Суббота, 12.07.2025, 11:18
МАРҲАБО! Гость | RSS

Каталог статей

Главная » Статьи » Мои статьи

ТАРИХНИ СОХТАЛАШТИРГАНЛАР

ТАРИХНИ СОХТАЛАШТИРГАНЛАР

2011 йил тарих фанлар доктори, профессор Сайфулла Турсунов ва ўзини “тарихчи олим” дея эълон қилган иқтисодчи Қобил Рашидовлар ҳаммуаллифлигида “Академнашр” нашриётида “Бойсун” номли 560 саҳифадан иборат китоб чоп этилди. Бойсуннинг тарихи ва бугунини ёритган ҳолда келажакка хизмат қилиш лозим бўлган мазкур монография қадимий ва навқирон заминимиз шаънига доғ, унинг бетакрор тарихини сохталаштириш ва бузишга қаратилган, ёлғон-ёшиқ, хатолар билан лиммо-лим Сўзимизнинг исботи сифатида далилларга мурожаат этамиз.
Бойсуннинг қадимий номи Басанд бўлганлиги барчага маълум. Муаллифлар Басандда бойлар яшаган, деъ эътироф этишади. Китобнинг бошқа саҳифасида жанговорлар яшайди деб, яна бир жойида эса тоққа сиғинган одамлар яшфйди, деб ёзилган. Хўш, биз бойсунликлар киммиз-бойми, жанговарми ёки тоққа сиғинувчилар?
Темир дарвоза Бузғалахона деб аталган дея очилган. Китобнинг 23-бетидаги “Бузғалахона” 54-бетда “Бузгалхона” (оҳулар уйи) сифатида қайд қилинган. Қайси бири туғри, муаллифларнинг ўзи билармикан?
75-саҳифада Бойсун беклигининг амлок таркибига 10 та қишлоқ кирганлиги ёзилган ва 9 та қишлоқ кўрсатилган. Бу маълумотни берган рус муаллифи Кармишева Б.Х. жанубий Ўзбекистондаги тожиклар этнографиясини битишда оқсаганми ёки бизнинг тарихчиларимиз ўз ҳудудларидаги бир қишлоқнинг номланишини ёддан кўтардиларми?
Китобнинг 88-89 саҳифаларида Абдулла Қурбон Ражаб Бойсуний ва Абдулла Ражаб Бойсуний ҳақида маълумотлар келтирилган. Энг кулгилиси, уларнинг иккаласи битта одамдир! Қурбон ҳайити кунлари туғилгани учун исмига Қурбон қўшилади. Қандай қилиб битта одам икки йилда (1900 ва 1893 йил 15 сентябр) туғилиши мумкин? Қандай қилиб битта одам икки жойда (Бойсунда ва Ғиждувонда) туғилиши мумкин? Абдулло Ражабнинг устози Кўчкарий деб даъво қилаётган тарихнависларимиз наҳотки бу шахс Кўчкакий эканлигидан бехабар?! (Манба:”Сурхондарё ижодкорлари”).
96-бетдаги домла Каримбек ҳақидаги маълумотлар 3-мактаб ўқутувчиси Очил Йўлдошевнинг “Бойсун” газетасида чоп этилган “Сариосиё сирлари” мақоласидан кўчириб олинган. Аммо тарихчиларимиз муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилувчи қонунни қўпол равишда бузган ҳолда унинг исм-шарифини ҳам, асари номини ҳам қайд қилмаганлар.
Китобнинг 117-бетида “тўқсобо, яъни лашкарбоши” деб битилган. Аслида тўқсобо эмас, тўқсабо. Иккинчидан, тўқсабо лашкарбоши эмас, балки дастурхончи ва шароб қуядиган шахс (Ўзбекистон тарихи, Тошкент, 1996, йил, 52-бет).
121-саҳифада Оллоқул қоровулбеги ҳақида маълумот берилар экан, у 1920-1922 йилларда амир Саид Олимхон билан биргаликда Афғонистонда бўлади, деб ёзилган. Ахир, амир Афғонистонга 1921 йилнинг 4 мартида ўтган эди-ку?! (Бу ҳақда китобнинг 93-бетида ёзилган). Саид Олимхонни бир йил олдин Афғонистонга “олиб бориб қўйиш”дан тарихчиларимизга нима наф?
144-бетда Иккинчи жаҳон урушидан 172 нафар бойсунлик 2 гуруҳ ногирони бўлиб қайтганлиги ёзилади. Манбаси кўрсатилмаган бу маълумот аслида “Бойсун” газетасининг 2007 йил 9 май сонида чоп этилган “Шонли йўл” мақоласидан олинган 2 гуруҳ ногиронлари 173 нафар ўрнига 172 нафар деб нотўғри кўрсатилган.
173-бетда туман газетаси тарихи ҳақида сўз борар экан, шундай жумлага кўзингиз тушади: “Газета таҳририятида… каби абадий ходимлар ишладилар”.
