнан ўзи эмас. Достон билан ривоят ўртасида маъно яқинлиги, мавзу, ғоя, воқеа ва ҳодисалар бирлиги мавжуд бўлиб, етакчи қаҳрамон, сюжет тузилиши, конфликт, унинг ечими айнанликка эга. Ҳар иккисида аёл қаҳрамонлар фаолият кўрсатади, мардлик, жасурлик мадҳ этилиб, босқинчилик қораланади. Тўмарис билан Ойсулув озодлик, тинчлик, мустақиллик каби орзу-истакларнинг ёрқин тимсоли янглиғ намоён бўладилар. Ойсулувнинг ўғли Кун ботир билан Тўмариснинг ўғли Спорганез мазмунан ўхшаш, бири иккинчиси таъсирида юзага келган. Ойсулув Дорога, Тўмарис Кирга қарши чиқиб, ҳимоя жангини олиб боради. Достонда рақиб мифологик образ, ривоятда тарихан шахс сифатида ҳаракат қилади. Бирида хаёлий, иккинчисида ҳаётий воқеалар айнан тасвирланади. Ҳар иккисида эпик руҳ ҳукмронлик қилади. Достон эстетик таъсир кўрсатиш, ривоят хабар функциясини адо этади. Ойсулув анъанавий образ, Тўмарис реал шахснинг умумлашма образи сифатида намоён бўлган. Ҳар икки қаҳрамон қадимги амазонкалар таъсирида ташкил топган.  Ривоятда тарихийлик аниқ, тўлиқ ифодаланган, достонда у мураккаблашган.
«Широқ» аталган  тарихий ривоят юнон тарихчиси Полиеннинг «Ҳарбий ҳийлалар» асарида келтирилган. Унда «Аҳамонийлардан Доро 1 нинг милоддан аввалги 520-485 йилларда шакларга қарши юриш қилгани, шакларнинг уч ҳукмрони Сирдарё этагида ҳарбий мудофаа маслаҳатига йиғилгани» ҳақида ҳикоя қилади.
Ривоятнинг дастлабки қисм ва асосий конфликтини тарихий воқеалар, хусусан, Доро лашкарининг шаклар элига босиб келиши  ташкил этган. Доро босқини суғдлар, шаклар, массагетларнинг қаттиқ қаршилигига дуч келади. Ана шу реал, тарихий ҳодиса ривоятнинг тарихийлигини белгилайди. Отбоқар Широқнинг жасорати, марду майдон ҳаракатлари конфликт ечимида ҳал қилувчи роль ўйнаган.
Широқ реал тарихий шахс, қабила йўлида жондан кечиб, душман билан жанг қилишга рози бўлган мард йигит. У ўз зеҳни, қобилияти, куч-қудратига ишонади, ҳарбий ҳийла ишлатиб Доро қўшинини чалғитади, тўрт томони сувсиз, дашт-биёбонга олиб чиқиб ҳалокатга дучор этади.  Бир ўзи элатни ҳалокатдан сақлаб қолади. Ана шу тарихий ҳақиқат «Широқ» аталган ривоят асосини ташкил этган.
Эпик воқеалар ҳаётий уйдирмаларга қурилган бўлиб, айтувчи ва тингловчи уни эртак эмас, ҳақикат, деб ишонч билдиради. Широқ халқ қаҳрамони, ривоятдаги намунаси тарихий шахс, айни пайтда, умумлашма образ сифатида фаолият кўрсатади. Қабила ҳаёти, эл-юртни ҳимоя қилиш эпик қаҳрамон жасоратида намоён бўлади. Қабила, элат мудофааси бош ғоя, босқинчиларга қарши кураш мавзуини ташкил этади. Демак, халқ қаҳрамонлари ҳақидаги ҳар икки ривоят мазмунидан маълум бўладики, юртни ҳимоя қилиш учун ҳисобсиз қўшин, зўр куч, қудрат эмас, ақл-идрок, тадбиркорлик, ҳарбий тактикани билиш зарурий восита бўлиб хизмат қилади. Бу нарса Широқ қиёфасида мужассамлашган. Унинг ҳаракати, муносабатида ўз ифодасини топган.