Биз бир гуруҳ саводсизлар тушунмаган “абадий ходим” иборасини балки етук тарихчиларимиз шарҳлаб беришар!…
Китобда “Бойсун касб-ҳунар коллежи” биносининг рангли расми чоп этилган. Лекин нимагадир унинг пештоқига “ЖАРҚЎРҒОН ТОЛА БАЗАСИ” деб ёзиб қўйилган. Наҳотки, бутун бошли бир туманда кўз-кўз қилишга арзимаса ҳам суратини китобда чоп этиш мумкин бўлган бирорта ҳам иншооат бўлмаса?!
“Йигитлар рақси” номи билан рангли сурат чоп этилган. Аслида бу рақснинг номи “Мавриги” бўлиб, бунда орқа қатордаги қизлар ҳам рақсга қўшиладилар. Мана Сизга этнограф-олимларнинг оддий нарсани билмагани!
Китобнинг 226-саҳифасида Саъдулла Собиров ҳақида маълумот келтирилиб, унинг 1910 йилда туғилгани, 1950 йилда вафот этгани, давр талаби билан Хоразм вилоятидан Бойсун районига сафарбар этилгани, ариқ қаздириб, сув чиқаргани ёзилган.
Аслида Саъдулла Собиров 1909 йилда туғилиб, 1949 йилда вафот этган. Иккинчидан, С.Собиров фақат ариқ чиқариш учун Хоразмдан Бойсунга юборилмаган, балки 1932 йилда “Индустралний Чирчиқ” газетасининг муҳаррири бўлиб ишлаб юрган пайтида ЎзКМПКнинг биринчи котиби Акмал Икромовнинг шахсан ташаббуси билан Бойсун районининг райком секретари Ҳамро Шукуровга қўшиб Бойсунда газетани ташкил қилиш учун юборилган ва “Ғалла фронти” газетасига бир неча йил муҳаррирлик қилган. Ҳаммуаллифлардан бири Қобил Рашидов ўзлари 60 йил сув ичиб юрган ариқларини ҳам Саъдулла Собиров чиқартирганидан хабарлари йўқ шекилли…
258-бетда “Қорабўйин, қорамўйин”деб кўрсатма берилган. Аслида “кўчманчи чорвадор қабила турк тилида “бўдун” ёки “қора бўдун” дейилади” (Ўзбекистон тарихи, Тошкент, 1996 йил 22-бет).
262-бетда ёзилади: “чиғатойларни “уруғ-қабилаларга бўлинмайдиган” аҳоли деб таъкидлаш мумкин. Уларнинг авлоди қон-қариндошлиги, бош отадан тарқалиши, қайси ҳуддудан келиб чиқиши билан номланади. Масалан, “авлод”, “тўда” ва ҳудуд номи қўшиб айтилади”.
Бу мутлақо нотўғри фикр. Чунки Ҳисорда Тўда ва Кўшкак қишлоқлари мавжуд, лекин у жойда турклар ва чиғатойлар йўқ, қадимдан ўтроқ тожиклар яшайди.
263-бетда ёзилади: “Бойсун атрофидаги Кўчкак, Авлод, Пасурхи, Қўрғонча, Қорабўйин, Бибиширин, Шайид, Боғболо, Чинор, Кўчки қишлоқларида, асосан, тожик чиғатойлари яшашади.
Бу жойларда ҳақиқатдан ҳам тожиклар истиқомат қилади. Аммо Пасурхи қишлоғидаги ҳалқ саййидзода хўжалар Имом Зайнулобиддин авлодлари ва Балхдан келган пайғамбар авлодари қанақасига “чиғатой”-мўғил бўлиши мумкин?
Китобнинг 264-саҳифасида келтирилган қўшиқда “Баҳори лолазор омад”сатри “Баҳор лолазор омад”, “Бидўз тоқии гулдўзй” шаклида келтирилган ва ҳалқ оғзаки ижодининг бир нодир намунаси оммага бузилган тарзда етқазилган.
268-бетда “Тожиклар воҳанинг Дарбанд, Сайроб, Панжоб қишлоқларида истиқомат қилади”, деб ёзилган. Аслида тожиклар Пасурхи, Бибиширин, Шайит, Авлод, Кўчкак, Дуоба, Қўрғонча, Сариосиё, Чорчинор қишлоқларида ва шаҳар ичида ҳам яшайдилар. Бундай нотўғри маълумотни келтириш жаноби муаллифларга нима учун керак бўлиб қолди?
269-саҳифада ёзилган: “Тоғчиларда ички нигоҳ-эндогамия анъаналари жуда кучли сақланган бўлиб, фақатгина баъзан тожик ва турклар билан қиз олиб беришган”.
Аҳир, бу тоғчи уруғининг шаънига ҳоқорат эмасми? Чунки эндогамия никоҳи ибтидоий жамао тузимига хос бўлиб, унда туғилган фарзанднинг отаси аниқ эмас!

Китобнинг 312-бетида Наврўз подшоҳнинг туғилган куни сифатида тантана қилинган, деб нотўғри маълумот берилган. Абу Райҳон Берунийнинг “Осор-ул-боқия” (“Танланган асарлар”) асарида таъкидланишича, Наврўз тарихининг келиб чиқиши Эрон шоҳи Жамшиднинг тахтга ўтирган куни ҳислбланади.

Тарихчиларимиз 313-бетда 7-асрда яшаб ўтган машҳур санъаткор, назариётчи ва амалиётчи Борбад ҳақида ёзиб, уни Парфиянинг қадимги пойтахти Нисо шаҳрида туғилган ва вояга етган, деб кўрсатма берадилар. Аслида эса Борбад Марв-ҳозирги Туркманистоннинг Мари вилоятида туғилган бўлиб, Борбади Марвазий деб ном олиши бежиз эмас. (Манба: “Рўзғори Борбади ромишгар” китоби, А.Орёнур).

“Бойсун” китобининг 316-саҳифада ёзилган: “ўзига хос ритмик зарблар (Бойсун шаҳрида доира жўрлигида) уларнинг шомонлик билан муштараклигидан дарак беради”.
“Ўзбекистон тарихи”нинг 43-бетида ёзилган: “Қадимда турклар ўз динларини қам дейишган, чунки уларда “шомон” сўзи йўқ эди”.

Китобнинг 339-бетида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Сайёра Қозиеванинг туғилган йили 1958 йил деб кўрсатилган. Наҳотки, бутун республикага маълум бўлган санъаткоримизнинг туғилган йили синчков тарихчилар учун қоронғу?! Машҳур хонандани 4 ёшга “қаритганларини” қандай изоҳлайдилар?
Муаллифлар 349-бетда “Сариосиёда чўлоқ, дарбанди, жўғи, тоқчи-қатоғон, қурама, қассоб уруғлари яшайди”, деб ёзишган. Бироқ “жўғи” уруғ эмас, балки лақабдир. Ҳозир нафақадаги домла Усмон Маматқулов шу қавмга мансубдир. Жонкуяр тарихчиларимиз эринмасдан ўша отахон билан суҳбатлашсалар, бу мавзуга оид ҳикоятни ҳам билиб оладилар.

374-саҳифада “Бибиширин мавзесида яшовчи 60 ёшли Нарзулло Маҳсум” дейилган. Китобнинг 381-бетида эса “70 ёшли бибиширинлик Нарзулло Маҳсум дейилган”. Фол кўринг-чи, қайси бири тўғри. Тополмадингиз! Чунки Нарзулло Маҳсум аслида Работ маҳалласида яшайдилар!