Ривоятлар талқинида ибтидоий дунёқараш, ибтимоий тузум анъаналари, ўзига хос белгилари сақланган. Улар қадимий ҳаёт, урф-одат, дунёқараш, ҳаётий детальларда тавсифланган. Айниқса, муқаддас қуёш культига топиниш мотиви характерли бўлиб, қаҳрамон ўз сўзига ишонтириш учун Қуёшни шафе келтириб онт ичади1. Бу нарса исломгача ҳукм сурган зардуштийга эътиқод намунаси ҳисобланади.
Сюжет уйдирмалардан ҳоли, воқеа ва ҳодисалар реал, тарихий ҳақиқат баён усулида талқин этилган. Улар зулм, зўрлик, босқинчи сиёсатини инкор этиб, тинчлик, мустақил ҳаётни улуғлайди.
«Широқ» ривоятининг ягона версияси Каник2  афсонасидир. Ҳар икки ҳикоя сюжет тузилишига кўра ўзаро ўхшашликка эга. Улар воқеаларни ўзаро акс эттириш мезонига кўра фарқланадилар. Бири ривоят жанрига тааллуқли бўлиб, уйдирмасиз, реал воқеалар, иккинчиси афсона жанрига мансуб бўлиб, хаёлий уйдирмалар асосига қурилган. Ҳар бирининг композицияси бир-бирдан фарқ қилади. Бирида у содда, аниқ, иккинчисида мураккаб қурилган. Тугун ривоятда босқинчилик сиёсатидан, афсонада у шахсий адоватдан келиб чиқади. «Кановж рожасининг Каникка юборган ҳадялари орасида кўркам, мақташга арзигудек кийим бўлган. Каник ундан кийим тикишни хоҳлаб, тикувчига тикишга буюрса, тикувчи «унда одам қадамининг излари бор», - деб тикишга розилик бермайди. Каник билса, Кановж ҳокими уни хўрлаш, пастлатишга қасд қилган экан»[17]. Шундан сўнг конфликт катта жанжалга айланади. Каник ўз аскарлари билан Кановж      ҳокими томон юриш бошлайди. Шунда ҳоким вазирдан маслаҳат сўрайди. Вазир Каникни енгишни ўз бўйнига олади. У қулоқ бурнини қирқтиради. Шу аҳволда Каник томон бориб Кановж ҳокими  зулм қилганини айтади. У йўл бошлаб, Каник аскарларини чўл ичига олиб кириб кетади ва «шунча аскарни бир ўзим енгдим» деб жар солади. Кейин Каник бориб ўз найзасини ўша жойнинг ўртасига санчди. У ердан сув отилиб чиқа бошлади. Буни кўриб вазир «Мен мўъжиза кўрсатишдан ожиз бўлганларга қасд қилган эдим, аммо бу ишга қодир бўлган фаришталарга қасд қилганим йўқ эди»[18] -дебди. Кўринадики, «Каник» афсонасининг сюжет воқеалари «Широқ» ривояти воқеалари асосига қурилган. Сабаби «Широқ» ривояти «Каник» афсонасига қараганда қадимийдир. Доро 1 милоддан аввалги VI-V асрдарда ўтган. Каник эса милоднинг 78-123 йилларида яшаган[19]. Ҳар икки асар ўзига хос жанрий белгиларини сақлаган.
                                                                                                              Suhrob Saidov.

Категория: Мои статьи | Добавил: яргаллык (07.04.2014)
Просмотров: 1103 | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Имя *:
Email *:
Код *:
Категории раздела
Вход на сайт
Поиск
Наш опрос
Оцените мой сайт
Всего ответов: 17
Статистика

Онлайн всего: 13
Гостей: 13
Пользователей: 0