375-бетда шундай ёзилган: “Шайх Сайид Шамсуддин ҳазратларининг соҳибқирон Амир Темур билан учрашишлари у кишининг 13 асрда яшаганликларидан далолат”.
Бу қанақа тарихий чалкашлик? Аҳир, Амир Темур 14 асрнинг иккинчи ярмида вояга етган-ку?!

Китобнинг 377-бетида “Бибиширин мақбарасининг баландлиги 8 метр” деб нотўғри ёзилган.

Тарихчи жанобларимиз 390-бетда ўзбошимчалик билан Амир Темир (эътибор қилинг, Темур эмас!) 1371 йилда Амир Ҳусайн устидан ғалаба қозонди, деб ёзади. Аслида бу жанг бир йил илгари-1370 йилда бўлади ва ғолиб подшоҳ Темир эмас Темурдир. (Манба: “Ўзбекистон тарихи” дарслик, 5-6синф). Хатто соҳибқирон бобомизга ҳам, эҳтиёткорлик билан мурожаат қилмаган тарихчидан яна нима кутуш мумкин?

391-саҳифада “Шайбоннома” асарининг муаллифи деб Абдуллахон кўрсатилган. Биринчидан, “Шайбоннома” асари йўқ, у “Шайбонийнома”дир. Иккинчидан, унинг муаллифи Шайбонихоннинг ёнида ҳамиша бирга юрган ўрта аср ижодкори Муҳаммад Солиҳ ҳисобланади.

Китобнинг 392-бетидаги атиги тўрт мисра шеърда бешта хатога йўл қўйилган: ҳавойи (аслида ҳавои): дарёхаш (дарёаш): басад (аслида басад): Сарғашмаш (аслида Сармашқаш):чашим (аслида чашм).

406-саҳифада“форс-тожик тилида “об” сўзи булоқ ҳамда суюқлик маъноларини англатади”, деб нотўғри ёзилган. Аслида “об” сўзи булоқ эмас, балки сув маъносидадир.

421-бетда Кўчкак қишлоғи ҳақида маълумот келтирилган. Унинг икки бандидаги маълумотлар аслида икки қишлоқ ҳақида. Яъни гап Дарбанддаги Кучкак (Кўчкак эмас!) гузари ҳақида кетади, топоним Полвон Шоимовнинг “Дарбанд қадимий макон” (43-бет) китобидан келтирилган. Маълумотлар эса Бойсун шаҳрининг шимоли-ғарбий томонида жойлашган Кўчкак (Кўшкак) қишлоғи ҳақида. Муҳтарам тарихчиларимиз туманимиздаги икки ҳудудни бир-бирига аралаштириб юборганлар ва шундай муҳтарам олимларнинг оддий нарсанинг фарқига бормагани жуда ачинарли ҳол.

422-саҳифада Кўчкак қишлоғи ҳақидаги бутун бир бўлим Боҳодур Баротовнинг “Кўчкак тарихи ҳақида очерк” (муаллиф ҳуқуқи ҳимояланган) китобидан сўзма-сўз кўчирилган. Аммо фойдаланилган адабиётлар рўйхатида мазкур китоб кўрсатилмаган. Бу бировнинг мулкини очиқ-ошкор ўзлаштириш эмасми?

Китобнинг 423-бетида форс-тожик луғатшуноси Ҳофизи Ўбаҳйнинг номи Ҳофиз Убайҳи шаклида хато келтирилган ва унинг “Туҳфат-ул-аҳбоб” асари ҳам “Туҳфат ул-аҳрор” тарзида бузиб, мутлоқо бошқа мазмунга “айлантирилиб” берилган.

424-саҳифада энг қўпол хатолардан бирига йўл қўйилган. Кўчкакликлар урф-одати ҳақида ёзилганда, Наврўз айёми кунлари болалар ота-оналарга, қудалар келин ва куёвга “иден” деган совға берармиш! Ўзбек-турк луғатида ҳам, форс-тожик луғатида ҳам мавжуд бўлмаган сўзни муаллифлар ўзларича “кашф” қилишган ва китобга киритишган.

425-бетда олов атрофида ўқиладиган “Бобохоркан” қиссаси “Бобоҳаркон” шаклида келтирилиб, маъносиз сўз “яратилган”.

446-бетдаги Кўчкак чинори ҳақидаги маълумотлар Боҳодур Баротовнинг китобидан кўчириб олинган ва манба кўрсатилмаган.

482-бетдаги биринчи жадвалда “Бойсун туманида 1989 йил аҳолининг миллий таркиби”келтирилган. Унда туман аҳолиси сони жами 93251 нафар деб қайд қилинган. 484-бетдаги иккинчи жадвалда эса Бойсун туманида доимий яшовчи аҳоли сони 2009йил 1 январ ҳолати бўйича яна 93251 нафар деб ёзилган. Наҳотки, 20 йил давомида туман аҳолиси биттагинага ҳам ортмади?! Яна Истиқлол берган омон-омон замонларда-я? Аҳир, китобнинг илк саҳифасида аҳоли сони 96532 киши деб кўрсатилган. Икки йилда 3319 нафарга кўпайибди-ку?! Янада ажабнарлиси, 484-бетдаги иккинчи жадвалда шаҳарда яшовчи аҳоли сони 26036, қишлоқда истиқомат қилувчилар 64671 нафар деб кўрсатилади. Жами эса ўша-93251 киши! Шаҳарлик ва қишлоқларни мактаб ўқувчиси қўшса ҳам 90707 нафар бўлади. Хўш, 2544 киши қаерга йўқолди?

519-бетда Ўзбекистон ҳалқ шоири Усмон Азимнинг “Кўз” номли шеърий тўплами чоп этилгани ҳақида ёзилган. Аммо бундай китоби борлигини юртдош шоиримизнинг ўзлари ҳам билмасалар керак.

520-саҳифада эса шоиримизнинг “Кундуссиз кечалар” пьесаси ҳақида гап боради. Агар тарихнависларимиз “Кундузсиз кечалар”ни назарда тутаётган бўлсалар, уларга тил ва адабиёт фанидан воқиф бўлиш ҳам фойдадан ҳоли эмаслигини эслатиб қўйсак…

Худди шу саҳифада ҳамюрт адибимиз Эркин Аъзам ҳақида сўз бораркан, унинг “ижтимоий ва адабий (!) фаолияти” тилга олинган. Наҳотки ёзувчимиз ўз фаолиятларини якунлаган бўлса?! Устига устак, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, моҳир ёзувчи Эркин Аъзамнинг асарларини бузган ҳолда – “Отойнинг туғилган йили”, “Чатриморэ” шаклида тарихга киритиш адибга ва унинг мухлисларига нисбатан ҳурматсизлик эмасми?

Бу каби асар номларини бузиш бошқа саҳифаларда ҳам мавжуд. Масалан, 522- бетда адиб Саттор Турсиннинг асари “Мегуянд ки модарам…” (аслида “Мегўянд, ки модарам), 525-бетда Нарзулла Орифийнинг тўплами “Аз ягаам наранжед” (аслида “Аз ягаам наранжед” (аслида “Аз янгаам наранжед”), 530-бетда Изатилло Кенжаевнинг шеърий тўплами “Садои куҳ” (аслида “Садои кўҳ”), шеъри “Бир дона ҳол” (аслида “Бир дона хол”), 531-бетда Феруза Султонқулованинг шеърий тўплами “Кўз видоси” (аслида “Куз видоси”) шаклида келтирилган.

Китобнинг 523-бетида ёзилишича, Луфтий исимли шоир бор эмиш ва Юсуф Вализода Дарбандий ҳеч ким эшитмаган ўша шоирнинг шеърларини тожик тилига ўгирганмиш!

526-саҳифада Серка Катае (эҳтимол Каттаевдир) ҳақида маълумот бериларкан, “вилоят эндокринология диспансерида 20 йил бош ҳакам лавозимида ишлади”, дейилади. Ажабо, шунақа муассасаларда ҳам ҳакамлар фаолият кўрсатар экан-да!

527-бетда мачайлик марҳум шоир Абдумурод Раҳмонов ҳақида маълумот келтирилиб, “унинг “Гўзалликнинг туғилиши”, “Олтин беланчак”, “Шеърият-86”, “Ёшлар овози”, “Девобча (!) шеърий тўпламлари чоп этилган”, деб ёзилган. Биринчидан, юқорида саналганларнинг бирортаси Абдумурод Раҳмоновнинг китоблари эмас, балки республика ижодкорларининг асарларини жамлаган баёз ва алманахлардир. Иккинчидан, “Ҳаяжон” номли илк шеърий тўплами муҳтарам тарихчиларимиз ёзганидек 1983 йилда нашр этилмаган! 1996 йили ҳаётдан кўз юмган шоирга ўзининг илк тўпламини кўриш насиб этмади.

528-саҳифада шоир Кушон Абдулла (балки Қўшон Абдулладир) Музработ туманидаги Тўда қишлоғида туғилган, деб ёзилади. Мана Сизга тарихчи олимларнинг ўз юртини қанча билиши! Тўда қишлоғи Бойсун туманида, Қўшон Абдулла эса, бойсунлик шоир-ку?! Уни музработликка “айлантириб” муаллифлар нима фойда кўрмоқчи?

Китобнинг 531-бетида шоир Эркин Муқимов ҳақида маълумот берилиб: “Самарқанд давлат унверситетини битирди” деб ёзилади. Аслида Э.Муқимов Тожикистон давлат унверситетининг филология факултетини тугатган. Унинг “ Аз Самарқанди чу қанд” номли китоби ва “Йигирманчи асрдан ҳозиргача” асарлари нашр этилган, деб ёзилган.

Аслида юқорида номлари келтирилган китоблар Эрон давлатида нашр этилган бўлиб, ўнлаб, юзлаб ўзбекистонлик форсийзабон шоирлар ижод намуналарини жамлаган алманахдир. Эркин Муқимнинг ўз қаламига мансуб шеърий тўплами 2003 йил нашр этилган бўлиб, “Ошўби харобот” деб номланган. Нимагадир изланувчан тарихчиларимиз буни ёзмаганлар.

435-саҳифада шундай ёзилган: “Тарихчи олим Қ.Рашидов 2008 йилда “Бойсунлик олимлар” китобини нашр эттирди”.

Ие, қанақа тарихчи, қанақа олим? Қайси мавзудаги илмий иши учун бу унвон берилган? Аҳир, у киши бор-йўғи Тошкент ҳалқ хўжалиги институнинг режалаштириш ва меҳнат иқтисодиёти факултетини тугатганлар-ку?! Ўз-ўзига унвон бериб, олимликка даъвогарлик шу йўл билан амалга ошириладими?!
Мавриди келганда муаллиф Қобил Рашидовнинг “Бойсунлик олимлар” китоби, ундаги хатолар хусусида ҳам тўхталиб ўтсак.

Китобнинг 19-бетида Бойбулоқ ғори Работ қишлоғида деб кўрсатилади. Аслида бу ғор Алачопон ва Деҳиболо қишлоқлари оралиғида жойлашган бўлиб, вертикал узунлиги 1300 метрни ташкил қилади. Бу ғорда инглиз, француз, италян, Россия, Болтиқ бўйи ва хатто Бразилиядан вакиллар келиб тадқиқот олиб борган ва ғор харитасини тузушган. Ҳатто инглизлар Бойбулоқ ҳақида қўшиқ ҳам тўқишган.

257-саҳифада 100 ёшли оқсоқол Рамазон Нуров ҳозир ҳаёт деб ёзилган.

Ёлғон ҳам эви билан-да! Қобил Рашидов билан бир девор қўшни бўлган, қариндоши Рамазон Нуров 2006 йил 98 ёшида вафот этган! Муаллиф уни нима мақсадда “тирилтирган”-бизга қоронғу.
Энг даҳшатлиси, кечириб бўлмайдиган хато билан танишинг. 250-255 саҳифаларда Сурхондарё вилоят педогогларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институтининг проректори Баҳром Умаровнинг Абдулло Ражаб Бойсуний ҳақидаги мақоласи келтирилган. Бу мақола “Бойсун овози” газетасининг 2003 йилги сонларидан (25-30) кўчириб босилган. Аммо кўчириш жараёнида китобнавис Қобил Рашидов эҳтимол ўзи ҳам англамаган ҳолда рисолага “ижодкорона” ёндошганча шундай жумлани келтиради:
“Истиқлолчилик ҳаракатида фаол иштирок этган Абдулло Ражабнинг ҳуррият йўлида фидойилиги тазийқ ва маломатларга учрагач, у Анвар пошшонинг Денов вилоятининг Шеробод, Бойсун, Ғузор ва Қарши ҳудудларини қўлга киритган” (“Бойсун олимлари”, 253-бет).

Наҳотки Анвар пошшо юртимизга қарашли бўлган шунча ҳудудни босиб олиб, ҳукумронлик ўрнатган бўлса?! Абдулло Ражаб эса ундан қайта қўлга киритган эмиш! Худо кўрсатмасин, бу китоб бирор бир мухолифатнинг, айниқса, турк миллатига мансуб одамнинг қўлига тушиб қолса, ҳалқаро низога айланиб кетмайдими?! Улар бизнинг гениралимиз қўлга киритган ҳудудларни қайтариб беринглар деб даъво қилса-чи?!

Аслида бу жумла газетага мана бундай шаклда чоп этилган:

“Истиқлолчилик ҳаракатида фаол иштирок этган Абдулло Ражабнинг ҳуррият йўлидаги фидойилиги тазйиқ ва маломатларга учрагач, у Анвар пошшонинг миллий озодлик ҳаракатига фаол иштирок этди. Айниқса у Анвар пошшонинг Денов вилоятининг юқори қисми ҳисобланган Шеробод, Бойсун, Ғузор ва Қарши ҳудудларида қўлга киритган ютуқларида ўз ҳиссасини қўшди ҳамда унинг ҳайрихоҳлик туйғуларини уйғотди”.
Бундай ҳақоратларга бардош беришга ўз миллатини, Ватанини қадирлайдиган бирор шаҳснинг тоқати борми?

Яна бир гап. Муаллиф Қобил Рашидовнинг “Ҳазрати Султон Вали” номли китоби ҳам чоп этилган (ҳаммуаллифликда). Бироқ илк саҳифада “Тошкент2009” ёзуви туширилган-у, на наширёт рухсатномаси, на давлат рўйхатидаги қайдномаси бор. Бу очиқдан очиқ қароқчилик йўли билан китоб нашр эттириш, уни пуллаш ва даромад кўриш учун қилинган уринишларидир. Зеро, бу монография ҳам тарихий мавзуга бағишланган бўлиб, ғиж-ғиж хатолар билан тўлиб-тошган.
Ҳали биз юқоридаги китобларнинг имловий хатолари устида тўхталиб ўтирмадик. Чунки бу учун биз ҳам бир китоб ёзишимизга тўғри келади. Ҳаттоки Президентимизнинг табрикларини чоп этишда ҳам шундай хатога йўл қўйган, Деҳиболо қишлоғини қўпол тарзда “Деҳибало” деб ёзган тарихнавислардан яна нима кутуш мумкин?

Ҳуллас, “Бойсун” китоби жамиятимиз, миллатимиз, Ватанимиз равнақи учун ҳизмат қилиш ўрнига уни ерга уруш, ҳақоратлаш, ўтмишни соҳталаштириш, ўзгартиришга, пароканда қилишга қаратилгандир. Уни авлодларимиз қўлга тушмасдан хатоларини тузатган ҳолда қайта нашр эттириш, айни кундаги нусҳаларини эса битта ҳам қолдирмасдан йўқ қилиш лозим. Чунки тарихни бузишга, соҳталаштиришга, ўзгартиришга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ!

ЗАР СОБИРОВ-тарихчи-географ

БОҲОДУР БАРОТОВ-филолог

ЭРКИН МУҚИМОВ- филолог

КАРОМАТУЛЛОҲ КАРИМОВ-тарихчи-педагог

ШОДИЁР ХУРСАНДОВ-Бойсун туман кенгаши депутати

ЖЎРАБЕК РАМАЗОНОВ-муҳбир

ФАХРИДДИН ТИЛЛАЕВ- китобхон

Категория: Мои статьи | Добавил: яргаллык (07.04.2014)
Просмотров: 1552 | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Имя *:
Email *:
Код *:
Категории раздела
Вход на сайт
Поиск
Наш опрос
Оцените мой сайт
Всего ответов: 17
Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0